Асосий материалларга ўтиш

2019 ЙИЛ 4 НОЯБРЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР

Энди Яҳова Шоҳидларининг JW.ORG веб-сайтидаги маълумот 1000 та тилда мавжуд

Энди Яҳова Шоҳидларининг JW.ORG веб-сайтидаги маълумот 1000 та тилда мавжуд

Етакчи кенгаш шуни эълон қилишдан мамнунки, барча халқлардан шогирд тайёрлашда ажойиб ютуққа эришдик. JW.ORG сайтидаги мақолалар, видеолар ва аудиолар 1000 та тилда, жумладан, 100 та имо-ишора тилида мавжуд.

Етакчи кенгаш аъзоси Геррит Лёш биродаримиз шундай деди: «Биз анча йиллардан бери адабиётларимизни таржима қилиб келяпмиз. Буни деярли 150 йил аввал бошлаганмиз. Сўнги 10 йил давомида ҳар қачонгига қараганда кўпроқ маълумотни таржима қиляпмиз». Етакчи кенгашнинг яна бир аъзоси Жеффри Жексон биродаримиз қуйидагича бўлишди: «2013 йили январда таржима қилинаётган тиллар сони 508 тага етиши учун 100 йилдан озгина кўпроқ вақт керак бўлди. Қувонарлиси шундаки, атиги 7 йил ичида бу сон деярли икки баробар ошди, яъни 508 дан 1000 тага кўтарилди».

Веб-сайтимизда 1000 та тилда юклаб олиш мумкин бўлган кўплаб маълумотни топса бўлади. Сайтимизнинг (jw.org) бош ва бошқа саҳифаларининг ўзи эса 821 та тилда мавжуд. Шунинг учун у дунёдаги энг кўп ўгирилган сайт ҳисобланади. Таржима ишининг аксарияти яхши таълим олган ихтиёрий хизматчилар томонидан бажарилади. Улар дунё бўйлаб деярли 350 та масофавий таржима офисида хизмат қилади.

Уорвикдаги (АҚШ, Нью-Йорк) халқаро бош идорада Таржима гуруҳларига ёрдам бериш бўлимининг нозири сифатида хизмат қилаётган Исак Марей шундай деди: «Шунча кўп тилларга ўгириш ва уларни чоп этиш муайян қийинчиликлар туғдириши мумкин. Баъзида унча кенг тарқалмаган тилда чоп этишни истардик. Лекин ўша тилда ҳамма шрифтлар мавжуд эмасди. Шунинг учун йиллар давомида кўпгина шрифтларни яратдик. Бу туфайли адабиётларимизни юзлаб тилларда чоп эта олдик. Бундан ташқари, jw.org сайтимизда адабиётларимиз кўплаб тилларда мавжуд бўлиши учун анча қийинчиликларни енгиб ўтдик. Шуни айтиш керакки, бу 1000 та тилнинг кўпида фақат бизнинг сайтимизда адабиёт мавжуд».

MEPS-дастурлаш бўлимининг нозири Мартин Клайв шундай деб қўшиб қўйди: «Қийинчиликлардан бири бошқача ҳарфлар ёки турли усулда ёзилган мақолаларни кўрсатиш бўлди. Масалан, сайтимизда мавжуд 21 та тил ўнгдан чапга ёзилади. 100 та имо-ишора тили эса қулоғи эшитмайдиган одамлар фойдаланиши осон бўлиши учун ўзгача тарзда яратилган».

Одатда тижорий сайтлар фақатгина фойда келтирадиган тилларда яратилади. Лекин биз — Яҳованинг Шоҳидлари фойда кўриш мақсадида сайтимизни шунча кўп тилга ўгирмаганмиз. Биз Муқаддас Китобдаги хабарни осон ва ёқимли тарзда етказишни хоҳлаймиз.

Яҳова барча халқлардан шогирд тайёрлаш йўлида қилаётган ҳаракатларимизга барака бераётгани учун Унга ҳамду санолар айтамиз. Ишонамизки, Яҳованинг Ўзи «Бўлди» демагунича, дунё бўйлаб самимий инсонларга хушхабарни етказа олишимиз учун У бизга куч ва керакли барча нарсани беришдан тўхтамайди. (Матто 28:19, 20)