Яшашдан тўйганимда — ўлишни хоҳлаганимда, Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Ҳа! Муқаддас Китоб «руҳи тушкунларга тасалли берувчи Аллоҳ»нинг Каломидир. (2 Коринфликларга 7:6) Гарчи Муқаддас Китоб руҳий соғлигимизга тегишли қўлланма бўлмаса-да, кўпларга ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикларни енгишга кўмаклашган. У ердаги амалий маслаҳатлар сизга ҳам ёрдам бериши мумкин.
Муқаддас Китобда қандай амалий маслаҳатлар бор?
● Туйғуларингизни ичингизда сақламанг.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳикматлар 17:17)
Маъноси. Руҳимиз тушган пайтларда ёрдамга муҳтож бўламиз.
Агар туйғуларингизни ичингизда сақлаб юрсангиз, улар сизни чулғаб олади. Аммо уларни кимдир билан баҳам кўрсангиз, ўзингизни енгилроқ ҳис этиб, вазиятга ижобийроқ ёндашасиз.
Маслаҳат. Бугуннинг ўзида кимдир, эҳтимол, оила аъзоингиз ёки ишонган дўстингиз билан гаплашинг a. Ҳиссиётларингизни ёзиб қўйсангиз ҳам бўлади.
● Тиббий ёрдам олинг.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». (Матто 9:12)
Маъноси. Касал бўлсак, шифокорга мурожаат қилишимиз лозим.
Ўз жонига қасд қилиш фикри руҳий ёки ҳиссий касалликнинг белгиси бўлиши мумкин. Жисмоний касаллик сингари, бундай касалликнинг ҳам уятли жойи йўқ. Руҳий ва ҳиссий касалликларни даволаш мумкин.
Маслаҳат. Иложи борича тезроқ тажрибали шифокорга мурожаат қилинг.
● Унутманг, Аллоҳ ғамхўрдир.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Бешта чумчуқ икки тангага сотилмайдими? Бироқ Аллоҳ улардан биттасини ҳам унутмаган... Қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз». (Луқо 12:6, 7)
Маъноси. Худо учун қадрлисиз.
Ўзингизни ёлғиз ҳис этишингиз мумкин, лекин Худо азобларингиздан хабардор. У ҳатто яшашдан тўйган бўлсангиз ҳам сизга ғамхўрлик қилмоқда. Забур 51:17 да: «Эй Худо, синган ва эзилган юракдан Сен воз кечмайсан»,— деб ёзилган. Худо сизни яхши кўргани учун, яшашингизни истайди.
Маслаҳат. Тангри сизни яхши кўришини кўрсатадиган оятлар устида изланиш ўтказинг. Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил июнь сонидаги 3–5- саҳифаларидаги «Яҳова “сизларга ғамхўрлик қилади”» номли мақолага ҳамда «Яҳова Таолога яқинлашинг» (рус) китобининг 24- бобига қаранг.
● Ибодат қилинг.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Барча ғам-ташвишларингизни Унга [Худога] ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади». (1 Бутрус 5:7)
Маъноси. Худо ташвишларингизнинг ҳаммасини Унга очиқчасига ва ростгўйлик ила айтишингизни хоҳлайди.
Аллоҳ сизга ички хотиржамлик ҳамда муаммони енгишингиз учун куч ато этиши мумкин. (Филиппиликларга 4:6, 7, 13) Шу билан бирга, Унга сидқидилдан мурожаат қилганларга У таянч бўлади. (Забур 55:22)
Маслаҳат. Бугуннинг ўзида Худога ибодат қилинг. Худонинг Яҳова исмини тилга олиб, туйғуларингизни тўкиб-солинг. (Забур 83:18) Бардош қилишингиз учун ёрдам сўранг.
● Муқаддас Китобдаги умид борасида мулоҳаза юритинг.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Бу умид ҳаётимиз учун лангардек ишончли ва мустаҳкамдир». (Ибронийларга 6:19, изоҳ)
Маъноси. Худди бўронда чайқаладиган кема сингари, ҳиссиётларингиз жунбушга келиши ва бунинг акси бўлиши ҳеч гап эмас. Бироқ Муқаддас Китобдаги умид ёрдамида туйғуларингизни назорат қилиш осонроқ бўлади.
Умид пуч хаёллар эмас, у азоб-уқубатларни бартараф қилиш борасидаги Худонинг ваъдасига асосланади. (Ваҳий 21:4)
Маслаҳат. «Худодан келган хушхабар» номли рисоладаги 5- дарсни ўқиб, Муқаддас Китобдаги умид ҳақида кўпроқ билиб олинг.
● Сизга завқ келтирадиган бирон нима қилинг.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Шод юрак шифобахш малҳамдайдир». (Ҳикматлар 17:22)
Маъноси. Бизга завқ келтирадиган бирон иш билан шуғуллансак, руҳий ёки ҳиссий соғлигимизни яхшилашимиз мумкин.
