Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари хизматини адо этиш учун қандай таълим олади?

Яҳованинг Шоҳидлари хизматини адо этиш учун қандай таълим олади?

 Яҳованинг Шоҳидлари ҳаётининг ҳар бир соҳаси, жумладан, ваъзгўйлик хизмати билан боғлиқ таълимни доимий равишда олади. Бу хизмат Исо издошларига амр этган ишни— Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш ва таълим беришни ўз ичига олади. (Матто 24:14; 28:19, 20) Биз бундай таълимни ҳар ҳафта ўтадиган йиғилишларимизда ва ҳар йили ўтадиган туман анжуманларию ҳудудий анжуманларда оламиз. Жамоатда ёки ташкилотда масъулиятга эга Яҳованинг Шоҳидлари махсус Муқаддас Китоб мактабларида қўшимча таълим олади.

Бу мақолада:

 Яҳованинг Шоҳидлари қанақа таълим олади?

 Жамоат йиғилишлари. Ҳар ҳафта «Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш зали» деб номланган топиниш жойларимизда ўтадиган иккита учрашувга қатнаймиз. Бири одатда ҳафта ўртасида, иккинчиси эса дам олиш кунлари бўлиб ўтади. Истаган киши келиши мумкин ва пул йиғиб олинмайди.

  •   Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашув. Бу учрашувда қироат қилиш, суҳбатлашиш, омма олдида гапириш, ваъз қилиш ва таълим бериш маҳоратимизни қай йўсин яхшилашимиз мумкинлигини ўрганамиз. У ерда нутқлар, муҳокамалар, намойишлар ва видеолар орқали таълим берилади. Муқаддас Китобдаги хабарни бошқалар билан бўлишаётганимизда ва қизиқувчилар билан Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказаётганимизда, бундай таълим янада самаралироқ бўлишимизга кўмаклашади. Учрашувларга келадиган барча бериладиган таълимдан фойда олади. Асосийси, учрашувларимиз Худога бўлган имонимизни мустаҳкамлайди ҳамда Унга ва имондошларимизга нисбатан севгимизни кучайтиради.

  •   Дам олиш кунлари ўтадиган учрашув. Ушбу учрашув икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Муқаддас Китобга асосланган нутқ бўлади. У асосан Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган кишилар учун мўлжалланган. Иккинчи қисмда «Қўриқчи минораси»нинг a тадқиқ сонидаги мақола савол-жавоб тариқасида муҳокама қилинади. Бу мақолаларда хизматимиз ва кундалик ҳаётимизда асқатадиган Муқаддас Китоб мавзулари ҳамда принциплари муҳокама қилинади ва тушунтирилади.

 Туман анжуманлари ва ҳудудий анжуманлар. Ҳар йили бизда учта катта йиғин ўтказилади. Уларнинг ҳар бирига кўплаб жамоатлар келади. Бу қувончли йиғинлар Муқаддас Китобдаги муайян мавзуга асосланади ва нутқлар, намойишлар, интервьюлар ҳамда видеоларни ўз ичига олади. Жамоат учрашувлари билан бирга туман анжуманлари ва ҳудудий анжуманлар Муқаддас Китоб борасидаги билимимизни оширишга ва хушхабар ваъзгўйлари сифатида кўпроқ самара келтиришимизга кўмаклашади. Жамоат учрашувларида бўлганидек, анжуманларга ҳам истаган киши келиши мумкин ва пул йиғиб олинмайди.

  Яҳованинг Шоҳидлари учун Муқаддас Китоб мактаблари

 Кўпроқ таълим олиши учун баъзи Яҳованинг Шоҳидлари турли хил Муқаддас Китоб мактабларига таклиф қилинади. Бу қандай мактаблар? Уларнинг мақсади нимадан иборат ва ўқиш қанча вақт давом этади? Ўқишга кимлар таклиф қилинади?

Доимий кашшофлар мактаби

  •   Мақсади. Кашшофлар деб аталувчи тўла вақтли хизматчиларга ваъз қилиш ва таълим бериш ишида янада самарали бўлишга кўмаклашишдир. Дарслар муҳокамалар, намойишлар, нутқлар ва амалий машғулотларни ўз ичига олади.

  •   Давомийлиги. Олти кун.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Бир йил давомида кашшофлик b қилганлар таклиф қилинади. Анча вақтдан бери хизмат қилаётган кашшофлар сўнгги беш йил ичида бу мактабда ўқимаган бўлса, таклиф қилиниши мумкин.


Шоҳлик хабарчилари мактаби

  •   Мақсади. Тажрибали тўла вақтли хизматчиларга махсус таълим беришдир. Талабалар ваъз қилиш ва таълим бериш маҳоратини янада оширади ва Муқаддас Китоб таълимотларини янада чуқурроқ ўрганади. Кўплаб битирувчилар ваъзгўйларга эҳтиёж катта ҳудудларга тайинланади.

  •   Давомийлиги. Икки ой.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Кашшофлар муайян талабларга мос келса ҳамда вазияти эҳтиёж бор ҳудудда хизмат қилишга йўл қўйса, ариза тўлдириши мумкин.


Жамоат оқсоқоллари учун мактаб

  •   Мақсади. Оқсоқолларга c таълим бериш, чўпонлик қилиш каби жамоатдаги вазифаларини бажаришга ҳамда Худога ва имондошларига бўлган севгини янада мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. (1 Бутрус 5:2, 3)

  •   Давомийлиги. Беш кун.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Яқинда тайинланган оқсоқоллар ва сўнгги беш йил ичида бу мактабда ўқимаган тажрибали оқсоқоллар таклиф қилиниши мумкин.


