Яҳованинг Шоҳидлари таълим олишга қандай қарайди?
Таълим олишга бўлган нуқтаи назаримиз Муқаддас Китобдаги принципларга асосланган. Яҳованинг ҳар бир Шоҳиди Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонига қараб, қуйидаги соҳаларда илоҳий принциплардан қай йўсин фойдаланишни ўзи ҳал қилади a.
Таълим олиш муҳимдир
Таълим Муқаддас Китобда юқори баҳоланган «донолигу тафаккур»ни ривожлантиришга ёрдам беради. (Ҳикматлар 2:10, 11; 3:21, 22) Қолаверса, Исо издошларига у амр этган нарсаларни бошқаларга ўргатишни айтган. (Матто 28:19, 20) Шу боис, ташкилотимиз аъзоларини яхши таълим олишга, жумладан, ўқиш, ёзиш ва суҳбатлашиш b кўникмаларини ривожлантиришга, бошқа дин ҳамда маданиятлар ҳақида билим орттиришга ундаймиз. (1 Коринфликларга 9:20–22; 1 Тимўтийга 4:13)
Ҳукумат ҳам таълим олиш муҳим эканини тан олади ва шу сабабли кўпинча бошланғич ва ўрта таълим ёшлар учун мажбурий ҳисобланади. Шу боис, «ҳар бир инсон ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин» деган сўзларга мувофиқ равишда мазкур қонунга амал қиламиз. (Римликларга 13:1) Шунингдек, фарзандларимизни дарсларга енгил-елпи қарамасликка, аксинча, мактабга боришга ва қўлларидан келганча яхши ўқишга интилишга ундаймиз c. Худонинг Каломида қуйидагича ёзилган: «Нимаики қилсангизлар, уни одамлар учун эмас, балки Яҳова учун қилгандек, бажонидил адо этинглар». (Колосаликларга 3:23)
Таълим олиш оиламизни таъминлашга ёрдам беради. Муқаддас Китобга кўра, «агар ким ўз яқинларига, айниқса уйдагиларига ғамхўрлик қилмаса, у имонини инкор этган бўлиб, имонсиздан ҳам баттардир». (1 Тимўтийга 5:8) Олган таълимимиз оиламизга ғамхўрлик қилиш каби муқаддас бурчимизни бажаришга кўмаклашади. Бир китобда таъкидланишича, таълим олишнинг асосий мақсади «инсонларни жамиятда, жумладан,.. иқстисодиётда фойдали фуқаро этиб вояга етказиш учун лаёқатли қилишдан иборатдир». («The World Book Encyclopedia») Ҳунарли ва яхши ўқиган киши учун оиласини таъминлашда асқатадиган ишни топиш осонроқ. (Ҳикматлар 22:29)
Бундан ташқари, ота-оналар фарзандларига катта ҳаётга тайёрланишга ёрдам беради ва бунда мактабдаги таълимнинг ўрни беқиёс. (2 Коринфликларга 12:14) Ҳатто мактабда ўқиш пулли ё қийин бўлса ва маданиятга тўғри келмаса ҳам, ота-оналарни фарзандларига бундай таълим беришга ундаймиз d. Шунингдек, ота-оналар фарзандларининг таълим олишига қандай ҳисса қўша олиши борасида амалий маслаҳатларни тақдим этамиз e.
Таълим олишга тўғри нуқтаи назар билан ёндашиш керак
Таълим олиш имкониятларига жиддий ёндашамиз. Муқаддас Китобда: «Содда ҳар бир сўзга ишонади, заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади»,— деган сўзлар бор. (Ҳикматлар 14:15) Қўшимча (олий) таълим олиш учун мавжуд имкониятларни ҳамда уларнинг ҳар бири қанча маблағ талаб қилишини ва қанчалик муҳим эканини тарозига солаётиб, мазкур принципни қўллаймиз.
Масалан, бирон касб-ҳунарга ўргатувчи курсда ўқиш кўпинча вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам беради.
Маънавий таълим дунёвий таълимдан қимматлироқдир. Дунёвий таълимдан фарқли ўлароқ, Муқаддас Китобга асосланган таълим Тангри ҳақидаги ҳаётбахш билимни тақдим этади. (Юҳанно 17:3) Шунингдек, у инсонларга ахлоқий қадриятларни, жумладан, «адолат ва ҳаққоният нималигини... Яхшилик йўлларини» ўргатади. (Ҳикматлар 2:9) Ҳаворий Павлус олган таълимни бугунги кундаги олий таълим билан солиштирса бўлади, аммо у Исо Масиҳ ҳақидаги билимни «қимматбаҳо» деб билган. (Филиппиликларга 3:8; Ҳаворийлар 22:3) Шу сингари, бугунги кунда илғор олий таълимга эга бўлган Яҳованинг кўплаб Шоҳидлари бор бўлса ҳам, улар маънавий таълимни анча қимматлироқ деб билишади f.
Олий маълумот ахлоқий ва маънавий хавф туғдириши мумкин
Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади». (Ҳикматлар 22:3) Яҳованинг Шоҳидлари баъзи университет ёки шунга ўхшаш олий ўқув даргоҳларидаги муҳит ахлоқий ва маънавий тарафдан хавф туғдириши мумкин, деб ҳисоблайди. Шу сабабли, улар ўзларини ёки фарзандларини бу каби муҳитдан ҳимоя қилишни истайди. Улар кўпинча бундай олий ўқув юртларида қуйида келтирилган нотўғри фикрлар олға сурилади, деб ўйлайди.
Нотўғри фикр. Пул бахт ва хавфсизликка элтади.
