ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Сувга чўмишим керакми? 3-қисм. Сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?
Ўзингизни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмиш фикри сизни қўрқитяптими? Ундай бўлса, бу мақола қўрқувларингизни енгишга қўл келади.
Бу мақолада
Сувга чўмганимдан кейин жиддий хато қилиб қўйсам-чи?
Хавотирланишнинг сабаби. Эҳтимол, жиддий гуноҳга қўл урган ва жамоатдан четлатилган кишини биларсиз. (1 Коринфликларга 5:11–13) Бу сиз билан ҳам юз беришидан хавотирланишингиз ҳеч гап эмас.
«Илк бор сувга чўмиш ҳақида ўйлаганимда, аввало “Гуноҳ қилиб қўйсам-чи? Ота-онам роса сиқилар” деган фикр келди». (Ребека)
Очқич оят: «Ёвуз киши ўз йўлидан... қайтсин. Унга раҳм-шафқат кўрсатадиган Яҳовага юз бурсин. Аллоҳимизга қайтсин, зеро уни сидқидилдан кечиради». (Ишаё 55:7)
Ўйлаб кўринг: гарчи тавба қилмайдиган кишилар жамоатдан четлатилса ҳам Яҳова сидқидилдан тавба қиладиганларга ва ўзгаришга интилаётганларга раҳм-шафқат кўрсатади. (Забур 103:13, 14; 2 Коринфликларга 7:11)
Қуйидаги фактни қабул қилинг: номукаммал бўлсангиз ҳам, Худонинг кўмаги билан васвасага қарши туришингиз мумкин. (1 Коринфликларга 10:13) Ахир, қандай йўл тутишингиз борасида охири ким қарор чиқаради? Сизми ёки бошқа инсонми?
«Сувга чўмгач, жиддий хато қилиб қўйишдан қўрқардим. Бироқ кейинчалик сувга чўмишни ортга суриш хато эканини англадим. Эртага нима юз беришидан қўрқиш бугун қарор чиқаришга халақит беришига йўл қўймаслик кераклигини тушундим». (Карин)
Хулоса. Яҳованинг аксарият хизматчилари сингари жиддий гуноҳлардан қочишингиз мумкин. Барчаси ўз қўлингизда. (Филиппиликларга 2:12)
Кўпроқ ёрдам керакми? «Қандай қилиб васвасага берилмаслигим мумкин?» номли мақолага қаранг.
Сувга чўмиш билан боғлиқ масъулиятдан қўрқаётган бўлсам-чи?
Хавотирланишнинг сабаби. Яҳова учун кўпроқ қилиш ниятида оиласи ва дўстларидан узоққа кетган ёшларни танирсиз. Бошқалар сиз ҳам шундай қилишингизни кутади деб хавотирланишингиз ҳеч гап эмас.
«Сувга чўмиш хизматда кенг эшикларни очади. Аммо баъзилар бу эшикдан киришга тайёр эмасдир ёки шароитлари бунга йўл қўймаётгандир». (Мари)
Очқич оят: «Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади». (Галатияликларга 6:4)
Ўйлаб кўринг: ўзингизни бошқалар билан солиштиришнинг ўрнига, Марк 12:30 даги «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз... билан севинг» деган сўзларга диққат қаратинг.
Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда Яҳовага бутун қалбингиз билан хизмат қилиш ҳақида айтилган. Шу боис бу борада кимдир эмас, сиз қандай йўл тутаётганингиз муҳим аҳамиятга эга. Уни чиндан ҳам яхши кўрсангиз, сизда бор энг яхшисини бериб Унга хизмат қилиш йўлларини топасиз.
«Сувга чўмиш жиддий қадам, лекин у ҳаётингизни мураккаблаштирмайди. Сизни яхши ишларга ундайдиган инсонлар билан мулоқот қилинг. Улар бу йўлда қолишингизга ёрдам беришади. Аста-секин кўпроқ масъулият олишни бошласангиз, бахтлироқ бўласиз. Сувга чўмишни ортга сурсангиз эса, ўзингизга зиён келтирасиз». (Жулия)
Хулоса. Яҳова сизга кўрсатаётган севгиси учун миннатдорчилигингизни оширинг. Бу энг яхшисини Унга беришга сизни ундайди. (1 Юҳанно 4:19)
Кўпроқ ёрдам керакми? «Қанчалик ишончлиман?» номли мақолага қаранг.
Яҳовага хизмат қилиш учун арзимайман деб ўйлаётган бўлсам-чи?
Хавотирланишнинг сабаби. Яҳова коинотдаги Олий Ҳукмдор ва инсонлар Унинг олдида заррачадир. Яҳова сиз мавжуд эканингиздан хабардорми деб ўйлаётгандирсиз.
«Ота-онам Яҳованинг Шоҳиди. Худо мени Ўзига жалб қилганидан шубҳаланадиган бўлдим ва У билан муносабатлар менга ота-онамдан “мерос” бўлиб ўтган деб ўйладим». (Наташа)
Очқич оят: «Агар мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди». (Юҳанно 6:44)
Ўйлаб кўринг: сувга чўмиш ҳақида ўйлаётганингизнинг ўзи, ҳойнаҳой, Яҳова сиз У билан янада яқинроқ дўст бўлишингизни хоҳлаётганини кўрсатяпти. Унинг бу таклифини қабул қилишни истайсизми?
Шуни унутмангки, сиз ёки бошқа кимдир эмас, Яҳова У билан дўст бўлиш учун нима кераклигини ҳал қилади. Каломида айтилганидай, Худога яқинлашсангиз, У ҳам сизга яқинлашади. (Ёқуб 4:8)
«Яҳовани ва У сизни Ўзига жалб қилганини биласиз экан, демак У сизни яхши кўради. Шунинг учун қалбингиз Унга хизмат қилишга лойиқ эмаслигингизни билдираётган бўлса, ишонманг, Худо бошқача фикрда. У эса ҳамиша ҳақ». (Селина)
Хулоса. Сувга чўмиш борасида Муқаддас Китобдаги талабларга мос келаётган бўлсангиз, демак Яҳовага хизмат қила оласиз. Унутманг, У топинишингизга лойиқ. (Ваҳий 4:11)
Кўпроқ ёрдам керакми? «Нега ибодат қилишим керак?» номли мақолага қаранг.