Туман нозирлари ва уларнинг хотинлари учун мактаб

  •   Мақсади. Туман нозирлари d деб аталувчи кўчма нозирларга вазифаларини янада самарали бажаришга кўмаклашишдир. (1 Тимўтийга 5:17) Шунингдек, бу таълим оқсоқоллар ва уларнинг хотинларига Муқаддас Ёзувларни янада чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради.

  •   Давомийлиги. Бир ой.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Тайинланганига бир йил бўлган туман нозирлари ва уларнинг хотинлари таклиф қилинади. Кейинчалик улар тахминан ҳар беш йилда яна ўқишлари мумкин.


Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим

  •   Мақсади. Оқсоқолларга ва жамоат хизматкорларига e дунёда юз бераётган вазиятдан ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда жамоатдаги вазифаларини бажаришга кўмаклашишдир. (2 Тимўтийга 3:1) Мактаб ҳар бир неча йилда ўтказилади.

  •   Давомийлиги. Ҳар хил, асосан бир кун.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Туман нозирлари, оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари.


Байтилчилар учун мактаб

  •   Мақсади. Байтилчиларга f вазифаларини муваффақият ила бажаришга ҳамда Худога ва бир-бирига бўлган севгини янада мустаҳкамлашга кўмаклашишдир.

  •   Давомийлиги. Беш ярим кун.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Янги байтилчилар таклиф қилинади. Сўнгги беш йил ичида бу мактабда ўқимаган кўп йиллик байтилчилар ҳам ўқиши мумкин.


Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактаби

  •   Мақсади. Талабаларга Худонинг Каломида ёзилганларни янада қадрлашга ва ўрганганларини амалда қўллашга кўмаклашишдир. (1 Салоникаликларга 2:13) Гилад мактабида ўқийдиган маънан етук масиҳий эркагу аёллар Яҳованинг ташкилотида ҳамда Муқаддас Китоб умумжаҳон маърифат ишида кўпроқ фойда келтиради. Мактабни битирганлар ўз юртидаги ё бошқа мамлакатдаги далада ёки филиалда хизмат қилишга тайинланади.

  •   Давомийлиги. Беш ой.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Филиаллар танланган тўла вақтли хизматчиларга ариза тўлдиришни таклиф қилади. Бу мактаб Қўриқчи Минораси Жамиятининг Паттерсонда жойлашган ўқув-таълим марказида (АҚШ, Нью-Йорк) бўлиб ўтади.


Филиал қўмита аъзолари ва уларнинг хотинлари учун мактаб

  •   Мақсади. Филиал қўмита g аъзоларига филиалда олиб борилаётган маънавий ишларни ва унинг қарамоғида бўлган мамлакат ёки мамлакатлардаги Яҳова Шоҳидларининг фаолиятини назорат қилишга кўмаклашишдир.

  •   Давомийлиги. Икки ой.

  •   Ўқишга таклиф қилинадиганлар. Яҳова Шоҳидларининг халқаро бош идораси танланган Филиал қўмита аъзоларини ва уларнинг хотинларини Қўриқчи Минораси Жамиятининг Паттерсонда жойлашган ўқув-таълим марказида (АҚШ, Нью-Йорк) бўлиб ўтадиган мактабга таклиф қилади.

 Яҳованинг Шоҳидларига бериладиган таълим нимага асосланган?

 Муқаддас Китоб Яҳова Шоҳидлари оладиган таълимнинг асосий қўлланмаси ҳисобланади. Муқаддас Китоб Худо томонидан илҳомлантирилганига ва унда масиҳийлар ҳаётининг ҳар бир соҳаси учун энг зўр йўл-йўриқлар борлигига ишонамиз. (2 Тимўтийга 3:16, 17)

 Яҳованинг Шоҳидлари оладиган таълими учун пул тўлайдими?

 Йўқ. Таълим бепул. Яҳова Шоҳидларининг фаолияти хайр-эҳсонлар эвазига қопланади. (2 Коринфликларга 9:7)

a Муқаддас Китоб ва уни тадқиқ қилиш учун мўлжалланган қўлланмалар, жумладан, видеолар jw.org сайтимизда мавжуд.

b Кашшоф сувга чўмган намунали эркак ё аёл бўлиб, бошқалар билан Муқаддас Китобдаги хабарни бўлишиш учун ҳар ой муайян вақтни сарфлайди.

c Оқсоқоллар Муқаддас Ёзувлар асосида таълим берадиган етук биродарлардир. Улар Яҳованинг хизматчиларига ёрдам ва далда бериш орқали уларга чўпонлик қилади. Оқсоқолларнинг хизмати учун ҳақ тўланмайди.

d Туман нозири тўла вақтли хизматчи бўлиб, ҳар ҳафта туманидаги жамоатларга ташриф буюради. У Муқаддас Китобга асосланган нутқлар сўзлайди ва жамоатдаги биродару опа-сингиллар билан хизматда ҳамкорлик қилади. Бу орқали у имондошларига далда беради.

e Жамоат хизматкорлари имондошларининг манфаатини кўзлаб турли ишларни бажаришади. Шу тариқа оқсоқоллар таълим бериш ва чўпонлик қилиш вазифаларига кўпроқ вақт ажрата олади.

f «Байтил» Яҳова Шоҳидларининг филиалларига берилган ном ҳисобланади. У ерда хизмат қиладиган тўла вақтли хизматчилар маҳаллий филиал ҳудудидаги Яҳова Шоҳидларининг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

g Филиал қўмитаси уч ёки ундан зиёд маънан етук биродарлардан иборат.