Асосий материалларга ўтиш

Чекиш гуноҳми?

Чекиш гуноҳми?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобда чекиш a ёки тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган. Лекин унда келтирилган принциплардан шуни кўришимиз мумкинки, Худо соғлиққа зарар етказадиган нопок одатларни маъқулламайди ва чекишни гуноҳ деб билади.

  •   Ҳаётни қадрлаш. «Аллоҳ... ҳаммага ҳаёт, нафас... бериб келмоқда». (Ҳаворийлар 17:24, 25) Ҳаёт Худонинг ҳадяси экан, чекиш каби умримизни қисқартирадиган ҳар қандай ишни қилмаслигимиз керак. Дунё бўйлаб ҳаётдан барвақт кўз юмишнинг асосий сабабларидан бири чекишдир.

  •   Яқинингизни севинг. «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг». (Матто 22:39) Одамларнинг олдида чекиш севгидан далолат бермайди. Чекувчиларнинг ёнида доимий равишда туриб тутунидан нафас оладиган кишилар худди улар каби жиддий касалликларга йўлиқиш хавфи бор.

  •   Муқаддас бўлиш. «Таналарингизни тирик, муқаддас, Худога маъқул келадиган қурбонлик сифатида бағишланглар». (Римликларга 12:1) «Келинглар, тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклаб, Худодан қўрқиб, муқаддаслигимизни камолотга етказайлик». (2 Коринфликларга 7:1) Чекиш ғайритабиий бўлиб, муқаддас — тоза ва пок бўлишга халақит беради. Сабаби, тамаки чекаётган киши била туриб танасини заҳарли моддалар билан булғайди.

Марихуана ёки бошқа гиёҳванд моддалардан кўнгилхушлик қилиш ниятида фойдаланиш борасида Муқаддас Китобда нима дейилган?

 Муқаддас Китобда марихуана, шунингдек, наша деб аталадиган ёки унга ўхшаш гиёҳванд моддаларининг номи келтирилмаган. Аммо Каломда, ўрганиб қолиш мумкин бўлган бундай маҳсулотлардан кўнгилхушлик учун фойдаланиш нотўғри эканини кўрсатадиган принциплар келтирилган. Қолаверса, юқоридаги принциплардан ташқари, қуйидаги принциплар ҳақида ҳам ўйлаб кўринг.

  •   Онгимизни назорат қилишимиз керак. «Тангрингиз Яҳовани... бутун онгингиз билан севинг». (Матто 22:37, 38) «Ҳар нарсада ҳушёрликни сақланглар». (1 Бутрус 1:13) Гиёҳванд моддаларини истеъмол қиладиган одам онгини тўла равишда назорат қилолмайди ва кўплар уларга ўрганиб қолади. Бундай одам мустаҳкамлайдиган нарсалар эмас, балки фақат гиёҳванд моддаларини олиш ва уларни истеъмол қилиш ҳақида ўйлайди. (Филиппиликларга 4:8)

  •   Давлат қонунларига бўйсуниш. «Ҳукумату ҳокимиятларга... бўйсуниш». (Титусга 3:1) Кўпгина мамлакатларда гиёҳванд моддаларининг баъзи турларидан фойдаланиш қатъиян ман этилган. Худони мамнун қилишни истасак, ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунишимиз керак. (Римликларга 13:1)

a Бу ерда чекиш сўзи остида сигарета, сигара, трубка ва чилимдан фойдаланиб атайин тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш назарда тутилган. Лекин муҳокама қилинадиган принциплар тамакини чайнашга, ҳидлашга, таркибида никотин моддаси бор электрон сигареталарни ва шунга ўхшаш маҳсулотларни чекишга ҳам тегишли.