Исо Масиҳ қандай қилиб қутқаради?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Исо Масиҳ ўз ҳаётини тўлов қурбонлиги сифатида келтирганда, содиқ инсонларни қутқарган эди. (Матто 20:28) Шу сабабли, у Муқаддас Китобда «дунё қутқарувчиси» дея аталади. (1 Юҳанно 4:14) Қолаверса, у ерда қуйидагича ёзилган: «Одамларни ундан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди, чунки нажот топишимиз учун осмону фалак остида одамларга берилган бошқа исм йўқ». (Ҳаворийлар 4:12)
Исо унга ишонган ҳар бир киши учун «ўлимга рўбарў бўлган». (Ибронийларга 2:9; Юҳанно 3:16) Шу боис, «Аллоҳ уни тирилтирди» ва у руҳий шахс сифатида осмонга қайтди. (Ҳаворийлар 3:15) У ерда Исо «Аллоҳга яқинлашганларни бутунлай қутқаришга қодир. У абадий яшагани боис, улар учун воситачилик қилади». (Ибронийларга 7:25)
Нега Исо биз учун воситачилик қилади?
Барчамиз гуноҳкормиз. (Римликларга 3:23) Гуноҳ Худо билан бизнинг ўртамизда тўсиқ бўлиб, ўлимга етаклайди. (Римликларга 6:23) Лекин Исо унинг тўлов қурбонлигига ишонган кишилар учун «ҳимоячи» сифатида хизмат қилади. (1 Юҳанно 2:1, изоҳ) У воситачилик қилиб, Худодан уларнинг ибодатларини эшитишини ва бу тўлов асосида гуноҳлари кечирилишини сўрайди. (Матто 1:21; Римликларга 8:34) Худо Исо орқали қилинган бу ибодатларни қабул қилади, чунки улар Унинг иродасига мувофиқ. Аллоҳ «дунёни қутқариш» учун Исони ер юзига юборган. (Юҳанно 3:17)
Қутқарилиш учун Исога ишонишнинг ўзи етарлими?
Йўқ. Тўғри, қутқарилиш учун Исога ишониш керак, лекин қилиш керак бўлган яна бир нарса бор. (Ҳаворийлар 16:30, 31) Муқаддас Китобда: «Руҳсиз тана ўлик бўлганидек, ишларсиз имон ҳам ўликдир»,— дейилган. (Ёқуб 2:26) Қутқарилиш учун қуйидагилар керак:
Исо ва Унинг Отаси Яҳовани таниб-билиш лозим. (Юҳанно 17:3)
Уларга нисбатан имонни кучайтириш даркор. (Юҳанно 12:44; 14:1)
Амрларига итоатли бўлиб, имонимизни намоён этишимиз керак. (Луқо 6:46; 1 Юҳанно 2:17) Исо ўргатганидай, унга «Ҳазратим» деб мурожаат қилган ҳар ким эмас, осмондаги Отасининг «хоҳишини бажарган» кишиларгина қутқарилади. (Матто 7:21)
Қийинчиликларга қарамай, имонни намоён этишда тўхтамаслик лозим. Исо: «Фақат охиригача чидаган қутулади»,— деб айтганда, буни таъкидлаган эди. (Матто 24:13)