Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Бошқаларга мослаша олмаётган бўлсам-чи?

Бошқаларга мослаша олмаётган бўлсам-чи?

«Бошқаларга мослашмасликнинг иложи йўқ, акс ҳолда дўстларингиз ҳам бўлмайди, ҳаётингиз ва келажагингиз ҳам барбод бўлади. Ҳеч кимга керак бўлмайсиз ва ёлғиз қоласиз». (Карл)

Бундай бўлиши мумкин эмас, деб ўйларсиз. Аммо баъзи одамлар Карл тасвирлаган вазиятга тушиб қолмаслик учун қўлидан келганини қилишга тайёр. Сиз ҳам шундай ёшлар сирасиданмисиз? Ундай бўлса, бу мақола сизга дўстлар орттиришнинг яхшироқ усулини топишга ёрдам беради.

 Нима учун одамлар бошқаларга мослашишга интилишади?

  • Чунки уларни четлатиб қўйишларини исташмайди. «Ижтимоий тармоқларда менсиз айланишга чиққан бир гуруҳнинг расмларини кўрдим. Шунда: “Нега мени чақиришмади?” — деб ўйланиб қолдим ва “улар мени яхши кўришмаса керак” деган фикрлар ҳеч хаёлимдан кетмади». (Натали)

    МУЛОҲАЗА УЧУН: Ўзингизни бирон-бир гуруҳдан ажратиб қўйилгандай ҳис қилганмисиз? Улар сизни қабул қилиши учун қандай ўзгаришлар қилдингиз?

  • Чунки улар бошқалардан ажралиб туришни исташмайди. «Ота-онам телефон ишлатишимга рухсат бермайди. Йигитлар телефон рақамимни сўраганида, мен уларга телефоним йўқлигини айтаман, улар эса: “Нима? Ўзи ёшинг нечада?” — дейишади. Ёшим 13 да эканини айтганимда, улар менга ачиниб қарашади». (Мэри)

    МУЛОҲАЗА УЧУН: Ота-онангиз ўрнатган қандай чекловлар туфайли ўзингизни оқ қарғадай ҳис қиласиз? Бу чекловларга қандай муносабат кўрсатасиз?

  • Чунки улар безориларнинг қурбонига айланишни исташмайди. «Мактабдаги болалар бошқача йўл тутадиган, бошқача гапирадиган ёки ҳатто бошқача эътиқодга эга бўлганларни яхши кўришмайди. Агар уларга мослашмасангиз, сизни асло тинч қўйишмайди». (Оливия)

    МУЛОҲАЗА УЧУН: Бошқаларга қўшилмаганингиз учун сизга ёмон муомала қилишганми? Ўша вазиятда қандай йўл тутгансиз?

  • Чунки улар дўстларини йўқотишни исташмайди. «Мен қайси одамлар билан дўстлашмасам, уларга мослашишга ҳаракат қилардим. Натижада, улар қандай гапиришса, шундай гапирардим. Ҳатто кулгили бўлмаганда ҳам кулардим. Болаларга қўшилиб, бошқаларни мазах қилардим, гарчи бу ўша инсонларга оғриқли бўлишини билсам ҳам». (Рейчел)

    МУЛОҲАЗА УЧУН: Тенгдошларингиз сизни яхши кўриши сиз учун қанчалик муҳим? Ажралиб қолмаслик учун ўзингизни уларга мослаштирганмисиз?

 Нимани билишингиз керак?

  • Бошқаларга ёқаман, деб уларга тақлид қилиш одамларнинг нафратини келтириши мумкин. Нега? Чунки одамлар сохталикни сезиб қолишади. 20 ёшли Брайн шундай эслайди: «Ўзимга хос бўлмаган тарзда йўл тутганимда синфдошларимдан баттар ажралиб қолардим. Шунга ўзимни табиий тутишни ўргандим, чунки инсон ўзини сохта тутаётганини одамлар дарров пайқашади».

