ХАЙР-ЭҲСОНЛАР ҚАЙ ЙЎСИН САРФЛАНАДИ?
Гилад мактаби халқаро миқёсда
2020 ЙИЛ 1 ДЕКАБРЬ
Ҳар йили дунё бўйлаб тўла вақтли махсус хизматдаги бир қанча биродару опа-сингилларимиз Қўриқчи Минораси Жамиятининг ўқув-таълим марказидаги (Паттерсон, Нью-Йорк) Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабида ўқишга таклиф қилинади a. Бу мактабда улар Яҳованинг ташкилотидаги вазифасини янада самарали бажаришни ўрганади. Олган таълими ёрдамида улар дунё бўйлаб жамоатлару ташкилотимиз филиалларини қўллаб-қувватлаб, мустаҳкамлай олади.
Гилад чинакамига халқаро мактабдир. Масалан, 2019 йили ўтказилган 147- синфда 29 та мамлакатдан бўлган 56 та талаба ўқиди. Гиладга таклиф қилинганлар байтилчи, туман нозири, тўла вақтли махсус ваъзгўй ёки махсус кашшоф каби тўла вақтли махсус хизматда иштирок этиб келаётган ваъзгўйлар бўлади.
Мактабга тайёргарлик ўқиш бошланишидан анча олдин бошланади. Масалан, бош идорадаги Сафарлар бўлими мактабга таклиф қилинганлар учун чипталар харид қилади. Гилад мактабининг 147- синфига таклиф қилинган ҳар бир чет эллик талаба учун Паттерсонга келиш ва уйига қайтиш ўртача ҳисобда 1 075 АҚШ долларига тушди. Соломон оролларидан бўлган талабалар Паттерсонга келиш учун тўртта, ортга қайтаётганда эса учта самолётга ўтиришига тўғри келди. Умумий ҳисобда улар 35 400 километрдан ошиқ масофани учиб ўтди. Бу уларнинг ҳар бири учун 2 300 АҚШ долларига тушди. Пулни тежаш учун бош идорадаги Сафарлар бўлими компьютердаги буюртма дастури орқали арзонроқ нархлардаги чипталарни излайди. Чипта банд қилиб қўйилганидан кейин ҳам ўша дастур ҳафталар ва ҳатто ойлар мобайнида нархлар тушишини текширишда давом этади. Бош идорадаги Сафарлар бўлими чипта харид қилиш мақсадида эҳсон қилинган баллар ва миллардан ҳам фойдаланади.
Талабаларнинг кўпига Қўшма Штатларга келиш учун виза керак. Шу боис, бош идорадаги Юридик бўлим талабаларга виза олишга ёрдам беради. Ҳар бир талабага виза олиш ва уни рўйхатдан ўтказиш учун ўртача 510 АҚШ доллари сарфланади.
Хўш, талабалар олган таълим бизга қандай фойда келтиради? Гендра Гунаван Жануби-Шарқий Осиёда оқсоқол сифатида хизмат қилади. У Гиладни битирган жуфтлик билан бир жамоатда ҳамкорлик қилади. У шундай деди: «Олдинлари жамоатимизда доимий кашшоф йўқ эди. Аммо бу жуфтлик келгач, уларнинг ғайратию тайёрлик руҳи бошқаларга ҳам таъсир қилди ва улар кашшофлик хизматини бошлади. Кейинчалик жамоатимиздаги бир опа ҳатто Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиди!»
Сергио Панжаитан Жануби-Шарқий Осиёдаги филиалда Гилад битирувчилари билан ҳамкорлик қилади. У қуйидагича бўлишди: «Улар олган таълим нафақат уларнинг, балки бизнинг ҳам баракамизга айланди. Улар роса кўп нарсани ўрганди! Лекин улар ўзини бошқалардан устун қўймайди, аксинча, ўрганганларини бошқалар билан бўлишади. Бу бизга далда келтиради, биз эса, ўз навбатида, бошқаларга далда берамиз».
Бу мактабнинг сарф-харажатлари қай йўсин қопланади? Умумжаҳон фаолиятга қилинадиган хайр-эҳсонлар орқали ва уларнинг кўпи donate.jw.org сайтидаги усуллар орқали амалга оширилади. Сахийлик ила қилаётган хайр-эҳсонларингиз учун миннатдормиз. Улар ёрдамида ушбу халқаро мактаб ўтказилмоқда.
a Ушбу мактабнинг ўқув дастури Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгашининг Маориф қўмитаси кўрсатмалари асосида Ташкилотимиз мактабларини назорат қилувчи бўлим томонидан тайёрланган. Мактабда мазкур бўлимдаги ва таклиф қилинган биродарлар, жумладан, Етакчи кенгаш аъзолари таълим беради.