Кўпинча катта маошли ишда ишлашнинг энг аъло йўли олий ўқув юртида ўқишдир, деган ғоя олға сурилади. Бу туфайли асосан пул ишлаш мақсадида олий ўқув юртларида ўқийдиганлар сони ошиб бормоқда. Айримларнинг ўйлашича, пул уларни бахт ва хавфсизликка элтади, лекин Муқаддас Китобга кўра, бу беҳудадир. (Воиз 5:10) Бундан ҳам муҳимроғи, Муқаддас Китобда айтилишича, «ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир» ва у кўпинча имондан қайтишга олиб келади. (1 Тимўтийга 6:10) Яҳованинг Шоҳидлари «алдамчи бойлик»нинг тузоғига илинмаслик учун қўлидан келганча ҳаракат қилади. (Матто 13:22)
Нотўғри фикр. Олий маълумот обрў-эътибор келтиради.
Мисол учун, Грузиянинг собиқ бош вазири Ника Гилаури ўз юртида кенг тарқалган нуқтаи назар борасида шундай деб ёзган: «Грузияда олий маълумотли бўлиш жамиятда обрў-эътибор қозониш учун муҳимдир... [Ўтмишда] олий маълумотли бўлмаган ёшлар оиласини иснодга қўярди» g. Бундан фарқли равишда, Муқаддас Китоб бу дунёда обрў-эътиборга эришишдан огоҳлантиради. Шон-шуҳрат излайдиган дин раҳбарлари борасида Исо шундай деган: «Бир-бирингиздан таҳсин оласиз-у, Худодан таҳсин олишга интилмас экансиз, унда қандай ишонишингиз мумкин?» (Юҳанно 5:44) Университетдаги муҳит Аллоҳ нафратланадиган хислатни — мағрурликни уйғотиши ҳеч гап эмас. (Ҳикматлар 6:16, 17; 1 Бутрус 5:5)
Нотўғри фикр. Нима тўғрию нима нотўғри экани борасида ҳар бир инсон ўз меъёрларини ўрнатишга ҳақли.
Яҳованинг Шоҳидлари нима тўғрию нима нотўғри экани борасида Худонинг меъёрларига амал қилади. (Ишаё 5:20) Бир журналда келтирилган мақолага кўра, университетдаги тенгдошларнинг босими туфайли кўпгина талабалар «нима тўғри ва нима нотўғри экани борасида олдиндан риоя қилиб келган меъёрларига зид равишда йўл тутади» h. («Journal of Alcohol and Drug Education») Мазкур фикр Муқаддас Китобдаги қуйидаги принципга уйғундир: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади». (1 Коринфликларга 15:33) Университетда Худо ман этадиган ишлар, жумладан, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ҳамда никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлиш кўпинча кенг тарқалган ва ҳатто бундай қилишга ундашади. (1 Коринфликларга 6:9, 10; 2 Коринфликларга 7:1)
Нотўғри фикр. Дунёни яхшилашнинг энг аъло йўли — олий маълумотли бўлиш.
Кўплар бойлик, обрў ёки ноўрин ҳузур-ҳаловатга интилгани учун эмас, балки ўзини ва дунёни яхшилаш учун олий маълумотли бўлишга интилишини тушунамиз. Тўғри, буларнинг барчаси олийжаноб мақсадлар, бироқ Яҳованинг Шоҳидлари бошқа йўлни танлаган. Исо каби биз ҳам Худонинг Шоҳлиги дунёни яхшилайдиган ягона умид, деб ҳисоблаймиз. (Матто 6:9, 10) Аммо бу Шоҳлик дунёнинг муаммоларини ҳал қилади, деб шунчаки қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Аксинча, Исо сингари, биз ҳам «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар»ни бутун ер юзи бўйлаб тарқатамиз ва ҳар йили юз минглаб инсонларга ҳаётини яхши тарафга ўзгартиришга кўмаклашамиз i. (Матто 24:14)
a Ота-онасининг уйини ҳали тарк этмаган ёшлар таълим олиш масаласида, агар бу Худонинг қонунларига зид бўлмаса, ота-онаси истагандай йўл тутиши мумкин. (Колосаликларга 3:20)
b Шу мақсадда, ташкилотимизда 11 миллиондан ошиқ нусхадаги саводхонликка оид қўлланмалар чоп этилган. Кўп тилларда мавжуд бўлган «Ўқиш ва ёзиш билан шуғулланинг» номли рисола шулар жумласидандир. Бундан ташқари, дунё бўйлаб 120 та тилда саводхонлик дарсларини бепул ўтказамиз. 2003–2017 йиллар оралиғида қарийб 70 000 кишига ўқиш ва ёзишни ўргатдик.
c «Стоит ли мне бросить школу?» номли мақолага қаранг.
d Масалан, ота-оналарни ўғилу қизларини мактабга беришга ундаймиз. «Қўриқчи минораси» 2003 йил 15 март сонидаги (рус) «Фарзандимни мактабга беришим керакми?» номли мақолага қаранг.
e «Как помочь ребенку подтянуть учебу» номли мақолага қаранг.
f jw.org сайтидаги «Взгляд на происхождение жизни» туркумига қаранг.
g («Practical Economics: Economic Transformation and Government Reform in Georgia 2004—2012», 170- саҳифа)
h 2- жилд, № 1, 2017 йил апрель, 72- саҳифа.
i Худонинг Каломи ва Шоҳлик ҳақидаги хабар қандай кучга эгалиги борасидаги ҳаётий мисоллар ҳақида билиб олиш учун jw.org сайтидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» номли туркумга қаранг.