ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР | ЙЎНАТАН
«[Яҳовага] ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди»
Қурғоқ, серқоя жойда соқчилар бўлинмаси турганини кўз ўнгингизга келтиринг. Филистимлик аскарлар ҳамиша бир хил манзарани кузатиб турарди, лекин кутилмаганда ўзгача бир воқеа юз берди. Иккита киши довонда турибди. Бу исроилликлар. Филистимлик аскарлар учун бу вақтичоғлик қилишга яхши сабаб, ахир ўша икки кишини енгиш улар учун ҳеч гап эмас. Гап шундаки, филистимликлар анча вақт исроилликларга жабр-зулм ўтказишарди. Улар ҳатто омочнинг тишларини, болтаю ўроқларини филистимликларнинг кўмагисиз ўткирлай олишмасди. Шунинг учун, исроиллик аскарларнинг қурол-аслаҳалари жуда кам эди. Айтайлик, бу икки кишининг қуроли бор. Лекин улар бор-йўғи икки кишигина, холос. Филистимликлар мазах қилиб: «Қани, бу ёққа келинглар-чи, бир таъзирингизни бериб қўяйлик!» — деб бақиришди. (1 Шоҳлар 13:19–23; 14:11, 12)
Ҳали ким кимнинг таъзирини беради?! Иккита исроиллик киши чаққонлик билан қияликдан тушиб, дарани ошиб ўтишди-да, юқорига чиқа бошлашди. Бу жуда тик кўтарилган қиялик бўлгани учун, улар унга қўл-оёқлари билан тирмашиб, дадиллик ила соқчилар бўлинмаси томон чиқишарди. (1 Шоҳлар 14:13) Энди, филистимликлар қуролланган кишини ва унинг қуролбардорини яқинроқ кўра олди. Бу киши қуролбардори билан бутун ҳарбий кучларга қарши жанг қилмоқчими? У ақлдан озганми?
Йўқ, у ақлдан озмаган. Кучли имонга эга бўлган бу кишининг исми Йўнатан. Бугунги кунда Худонинг хизматчилари бу ҳикоядан анчагина нарсани билиб олишмоқда. Гарчи биз том маънодаги жангларда иштирок этмаётган бўлсак-да, имонимизни мустаҳкамлаш мақсадида жасоратли, садоқатли ва фидойи бўлишда Йўнатандан сабоқ олишимиз мумкин. (Ишаё 2:4; Матто 26:51, 52)
Садоқатли ўғил ва жасур аскар
Йўнатан соқчилар бўлинмасига борганининг сабабини тушуниш учун, унинг оиласига назар солишимиз лозим. У Исроилнинг илк шоҳи Шоулнинг тўнғич ўғли эди. Шоул шоҳ этиб тайинланганда, Йўнатан тахминан 20 ёшда ёки сал каттароқ бўлгандир. У отаси билан яқин муносабатларга эга бўлганга ўхшайди. Отаси унга ишонарди. Ўша пайтда Йўнатан отасини нафақат бўйи баланд, келишган ва довюрак жангчи сифатида, балки энг муҳими, имони кучли ва камтар деб биларди. Эҳтимол, Йўнатан нега Яҳова айнан отасини шоҳ сифатида танлаганини тушунарди. Ҳатто Шомуил пайғамбар ҳам бутун халқ ичида Шоулга ўхшаши йўқ, деб айтганди. (1 Шоҳлар 9:1, 2, 21; 10:20–24; 20:2)
Йўнатан отасининг бошчилигида Яҳова халқининг душманларига қарши жанг қилишдан фахрланганга ўхшайди. Ўша пайтдаги жанглар бугунги замондаги миллатлар ўртасидаги тўқнашувлардан фарқ қиларди. Ўшанда Яҳова вакили сифатида Исроил халқини танлаган эди ва улар сохта худоларга сажда қилган халқларнинг ҳужумига доим қарши туришига тўғри келарди. Филистимликлар Дўғон каби худоларга сажда қилишарди ва Яҳованинг халқини тез-тез жабрлаб, уларни ҳатто йўқ қилмоқчи бўлишган.
