Жон бу нима?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобдаги ибронийча не́феш ва юнонча психе́ сўзлари «жон» деб таржима қилинади. Ибронийча сўз том маънода «нафас олаётган мавжудотни», юнонча сўз эса «тирик мавжудотни» англатади a. Шундай қилиб, жон инсон ёки ҳайвонни билдиради, у ўлимдан кейин тананинг ичида яшайдиган бирон нима эмас. Муқаддас Китобдаги далиллар ёрдамида инсоннинг жони унинг ўзини англатишини билиб олинг.
Муқаддас Китобга кўра, Тангри Яҳова илк инсон Одаматони яратганида у «тирик жон бўлди». (Ибтидо 2:7) Одаматога жон берилмаган, у тирик жон ёки инсон бўлган.
Муқаддас Китобга кўра, жон меҳнат қилиши, қорни очиши, ейиши, қонунларга бўйсуниши ва жасадга қўл теккизиши мумкин. (Левилар 5:2; 7:20; 23:30; Қонунлар 12:20; Римликларга 13:1) Бу барча ишларни инсоннинг ўзи бажаради, унинг қайсидир «қисми» эмас.
Жон ўлмасми?
Йўқ, жон ўлиши мумкин. Ўнлаб Муқаддас Китоб оятларида жон ўлиши ҳақида айтилган. Мана айрим мисоллар:
«Гуноҳ қилаётган жон ўлади». (Ҳизқиё 18:4, 20)
Қадимги Исроилда инсон энг оғир гуноҳ учун «халқи орасидан йўқ қилиниши» керак эди. (Чиқиш 12:15, 19; Левилар 7:20, 21, 27; 19:8) Инсон Шаббатга риоя қилмагани учун «ўлимга маҳкум этиларди». (Чиқиш 31:14)
Том маънода «ўлган киши» деб таржима қилинган ибора айрим Муқаддас Китоб оятларида инсоннинг жасади ҳақида гап кетганида ишлатилади. (Левилар 21:11; Саҳрода 6:6) Гарчи аксарият Муқаддас Китоб таржималарида мазкур оятларда «ўлик тана» ёки «ўлик инсон» деган иборалар ишлатилган бўлса ҳам, асл ибронийча матнда не́феш, яъни «жон» сўзи турибди.
«Жон» «ҳаётни» англатиши мумкин
Шунингдек, Муқаддас Китобда «жон» сўзи «ҳаёт» сўзининг синоними сифатида ишлатилади. Масалан, Аюб 33:22 а ибронийча «жон» (не́феш) сўзи «ҳаёт» маъносида ишлатилган. Қолаверса, Муқаддас Китобда инсон ўз жонини, яъни ҳаётини хавф остига қўйиши ёки уни йўқотиши мумкинлиги ҳақида айтилган. (Чиқиш 4:19; Ҳакамлар 9:17; Филиппиликларга 2:30)
«Жон» сўзи «ҳаёт» маъносида қўлланилиши Ибтидо 35:18 ни тушунишимизга ёрдам беради. У ерда жон «узилиши» ҳақида айтилган. Бундай мажозий ибора инсоннинг ҳаёти ўз ниҳоясига етаётганини билдиради. Айрим таржималарда Ибтидо 35:18 даги ибора «охирги нафас» деб ўгирилган. («Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016»)
Ўлмас жон ҳақидаги таълимот қаердан келиб чиққан?
Христиан олами бу таълимотни Муқаддас Китобдан эмас, қадимги юнон фалсафасидан ўзлаштирган. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Муқаддас Китобда инсоннинг руҳий ва жисмоний танаси борлиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган, аксинча шунчаки жон нафас олиши таъкидланган. Христианларнинг бир тана икки қисмга бўлиниши ҳақидаги таълимоти қадимги юнонлардан келиб чиққан. («Encyclopædia Britannica»)
Худо Ўз таълимотларини инсоний фалсафа, жумладан, ўлмас жон ҳақидаги таълимот билан аралаштиришни маъқул деб билмайди. Муқаддас Китобда шундай огоҳлантириш бор: «Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизларни фалсафа ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар инсоний урф-одатларга... асосланган». (Колосаликларга 2:8)
a Кўплаб Муқаддас Китоб таржималарида не́феш ва психе́ сўзлари матн таркибига қараб ўгирилган ва «жон», «ҳаёт», «инсон», «мавжудот» ёки «тана» деб ишлатилган.