ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Жинсий зўрлаш ҳақида нимани билишим керак? 1- қисм. Эҳтиёт чоралари
Жинсий зўрлаш нима дегани?
Гарчи «жинсий зўрлаш» атамасига ҳар хил жойларда турлича ҳуқуқий таъриф берилса-да, бу атама остида инсоннинг хоҳишига қарши, баъзида куч ишлатиб жинсий алоқа қилиш тушунилади. Шунингдек, бунга кичкина бола, ўсмир ёки катта одамнинг номусига тегиш, қариндошлар билан жинсий алоқада бўлиш (инцест) ва «ишончли мутахассислар», масалан, шифокор, ўқитувчи ёки диний хизматчилар томонидан жинсий эксплуатация қилиниш киради. Таҳқирлаш ва жинсий зўрлаш қурбони бўлганларни юз берган воқеани бирон кимга айтиб беришса зиён етказамиз деб қўрқитишади.
Бир сўровномага кўра, биргина Қўшма Штатларнинг ўзида ҳар йили қарийб чорак миллион инсонлар жинсий зўрланишгани ҳақида хабар беришади. Уларнинг деярли ярми 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни ташкил этади.
Нимани билишингиз керак?
Муқаддас Китобда жинсий зўрлаш қораланади. Муқаддас Китобда тахминан 4 000 йил аввал Садўм шаҳрида жинсий қарамликка берилган оломон иккита кишини зўрламоқчи бўлгани ҳақида айтилган. Шу сабабли Яҳова бу шаҳарни яксон қилган. (Ибтидо 19:4–13) Бундан ташқари, 3 500 йил олдин Мусога берилган Тавротда қариндошлар билан жинсий алоқада бўлиш, жумладан, оила аъзоларидан бирини зўрлаш ман этилган. (Левилар 18:6)
Кўп ҳолларда жинсий зўрлаш таниш кимсалар томонидан содир этилади. Бир китобда айтилишича, «бундай ҳолатларнинг учтадан иккитасида жабрланувчи унга ҳужум қилган кишини танийди. Ҳужум қилган киши тўсатдан пайдо бўладиган нотаниш киши эмас». («Talking Sex With Your Kids»)
Ўғил болалар ҳам, қиз болалар ҳам жинсий зўрлаш қурбонига айланишади. Қўшма Штатларда жабрланувчиларнинг тахминан 10 фоизини эркак кишилар ташкил этади. Жинсий зўрлашга қарши курашаётган бир ташкилотнинг айтишича, жабр кўрган эркаклар ва ўғил болалар «бесоқолбозга (гейга) айланиб қолишдан» ёки «ўзини тўла маънода эркакдай ҳис қилмай қўйишдан қўрқишади». («Rape, Abuse & Incest National Network»)
Жинсий зўрлаш ҳолатлари кўпайиб кетгани ҳайратланарли эмас. Муқаддас Китобда «охирзамонда» кўп одамлар «меҳрсиз», «шафқатсиз» ҳамда «ўзини тута билмайдиган» бўлиши ҳақида башорат қилинган. (2 Тимўтийга 3:1–3) Бошқаларни жинсий зўрлашга уринаётган кишиларнинг аксарияти мана шундай иллатларни намоён этишади.
Жинсий зўрлаш қурбонига айланганларнинг бунда айби йўқ. Ҳеч бир кишининг бировнинг номусига тегишга ҳаққи йўқ. Бу учун жиноятни содир этган кишигина жавоб бериши керак. Шундай бўлса-да, жинсий тажовуз юз беришининг эҳтимоллигини камайтиришингиз мумкин.
Нима қилсангиз бўлади?
Тайёргарлик кўринг. Агар кимдир, масалан, учрашаётган инсонингиз ёки қариндошингиз сизни жинсий алоқа қилишга мажбурламоқчи бўлса, нима қилишингиз мумкинлигини олдиндан ўйлаб қўйинг. Эрин исмли бир қиз тенгдошларнинг ҳар қандай босимига қарши туриш учун хаёлан тахминий вазиятни ўйлаб қўйишни ва бу каби вазиятда қандай ҳаракат қилишни режалаштиришни маслаҳат берди. У шундай дейди: «Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо реал ҳаётда бу жинсий зўрлашнинг қурбони бўлиш эҳтимолини камайтиради».
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар... Чунки биз ёмон кунларда яшаяпмиз». (Эфесликларга 5:15, 16)
Ўзингиздан сўранг: «Борди-ю, кимдир менга тегинса ва мен ўзимни ноқулай ҳис этсам нима қилсам бўлади?»
Вазиятдан қандай чиқишни режалаштиринг. Юқорида айтиб ўтилган ташкилот шундай маслаҳат беради: «Фақат дўстларингиз ёки оила аъзоларингиз биладиган кодли сўз ўйлаб топинг. Шунда қандайдир хавф пайдо бўлса, уларга қўнғироқ қилиб олдингиздаги кишига сездирмасдан вазиятни тушунтира оласиз. Дўстларингиз ёки оила аъзоларингиз сизни олиб кетиш учун келиши ёки кетишингиз учун бир сабаб топиши мумкин». Умуман хавфли вазиятдан қочсангиз, ўзингизни кўп қайғулардан асраган бўласиз.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». (Ҳикматлар 22:3)
Ўзингиздан сўранг: Хавфли вазиятдан чиқиш учун қандай режам бор?
Чегара ўрнатинг ва ундан чиқманг. Агар кимдир билан учрашаётган бўлсангиз, ўша инсон билан қандай хулқ-атвор ўринли ва ўринсиз экани ҳақида гаплашиб олинг. Борди-ю, у чегара ўрнатишни аҳмоқлик деб ўйласа, сизнинг қадриятларингизни ҳурмат қиладиган бошқа инсонни танласангиз оқилона бўлади.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Севги... одобсизлик қилмайди, ўз манфаатини кўзламайди». (1 Коринфликларга 13:4, 5)
Ўзингиздан сўранг: Менинг қадриятларим қандай? Қанақа хулқ-атворни ўринсиз деб ҳисоблайман?