ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Сувга чўмишим керакми? 2-қисм. Сувга чўмишга тайёргарлик кўриш
Муқаддас Китобдаги меъёрларга амал қилиб яшаётган ва Худо билан дўстона муносабатларни ривожлантираётган бўлсангиз, ҳойнаҳой, сувга чўмиш борасида ўйлаётгандирсиз. Қизиқ, бу қадамни қўйишга тайёр ёки тайёр эмаслигингизни қандай билишингиз мумкин? a
Бу мақолада
Қанчалик кўп билимга эга бўлишим керак?
Сувга чўмишга тайёргарлик кўриш қандайдир маълумотларни ёдлаб олишни билдирмайди. Буни имтиҳон топширишга тайёргарлик деб айтиб бўлмайди. Аммо Муқаддас Китоб таълимотлари ҳақиқат эканига бўлган аминлигингизни кучайтириш учун ақлингизни ишга солишингиз керак бўлади. (Римликларга 12:1) Масалан:
Худо мавжуд эканига ва топинишингизга лойиқ эканига аминмисиз?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим». (Ибронийларга 11:6)
Ўзингиздан сўранг: «Нега Худога ишонаман?» (Ибронийларга 3:4) «Нега У топинишимга лойиқ?» (Ваҳий 4:11)
Ёрдам керакми? «Яратилишми ёки эволюциями? 1-қисм. Нега Худога ишониш арзийди?» номли мақолага қаранг.
Муқаддас Китоб Худодан эканига аминмисиз?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб, ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш, адолат йўлида тарбиялаш учун фойдалидир». (2 Тимўтийга 3:16)
Ўзингиздан сўранг: «Каломда инсонларнинг эмас, Худонинг фикрлари ёзилганига нега аминман?» (Ишаё 46:10; 1 Салоникаликларга 2:13)
Ёрдам керакми? «Муқаддас Китобдан қандай фойда оламан? 1-қисм. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш» номли мақолага қаранг.
Яҳова иродасини амалга ошириш учун масиҳийлар жамоатидан фойдаланаётганига аминмисиз?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «[Худога] жамоат ва Исо Масиҳ орқали наслдан наслга, абадулабад шон-шараф бўлсин». (Эфесликларга 3:21)
Ўзингиздан сўранг: «Йиғилишларда Каломдан билиб олаётганларим инсонларники эмас, Яҳованики деб ҳисоблаяпманми?» (Матто 24:45) «Ҳатто ота-онам қила олмаса ҳам (йиғилишга боришингизга рухсат беришаётган вазиятда) йиғилишларга боряпманми?» (Ибронийларга 10:24, 25)
Ёрдам керакми? «Нега жамоат учрашувларига бориш керак?» номли мақолага қаранг.
Нима қилишим лозим?
Сувга чўмиш учун мукаммал бўлишингиз кутилмайди. Аммо ёмонликдан қочиб, яхшилик қилиш истагингиз борлигини кўрсатишингиз даркор. (Забур 34:14) Масалан:
Яҳованинг меъёрларига яраша яшаяпсизми?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Виждонингизни тоза сақланглар». (1 Бутрус 3:16)
Ўзингиздан сўранг: «Онгимни “яхшини ёмондан ажратишга ўрганган” инсон эканим нимадан кўриняпти?» (Ибронийларга 5:14) «Тенгдошларнинг босимига қарши тура олган муайян вазиятларни эслай оламанми? Мени тўғри йўл тутишга ундайдиган инсонлар билан дўстлашяпманми?» (Ҳикматлар 13:20)
Ёрдам керакми? «Виждонимни қандай тарбияласам бўлади?» номли мақолага қаранг.
Қилаётган ишларингиз учун Яҳова олдида жавобгар эканингизни тушуняпсизми?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар биримиз ўзимиз учун Худога ҳисобот берамиз». (Римликларга 14:12)
Ўзингиздан сўранг: «Ҳалолманми ёки ўзим ва бошқалар билан ростгўйманми?» (Ибронийларга 13:18) «Ўз хатоларимни тан оляпманми ёки уларни яшириб, бошқаларни айблаяпманми?» (Ҳикматлар 28:13)
Ёрдам керакми? «Хатоларимга қандай қарашим керак?» мақоласига қаранг.
Яҳова билан муносабатларингизни ривожлантиряпсизми?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади». (Ёқуб 4:8)
Ўзингиздан сўранг: «Яҳовага яқинлашиш учун нималар қиляпман?» Масалан: «Муқаддас Китобни қанчалик тез-тез ўқийман?» (Забур 1:1, 2) «Қанчалик тез-тез ибодат қиляпман?» (1 Салоникаликларга 5:17) «Ибодатларим қанчалик аниқ? Дўстларим Яҳовага хизмат қиляптими?» (Забур 15:1, 4)
Ёрдам керакми? «Муқаддас Китобдан қандай фойда оламан? 2-қисм. Қай йўсин Муқаддас Китобни мароқ билан ўқий оламан?» ва «Нега ибодат қилишим керак?» номли мақолаларга қаранг.
МАСЛАҲАТ. Сувга чўмишга тайёргарлик кўришингизга «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» китобининг 2-жилдидаги 37-боби ёрдам бериши мумкин. Айниқса, 308- ва 309-саҳифаларидаги схемаларга диққат қаратинг.
a «Сувга чўмишим керакми? 1-қисм» номли мақолани ўқинг. У ерда ўзимизни Худога бағишлаш ва сувга чўмиш нимани англатиши ҳамда нега бу муҳим экани тушунтирилган.