Дин сиёсатга аралашиши керакми?
Ўзини Исо Масиҳнинг издоши деб атайдиган кўп инсонлар фаоллик билан сиёсий ишларда қатнашади. Баъзилар номзодларни ва сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш орқали ўзларининг диний эътиқодини ва ахлоқий қадриятларини олға суради. Шу билан бирга кўпинча сиёсатчилар диндор одамларнинг эътиборини қозониш учун ахлоқий ёки ижтимоий масалаларда нутқлар айтади. Ҳа, диний раҳбарлар сиёсатда бирор мартабага эга бўлиши оддий ҳол. Баъзи мамлакатларда эса христиан ташкилотлари давлат дини мақомига эга.
Нима деб ўйлайсиз? Исо Масиҳнинг шогирдлари сиёсатга аралашиши керакми? Исонинг ўрнагини кўриб чиқиш бу саволга жавоб топишга кўмаклашади. У шундай деган: «Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея ўрнак кўрсатдим». (Юҳанно 13:15) Хўш, Исо қандай ўрнак кўрсатган?
Исо сиёсатга аралашганми?
Йўқ. У дунёнинг сиёсий ишларига қўшилмаган.
Исо сиёсий мартабага интилмаган. Шайтон Иблис «дунёнинг барча шоҳликларини», яъни инсоний ҳукуматларни бошқариш имкониятини таклиф қилганида у буни рад этган. (Матто 4:8–10) a Бошқа сафар Исонинг бошқариш қобилиятини кўрган инсонлар уни шоҳ этиб тайинламоқчи бўлишган. Бу ҳақда Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Одамлар уни шоҳ қилиш ниятида тутиб олишмоқчи эканини билиб, Исо яна бир ўзи тоққа чиқиб кетди». (Юҳанно 6:15) Ҳа, Исо одамларнинг таклифини рад этган ва сиёсий ишларга аралашмаган.
Сиёсий масалаларда Исо ҳеч кимнинг томонини эгалламаган. Мисол учун, Исо яшаган даврда яҳудийлар Рим ҳукуматига солиқ тўлашаётганидан норози бўлишган ва буни адолатсизлик деб ҳисоблашган. Улар Исо кимнинг тарафини олиши билан қизиқишган. Лекин у солиқ тўлаш ёки тўламаслик борасидаги баҳс-мунозарага аралашмаган. У: «Подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»,— деб айтган. (Марк 12:13–17) Исо бу масалада бетараф бўлганига қарамай, подшоҳга, яъни Рим ҳукуматига у талаб қилаётган солиқларни тўлаш кераклигини кўрсатган. Шу билан бирга, Исо ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунишнинг чегараси борлигини ҳам айтган. Инсон Худога тегишлисини Худога бериши керак, яъни Унга топиниб садоқатни намоён этиши лозим. (Матто 4:10; 22:37, 38)
Исо Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлаган ва у ҳақда бошқаларга айтган. (Луқо 4:43) У Худонинг ерга нисбатан илк ниятини инсоний ҳукуматлар эмас, балки Худонинг Шоҳлиги амалга оширишини тушунган. Шу сабабдан, Исо сиёсий масалаларда бетарафликни сақлаган. (Матто 6:10) У Худонинг Шоҳлиги бошқариш учун ердаги ҳокимиятлардан фойдаланмаслигини ва уларнинг ўрнини эгаллашини билган. (Дониёр 2:44)
Биринчи асрдаги масиҳийлар сиёсатга аралашганми?
Йўқ. Исонинг издошлари унинг: «Дунёга тегишли эмассиз»,— деган сўзларига бўйсунишган. (Юҳанно 15:19) Улар Исонинг ўрнагига эргашишган ва сиёсатдан узоқроқ юришган. (Юҳанно 17:16; 18:36) Илк масиҳийлар сиёсий ишлар билан эмас, балки Исонинг топшириғи билан банд бўлишган, яъни Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни ваъз қилиб, бошқаларга таълим беришган. (Матто 28:18–20; Ҳаворийлар 10:42)
Илк масиҳийлар учун Худога бўйсуниш энг муҳими бўлган бўлса-да, ҳукмрон ҳокимиятга ҳурмат кўрсатишган. (Ҳаворийлар 5:29; 1 Бутрус 2:13, 17) Улар қонунларга амал қилишган ва солиқларни тўлашган. (Римликларга 13:1, 7) Биринчи асрдаги масиҳийлар сиёсатга аралашмаган. Лекин ҳукумат тақдим этган юридик ҳимоя ва хизматлардан фойдаланишган. (Ҳаворийлар 25:10, 11; Филиппиликларга 1:7)
Масиҳийлар бугунги кунда бетарафликни сақлашмоқда
Муқаддас Китобдан Исо ҳамда унинг илк издошлари сиёсатга аралашмаганини билиб оляпмиз. Шунинг учун, Яҳованинг Шоҳидлари масиҳийлар сифатида бутун дунё бўйлаб бетарафликни сақлашмоқда. Биринчи асрдаги масиҳийлар каби улар Исонинг «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» ваъз этиш топшириғини бажаришяпти. (Матто 24:14)
a Исо Шайтоннинг таклифини рад этганида, у дунё устидан ҳокимиятга эга эканини инкор этмаган. Кейинчалик, у Шайтонни «бу дунёнинг ҳукмдори» деб атаган. (Юҳанно 14:30)