Шу боис, Йўнатан жанг қилишни Тангри Яҳовага садоқат ила хизмат қилиш, деб биларди. Яҳова эса унинг ҳаракатларига барака берарди. Шоул шоҳ бўлгач, 1 000 та аскарни Йўнатаннинг бошчилигига топширди. Вақт ўтиб, у одамлари билан Ғибода жойлашган филистимликларнинг ҳарбий кучларига ҳужум қилди. Гарчи улар яхши қуролланмаган бўлса-да, Яҳованинг ёрдами билан жангда ғалаба қозонишди. Жавобан эса филистимликлар кучли қўшинни тўплашди. Шунда, Шоулнинг анчагина аскарлари саросимага тушди. Баъзилари қочиб кетди, яшириниб олди, айримлари эса филистимликлар томонига ўтиб кетди. Аммо Йўнатаннинг жасорати сўнмади. (1 Шоҳлар 13:2–7; 14:21)
Юқорида тилга олинган воқеага ҳам етиб келдик. Йўнатан ҳеч кимга сездирмай, фақат қуролбардори билан бирга йўлга чиқди. Улар филистимликларнинг Михмашдаги бўлинмасига бораётганда, Йўнатан режасини қуролбардорига ошкор этди. Улар филистимлик аскарларининг олдида очиқчасига пайдо бўлишларини айтди. Агар улар юқорига кўтарилишни буюришса, бу Яҳова Ўз хизматчиларига ёрдам беришининг белгиси бўлади. Қуролбардори тайёрлик ила розилик билдирди. Эҳтимол, унга Йўнатаннинг қуйидаги сўзлари жасорат бахш этгандир: «Яҳова озчилик билан ҳам, кўпчилик билан ҳам қутқараверади. Унга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди». (1 Шоҳлар 14:6–10) У нимани назарда тутган?
Йўнатан Аллоҳни яхши билган. Шубҳасизки, ўтмишда Яҳова Ўз халқига, уларга қараганда анча кўпроқ бўлган душманларини енгишга ёрдам берганини у билган. Худо бутун халқи ғалабага эришиши учун ҳатто битта кишидан фойдаланиши мумкин эди. (Ҳакамлар 3:31; 4:1–23; 16:23–30) Шунинг учун, Йўнатан Худо хизматчиларининг ғалабаси сони, кучи ва қурол-аслаҳаларига эмас, балки имонига боғлиқ эканини тушунган. Айнан имон уни ҳамма нарсани Яҳованинг қўлига топширишга ундаган. Йўнатан Худонинг Ўзи, у ва қуролбардори соқчилар бўлинмасига қарши жанг бошлашини ҳал қилишини хоҳлаган. У Яҳова улар билан эканини тушунишига ёрдам берадиган белгини танлаган. Яҳованинг қўллаб-қувватлашига амин бўлгач, Йўнатан қўрқмай ҳаракатга тушган.
Йўнатаннинг имони нимада намоён бўлди? Биринчидан, у Худованд Яҳова олдида чуқур эҳтиром ҳиссига эга эди. У Қодир Аллоҳ Ўз ниятларини бажариш учун одамларнинг кучига муҳтож эмаслигини, аммо садоқатли хизматчиларининг фаровонлиги учун Ўз кучини кўрсатишни ёқтиришини биларди. (2 Солномалар 16:9) Иккинчидан, Йўнатан бирон нима қилишидан аввал Яҳова буни маъқуллаётганига ишонч ҳосил қилмоқчи эди. Бугунги кунда бирон ишимизни Худо маъқуллаётганини аниқлаш учун қандайдир мўъжизавий белги беришини кутмаймиз. Худо томонидан илҳомлантирилган Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммасига эгамиз. Ҳа, Аллоҳнинг иродасини аниқлаш учун у бизга қўл келади. (2 Тимўтийга 3:16, 17) Хўш, жиддий қарорлар чиқаришдан аввал Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қиляпмизми? Ундай бўлса, Йўнатан каби Худонинг иродасини бажариш биз учун ўз хоҳишларимизни амалга оширишдан кўра муҳимроқ эканини кўрсатамиз.