Маслаҳат. Сизга ёқадиган бирон иш қилинг. Масалан, кайфиятни кўтарувчи мусиқа тингланг, далдали бирон нима ўқинг ёки машғулот билан шуғулланинг. Қолаверса, бошқаларга ёрдам бериш учун нимадир, ҳатто кичик бир иш қилсангиз ҳам бахтлироқ бўласиз. (Ҳаворийлар 20:35)
● Жисмоний соғлигингизга ғамхўрлик қилинг.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Жисмоний машқ... фойда келтиради». (1 Тимўтийга 4:8)
Маъноси. Жисмоний машқлар қилиш, етарлича ухлаш ва соғлом овқатланиш фойдалидир.
Маслаҳат. Тез юришга ҳаракат қилинг. Бунга камида 15 дақиқа вақтингизни ажратинг.
● Унутмангки, ҳам туйғулар, ҳам бу дунёдаги барча нарса ўзгарувчан.
Муқаддас Китобда нима дейилган? «Эртага сизлар билан нима бўлишини билмайсизлар-ку». (Ёқуб 4:14)
Маъноси. Тушкунликка тушурадиган муаммо, ҳатто ечими йўқдай туюладиган қийинчилик вақтинча бўлиши мумкин.
Бугунги кунда вазиятингиз мураккаб бўлишидан қатъи назар, эртага ўзгариши ҳеч гап эмас. Уни ҳал қилиш йўлларини қидиринг. (2 Коринфликларга 4:8) Эҳтимол, оғир вазият вақт ўтгач ўзгариб кетар, аммо ўз жонига қасд қилгандан сўнг, вақтни ортга қайтариб бўлмайди.
Маслаҳат. Муқаддас Китобда қийинчиликлар дастидан ўлмоқчи бўлган инсонлар ҳақидаги воқеаларни ўқиб, вазияти қай йўсин аста-секин ўзгарганига диққат қаратинг. Кўпинча, улар муаммо қандай ҳал бўлишини ҳатто хаёлига келтирмаган эди. Баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.
Яшашдан тўйган кишилар ҳақида Худонинг Каломида айтилганми?
Ҳа. Яшашдан тўйган баъзи кишилар ҳақида Муқаддас Китобда ёзилган. Аллоҳ уларни койимаган, аксинча, уларга ёрдам берган. У сиз учун ҳам шундай қила олади.
Илёс
● У ким бўлган? Илёс жасоратли пайғамбар эди. Лекин у тушкунликка қарши эмланмаган эди. Ёқуб 5:17 да: «Илёс пайғамбар ҳам биз каби инсон эди»,— деб ёзилган.
● Нега у ўлишни хоҳлаган? Бир сафар у ўзини ёлғиз ва кераксиздай ҳис этиб, қўрқувга берилганди. Шу боис у: «Эй Яҳова, жонимни ола қол»,— деб илтижо қилганди. (3 Шоҳлар 19:4)
● Унга нима ёрдам берган? Илёс Аллоҳга ўз туйғуларини ошкор этган. Худо унга қай йўсин далда берган? У Илёсга ғамхўрлик қилиб, қудратини намоён этган. Шунингдек, у ҳали ҳам қадрли эканига ишонтириб, унга меҳрибон ва қобилиятли ёрдамчини берган.
▸ Илёс ҳақида ўқинг: 3 Шоҳлар 19:2–18
Аюб
● У ким бўлган? Аюб бой киши бўлиб, катта оиласи билан ҳақ Худога садоқат ила топинарди.
● Нега у ўлишни хоҳлаган? Унинг ҳаётида кутилмаганда ёмон воқеалар юз берди. Мол-мулкидан айрилди. Барча фарзанди ҳалок бўлди. Ўзи эса даҳшатли касалликка йўлиқди. Натижада, барча муаммоларига ўзи сабабчи деб бешафқатларча айбланди. Аюб: «Ҳаётимдан нафратланаман, умрим давом этишини истамайман»,— деб айтди. (Аюб 7:16)
● Унга нима ёрдам берган? Аюб Худога ибодат қилди ва бошқалар билан гаплашди. (Аюб 10:1–3) Меҳр-шафқатли дўсти Элиху унга далда бериб, вазиятига бошқача тарзда қарашга кўмаклашди. Энг муҳими, у Аллоҳнинг маслаҳатию ёрдамини қабул қилди.
▸ Аюб ҳақида ўқинг: Аюб 1:1–3, 13–22; 2:7; 3:1–13; 36:1–7; 38:1–3; 42:1, 2, 10–13
Мусо
● У ким бўлган? Мусо Исроил халқининг йўлбошчиси ва содиқ пайғамбар эди.
● Нега у ўлишни хоҳлаган? Мусо жиддий масъулиятга эга эди, доим танқидга дуч келарди ва ўзини чарчаган ҳис қиларди. Шунинг учун Худога: «Мени ўлдириб қўяқол»,— дея ёлворган эди. (Саҳрода 11:11, 15)
● Унга нима ёрдам берган? Мусо ўзини қандай ҳис этганини Худога айтиб берган. Аллоҳ Мусога масъулиятли вазифасини енгилроқ қилиб, ташвишини камайтиришга кўмаклашган.
▸ Мусо ҳақида ўқинг: Саҳрода 11:4–6, 10–17
a Агар ўз жонингизга қасд қилиш хаёллари ҳаддан ташқари қамраб олаётган бўлса ва ишонадиган дўстингиз бўлмаса, ишонч телефонига мурожаат қилсангиз бўлади.