Шоҳлар тўртинчи китоб 7:1–20

  • Элишай очлик тугашини башорат қилади (1, 2)

  • Сурияликлар ташлаб кетган қароргоҳ (3–15)

  • Элишайнинг башорати амалга ошади (16–20)

7  Элишай деди: «Яҳованинг сўзига қулоқ тутинглар. Яҳова шундай демоқда: “Эртага тахминан шу пайтда Самария шаҳрининг дарвозаси олдида бир сеха* олий навли ун — бир шекелга*, икки сеха арпа — бир шекелга тенг бўлади”+». 2  Шоҳнинг ишончли ёрдамчиси ҳақ Худонинг одамига: «Яҳова осмон қопқаларини очиб юборса ҳам, бундай бўлиши амримаҳол!»+ — деб айтди. Элишай унга: «Сен буни ўз кўзларинг билан кўрасан+, лекин ундан емайсан»+,— деб жавоб қайтарди. 3  Шаҳар дарвозаси ёнида мохов касалига чалинган тўрт киши ўтирган эди+. Улар ўзаро: «Ўлимимизни кутиб, шу ерда ўтираверамизми? 4  Агар шаҳарга кирадиган бўлсак, ўша ерда ўламиз, чунки ҳозир очарчилик ҳукм суряпти+. Бу ерда ўтираверсак ҳам ўламиз. Ундан кўра, сурияликлар қароргоҳига борайлик. Улар бизни тирик қолдиришса — яшаймиз, ўлдиришса — ўламиз»,— дейишди. 5  Оқшом пайтида улар ўринларидан туриб, сурияликлар қароргоҳига боришди. Қароргоҳ чеккасига етиб боришганда, у ерда ҳеч ким йўқ эди. 6  Боиси, Яҳова Сурия қароргоҳига жанг аравалари, отлар ва катта қўшиннинг товушини эшиттирди+. Шунда улар бир-бирига: «Исроил шоҳи бизга қарши чиқиш учун хетийлар ва Миср шоҳларини ёллабди!» — деб айтишди. 7  Оқшом пайтида улар ўринларидан тура солиб, чодирларини, отларини, эшакларини ва қароргоҳдаги бор нарсаларини ташлаб, жонларини қутқариш учун қочиб кетишди. 8  Қароргоҳ чеккасига етиб келган мохов кишилар чодирлардан бирига кириб еб-ичишди. Улар ўша ердан кумуш, олтин ва кийимларни олиб, яширишди. Сўнг қайтиб келиб, бошқа чодирга киришди-да, ундаги нарсаларни ҳам олиб яшириб қўйишди. 9  Ниҳоят улар бир-бирига: «Биз тўғри иш қилмаяпмиз. Ахир бугун хушхабарлар куни-ку! Агар имиллаб тонг отгунча кутиб ўтирсак, жазога тортиламиз. Юринглар, шоҳнинг уйига хабар берайлик»,— дейишди. 10  Улар бориб, дарвозабонларни чақиришди-да, уларга: «Биз сурияликлар қароргоҳига бориб келдик. У ерда ҳеч ким йўқ экан, бирон инсоннинг овозини ҳам эшитмадик. Отлар билан эшаклар боғланган ҳолда турибди, чодирлар ҳам шундайлигича ташлаб кетилган»,— деб хабар беришди. 11  Дарвозабонлар шу заҳоти бу хабарни шоҳнинг уйига етказишди. 12  Шоҳ тунда дарҳол ўрнидан туриб, хизматчиларига: «Сурияликлар нимани режалаштирганини мен сизларга айтаман. Улар оч эканимизни билади+. Шу сабабли, сурияликлар: “Улар шаҳардан чиқишади, шунда биз уларни тириклайин тутиб, шаҳарга кирамиз”,— деган фикрда қароргоҳни ташлаб, далада яширинишган»+,— деб айтди. 13  Хизматчиларидан бири эса: «Бир нечта одам шаҳарда қолган бешта отни олиб, нима юз берганини билиб келсин. Борди-ю, уларни ўлдиришса, ҳечқиси йўқ. Чунки улар у ерга бормаган тақдирда ҳам, барибир бошқа исроилликлар билан бирга ўлиб кетишади»,— деди. 14  Шундай қилиб, улар отларга қўшилган иккита аравани олиб келишди. Шоҳ: «Бориб, билиб келинглар»,— дея, уларни сурияликлар қароргоҳига жўнатди. 15  Улар сурияликлар изидан Иордангача боришди. Саросимага тушиб қочиб кетган сурияликларнинг кийимлари ва буюмлари йўл бўйлаб сочилиб ётарди. Юборилган кишилар қайтиб, барини шоҳга айтиб беришди. 16  Халқ бориб, сурияликлар қароргоҳини талон-торож қилди. Шунда Яҳованинг сўзларига биноан, бир сеха олий навли ун — бир шекелга, икки сеха арпа — бир шекелга тенг бўлди+. 17  Шоҳ ишончли ёрдамчисини дарвоза олдига назоратчи қилиб қўйганди. Аммо у, дарвозадан кириб чиқаётган халқнинг оёғи остида қолиб кетиб, топталиб ўлди. Шу тариқа, ҳақ Худонинг одами шоҳнинг олдига келиб айтган сўзи амалга ошди. 18  Ҳақ Худонинг одами шоҳга: «Эртага тахминан шу пайтда Самария шаҳрининг дарвозаси олдида икки сеха арпа — бир шекелга, бир сеха олий навли ун — бир шекелга тенг бўлади»,— деб айтган сўзлари бажо бўлди+. 19  Ўшанда шоҳнинг ёрдамчиси ҳақ Худонинг одамига: «Яҳова осмон қопқаларини очиб юборса ҳам, бундай бўлиши амримаҳол!» — деб айтган эди. Элишай эса унга: «Сен буни ўз кўзларинг билан кўрасан, лекин ундан емайсан»,— деб жавоб қайтарган эди. 20  Айнан айтилгандай юз берди: у халқнинг оёғи остида қолиб кетиб, топталиб ўлди.

Изоҳлар

Бир сеха=7,33 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.