Хуллас, икки киши, яъни жасур жангчи ва қуролбардори соқчилар бўлинмаси томон тик кўтарилган қияликка тезда чиқишди. Шунда, филистимликлар улар ҳужум қилиш мақсадида яқинлашаётганини англаб, жанг бошлаш учун одамларини чақиртирди. Филистимликлар нафақат сон жиҳатдан кўпроқ эди, балки қоя тепасида ҳам бўлишгани учун ўша иккита кишини осонликча ўлдира олишарди. Бироқ Йўнатан филистимлик аскарларга ҳужум бошлади, орқасидан эса қуролбардори уларни биттама-битта ўлдирарди. Қисқа масофа ичида, бу икки киши 20 та душман аскарни ўлдирди. Кейин эса Яҳова ҳаракатга тушди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Даладаги қароргоҳда бўлганларни ҳамда соқчилар бўлинмасидаги ҳамма одамларни қўрқув босди. Ҳатто ҳужум уюштириб юрган кишилар ҳам қўрқиб қолишди. Ер қимирлай бошлади. Буларнинг бари Худодан эди». (1 Шоҳлар 14:15)
Шоул ва унинг одамлари узоқдан туриб, филистимликлар қароргоҳини ваҳима босганини ҳамда тўс-тўполон бўлаётганини, аскарлар бир-бирини қиличдан ўтказаётганини кузатишаётган эди. (1 Шоҳлар 14:16, 20) Жасоратга тўлган исроилликлар эса, эҳтимол, ўлган филистимликларнинг қуролларини олиб ҳужумга ўтишди. Ўша куни Яҳова уларга улкан ғалаба берди. Ўша ҳаяжонли замонлардан бери Яҳова ҳеч ҳам ўзгармади. Биз ҳам Йўнатан ва исми номаълум қуролбардори каби Яҳовага ишонсак, қилган қароримиздан сира афсусланмаймиз. (Малаки 3:6; Римликларга 10:11)
«Тангри унга ёрдам берди»
Йўнатандан фарқли ўлароқ, Шоул учун бу ғалаба ижобий якун топмади. У бир нечта жиддий хатога йўл қўйди. Шоул Яҳова тайинлаган ва леви бўлган Шомуил пайғамбарнинг йўл-йўриқларига амал қилмади. У пайғамбарни кутмай, қурбонлик келтирди. Шоулнинг бунга ҳақи йўқ эди. Шомуил келганда эса, Шоул бу итоатсизлиги дастидан шоҳликдан айрилишини айтди. Бундан ташқари, одамларини жангга юбораётганда, уларга ўйламай мана шу қасамни ичтирди: «Душманларимдан ўч олиб бўлмасимдан, кеч киргунча туз тотган одам лаънати бўлсин!» (1 Шоҳлар 13:10–14; 14:24)
Шоулнинг бу сўзларидан у ёмон тарафга ўзгараётганини сезиш мумкин. Наҳотки, қачонлардир камтар ва маънан етук бўлган одам шу қадар такаббур худбин кишига айланса?! Бу ўтакетган ўзбошимчалик бўлган, ахир, ўша жасур ва зўр бериб жанг қилган аскарларга Яҳова шу каби шафқатсиз йўл-йўриқ бермаган эди. Шоулнинг сўзларини, яъни «душманларимдан ўч олиб бўлмасимдан» деган гапини олайлик. Шоул бу унинг жанги деб ўйлаяпти, шекилли. У ўч олиш, шарафга эга бўлиш ёки ғалаба қозониш истагини қондириш эмас, Яҳованинг адолати учун жанг қилиш кераклигини унутдимикин?
Йўнатан отаси аскарларга қасам ичтирганидан бехабар эди. Шиддатли жангда силласи қуриган Йўнатан таёқнинг учини асалари уясига суқиб, оз-моз асалдан еди; у шу заҳотиёқ кучга тўлди. Кейин одамлардан бири отасининг қасами ҳақида унга айтиб берди. Йўнатан эса жавобан қуйидагича деди: «Отам халқни қаттиқ қийнаб қўйибдилар. Қаранглар, мен оз-моз асалдан еб, кучга тўлдим. Одамлар бугун душманлардан қўлга киритган ўлжадан еб олганда, янада каттароқ ғалабага эришмасмидик?! Шу сабабли, филистимликларни тўлиқ қириб ташлай олмадик». (1 Шоҳлар 14:25–30) У ҳақ эди. Йўнатан садоқатли ўғил бўлган, лекин бу садоқат кўр-кўрона эмас эди. У отаси қилган ёки айтган барчасига ўйламай-нетмай рози бўлиб кетавермаган. Бошқалар уни бундай мулоҳазакорлик учун ҳурмат қиларди.
Шоул ўғли асалдан еганини билгач ҳам, унинг буйруғи қанчалар беъмани бўлганини тан олишни рад этган. Бунинг ўрнига, ўғли ўлиши керак деб қарор чиқарди. Йўнатан отаси билан баҳслашмади ва раҳм кўрсатилишини ялиниб-ёлвормади. У жазо тортишга тайёр эди ва қўрқмай: «Мен ўлишга тайёрман»,— деди. Лекин исроилликлар унинг тарафини олиб, шундай деб айтишди: «Исроилга бундай буюк ғалаба келтирган Йўнатан ўлиши керакми? Бунга ақл бовар қилмайди! Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтамизки, бошидаги сочининг бир толаси ҳам ерга тушмайди. Чунки у бугун нимаики қилган бўлса, Тангри унга ёрдам берди». Бу воқеа қандай якун топди? Шоул фикр юритиб кўрди. Муқаддас Китобда: «Шу тариқа, халқ Йўнатанни қутқариб қолди ва у ўлдирилмади»,— деб ёзилган. (1 Шоҳлар 14:43–45)
Йўнатан жасоратли, зўр бериб хизмат қиладиган ва фидойи инсон сифатида яхши ном орттирди. Ҳаёти хавф остида бўлганда, у обрўси туфайли омон қолди. Биз ҳам кундан-кунга орттираётган обрўйимиз ҳақида ўйлаб кўрсак яхши бўларди. Худонинг Каломида яхши номнинг қадр-қиммати жуда баланд экани тўғрисида ёзилган. (Воиз 7:1) Агар Йўнатан каби Яҳованинг олдида яхши ном орттиришга интилсак, атрофимиздагилар ҳам бизни ҳурмат қилишади.