    ЯХШИРОҚ ЁНДАШУВ. Сиз учун нима муҳим экани ҳақида қайтадан ўйлаб кўринг. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». (Филиппиликларга 1:10) Шунга ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Қадриятлари меникидан фарқ қилаётган одамларга ўхшаш муҳимроқми ё борлигимча қолишми?»

    «Бошқаларга ўхшашга интилиш бефойдадир. Бу учун одамлар сизни кўпроқ яхши кўриб қолишмайди ва бу сизни яхшироқ инсон қилиб қўймайди». (Жеймс)

  • Бошқалар қатори бўлиш истаги ўзлигингизни йўқотишингизга олиб келиши мумкин. Бу сизни бошқаларнинг раъйи билан яшайдиган ва «кўнгилни овловчи» инсон қилиб қўяди. Жереми исмли ёш бир йигит шундай эслайди: «Маълум бир гуруҳдаги одамларга мослашиш учун, ҳатто бу обрўйимга путур етказса ҳам, ҳамма нарсани қилишга тайёр эдим. Бошқалар мени бошқаришига йўл қўярдим. Уларнинг югурдаги эдим».

    ЯХШИРОҚ ЁНДАШУВ: Атроф-муҳитга қараб рангини ўзгартирадиган хамелеонга ўхшаб ўзгаришнинг ўрнига, сиз учун нима қадр-қимматга эга эканини аниқлаб, шунга мувофиқ яшанг. Муқаддас Китобда: «Кўпчиликка эргашиб, ёмон ишга қўл урманглар»,— деб бежизга айтилмаган. (Чиқиш 23:2)

    «Мен улар ёқтирган ҳамма нарсани ёқтиришга ҳаракат қилардим: мусиқа, ўйинлар, кийим-кечак, кўрсатувлар, пардоз усуллари... Улар каби бўлишга интилардим. Менимча, бошқа қиёфага кирганим ҳаммага бинойидек кўриниб турарди ва буни ўзим ҳам билардим. Охири, ҳафсалам пир бўлиб, ўзимни ёлғиз ҳис қила бошладим ва ҳатто энди ўзи нимани ёқтиришимни ҳам билолмай қолдим. Шуни тушундимки, ҳамма ҳам сизга мослаша олмайди ва сиз ҳам барчага мослаша олмайсиз. Аммо бу умуман дўстлашмаслик кераклигини англатмайди. Шунчаки бироз улғайишингизни кутинг ва сабрли бўлинг». (Мелинда)

  • Бошқаларга ёқиш истаги хулқ-атворингизга таъсир қилиши мумкин. Крис исмли бир йигит қариндоши шундай қилишини пайқади. «У бошқалардан ажралиб қолмай деб, одатда ҳеч қачон қилмайдиган ишни — гиёҳванд моддаларини қабул қилишни бошлади.— дейди Крис.— У нашаванд бўлиб қолди ва ҳаётини деярли барбод қилди».

    ЯХШИРОҚ ЁНДАШУВ: Агар инсонларнинг сўзлари ва ишларидан улар Муқаддас Китобдаги принципларга риоя қилмаётганини кўрсангиз, бундайлардан узоқроқ юринг. Зеро Аллоҳнинг Каломида: «Доно билан юрган доно бўлади, нодонга шерик бўлган эса азият чекади»,— дейилган. (Ҳикматлар 13:20)

    «Баъзида бошқаларга мослашишга интилиш яхшидир. Аммо буни сиз тўғри деб билган нарсалар эвазига қилмаслик керак. Ҳақиқий дўстлар сизни борлигича қабул қилишади». (Мелани)

    Маслаҳат: Фақат қизиқишлари сизникига ўхшаш бўлган одамлар билангина дўстлашманг. Маънавий ва одоб-ахлоқ қадриятларингиз бир хил бўлган инсонлар билан дўстлашинг.

    Кийим-кечакнинг айрим турлари сизга ярашмайди. Шунга ўхшаб маълум одамлар ҳам қадриятларингизни бойитишмайди.