Зулмат қаъри
Йўнатан отасининг хатоларига қарамай, йиллар мобайнида унинг тарафида бўлиб, садоқат ила курашган. Бир тасаввур қилинг, отаси тобора итоатсиз ва такаббур бўлиб кетаётганини кўриш унга қанчалар оғир ботгандир-а! Отаси зулмат қаърига кириб борарди, Йўнатан эса бу вазиятни ўзгартира олмасди.
Яҳова Шоулга Омолек халқига қарши жанг қилишни топширганда, муаммо янада чигаллашди. Бу халқ шу қадар ёвуз бўлганки, ҳатто Мусо пайғамбарнинг даврида Яҳова уларни буткул қириб ташлашини башорат қилган. (Чиқиш 17:14) Шоул уларнинг бутун чорваларини йўқ қилиб, шоҳ Ўгахни ўлдириши керак эди. Шоул жангда ютиб чиқди. Шубҳасизки, ўша жангда унинг бошқаруви остида жасур ўғли ҳам қатнашган. Аммо Шоул Яҳовага сурбетларча итоатсизлик қилиб, Ўгахни ўлдирмади ва унинг бойликларини, чорваларини ўзига олди. Шомуил пайғамбар Яҳованинг Шоулга нисбатан чиқарган қуйидаги ҳукмини эълон қилди: «Сен Яҳованинг сўзини рад этганинг боис, У ҳам сени шоҳ сифатида рад этди». (1 Шоҳлар 15:2, 3, 9, 10, 23)
Кўп ўтмай, Яҳова Шоулни муқаддас руҳидан маҳрум этди. Яҳованинг меҳрибон кўмагисиз у ўзини ғалати тутадиган бўлиб, гоҳ ғазабга минарди, гоҳ саросимага тушарди. Худо ёмон руҳ уни қийнашига йўл қўйди. (1 Шоҳлар 16:14; 18:10–12) Йўнатан қачонлардир яхши инсон бўлган отаси, энди даҳшатли ҳолатда эканини кўриб руҳи тушган бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, Йўнатан Яҳовага садоқат ила хизмат қилишдан ҳечам бош тортмаган эди. У қўлидан келганча отасини қўллаб-қувватлаган ва баъзида у билан ҳатто очиқ-ойдин гапирган. Аммо ҳеч ҳам ўзгармас самовий Отамиз, Тангри Яҳованинг фикри у учун энг муҳим бўлиб қолган. (1 Шоҳлар 19:4, 5)
Сизнинг ҳаётингизда ҳам балким яхши кўрган яқин қариндошингиз ёмон томонга ўзгариб кетган пайтлар бўлгандир. Бу жуда ҳам қайғули. Йўнатаннинг ўрнаги бизга сано бастакори кейинчалик қаламга олган мана шу сўзларни эслатяпти: «Ҳатто ота-онам мени тарк этса ҳам, Яҳова мени қабул қилади». (Забур 27:10) Яҳова содиқ Худо. Номукаммал одамлар қанчалар кўнглингизни оғритмасин, У сизни ҳам қабул қилади ва энг яхши Отангизга айланади.
Йўнатан Яҳова Шоулдан шоҳликни олиб қўйишга қарор қилганини билганга ўхшайди. Хўш, у бунга қандай муносабатда бўлди? У мен қандай бошқарувчи бўлар эканман деб ўйлаганми? У отасининг хатоларини тўғрилаб, содиқ ва итоаткор шоҳ сифатида яхшироқ ўрнак бўла оламан деган умиддамиди? Йўнатан айнан нима ҳақида ўйлаганини билмаймиз; фақат шуни биламизки, бу умидларнинг ҳеч бири амалга ошмади. Бу Яҳова садоқатли хизматчисини тарк этганини англатадими? Йўқ, Яҳова унинг мисолида содиқ дўст бўлиш нимани англатишини тушунтириб берганини кўряпмиз. Йўнатан ва Довуд ҳақидаги ҳикоя Муқаддас Китобда қаламга олинган дўст ҳақидаги энг ёрқин ҳикоядир! Келаси мақолада бу ҳақида гап боради.