Шоҳлар тўртинчи китоб 13:1–25
13 Яҳудо шоҳи Охазиё+ ўғли Йўш+ ҳукмронлигининг 23- йили, Ёҳунинг+ ўғли Ёҳухоз Самарияда Исроил устидан шоҳ бўлди ва 17 йил ҳукмронлик қилди.
2 У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишда давом этиб, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан айрилмади+. Ёҳухоз бу йўлдан қайтмади.
3 Шу боис, Исроилга нисбатан Яҳованинг ғазаби+ аланга олиб+, уларни қайта-қайта Сурия шоҳи Хазайил+ ҳамда ўғли Банҳададнинг+ қўлига топширди.
4 Ёҳухоз вақт ўтиб, Яҳовадан илтифот кўрсатишини сўраб ёлворди ва Яҳова уни эшитди. Сабаби, У Сурия шоҳи Исроилга ўтказаётган зулмни кўрган эди+.
5 Яҳова Исроилни Суриянинг исканжасидан озод этиш учун бир нажоткорни юборди+ ва исроилликлар илгаригидай ўз уйларида* яшай бошлашди.
6 (Аммо улар Исроилни гуноҳга ботирган Ёрубом хонадонининг гуноҳларидан қайтишмади+. Улар гуноҳ қилишда давом этишди ва Самарияда муқаддас устунлар+ йўқ қилинмади.)
7 Ёҳухоз 50 та отлиқ, 10 та арава ҳамда 10 000 та пиёда аскарлари билан қолган эди. Чунки уларни Сурия шоҳи донни янчгандай янчиб ташлаган эди+.
8 Ёҳухознинг ҳаёти, эришган ютуқлари ва амалга оширган ишлари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган.
9 Кейин Ёҳухоз вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва уни Самарияда дафн этишди+. Ўрнига ўғли Йўш шоҳ бўлди.
10 Яҳудо шоҳи Йўш ҳукмронлигининг 37- йили, Ёҳухоз ўғли Йўш+ Самарияда Исроил устидан шоҳ бўлиб, 16 йил ҳукмронлик қилди.
11 У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишда давом этди ва Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан қайтмади+. Бу гуноҳларни қилишда давом этди.
12 Йўшнинг ҳаёти, эришган ютуқлари, амалга оширган ишлари ва Яҳудо шоҳи Эмозиё билан қилган жанги+ ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган.
13 Кейин Йўш вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва ўрнига Ёрубом*+ тахтга ўтирди. Йўш Самарияда, Исроил шоҳлари ёнига дафн этилди+.
14 Элишай+ касалга чалиниб, ўлим тўшагида ётган эди. Исроил шоҳи Йўш унинг олдига келиб: «Ота, отажон! Исроилнинг аравасию отлиқлари!»+ — дея йиғлай бошлади.
15 Элишай унга: «Камон билан ўқларни ол»,— деди. Йўш камон билан ўқларни олди.
16 У Исроил шоҳига: «Камонни қўлингга ол»,— деди. У камонни қўлига олгач, Элишай қўлларини шоҳнинг қўллари устига қўйди.
17 Элишай: «Шарқ томондаги деразани оч!» — деди. У очганида, Элишай унга: «От!» — деди ва у шундай қилди. У шоҳга: «Бу — Яҳованинг ғалаба ўқи, Сурияга қарши отилган ўқи! Сен Офоқда+ Сурияни мағлуб этмагунингча қирасан»,— деб айтди.
18 Кейин унга: «Ўқларни ол»,— деди. Исроил шоҳи ўқларни олгач, Элишай унга: «Ўқларни ерга ур»,— деди. У ўқларни олиб, уч марта ерга урди-да, тўхтаб қолди.
19 Ҳақ Худонинг одами бундан жаҳли чиқиб, деди: «Сен ерга беш ёки олти марта уришинг керак эди! Шунда Сурия устидан мутлақ ғалаба қозонган бўлардинг. Энди бўлса Сурияни уч марта енгасан, холос»+.
20 Бундан сўнг Элишай оламдан ўтиб, дафн этилди. Ҳар йилнинг бошида* бу юртга мўабликларнинг босқинчилар тўдаси+ келарди.
21 Кунларнинг бирида, одамлар бир кишини дафн этишаётганида, босқинчилар тўдасини кўриб қолишди. Улар ўша заҳотиёқ мурдани Элишай дафн этилган жойга ташлаб, қочиб кетишди. Унинг жасади Элишайнинг суякларига тегиши билан, у тирилиб+, оёққа турди.
22 Ёҳухоз ҳукмронлик қилган даврда Сурия шоҳи Хазайил+ Исроилга жабр-зулм ўтказиб келди+.
23 Бироқ Яҳова Иброҳим+, Исҳоқ+ ва Ёқуб+ билан қилган аҳдига кўра уларга илтифот ва раҳм-шафқат кўрсатиб+, ғамхўрлик қилди. Уларни йўқ қилиб ташлашни истамади ва бугунга қадар уларни Ўз ҳузуридан қувиб чиқармади.
24 Сурия шоҳи Хазайилнинг вафотидан кейин, ўрнига ўғли Банҳадад шоҳ бўлди.
25 Йўш отаси Ёҳухоздан Хазайил жангда тортиб олган ерларни Банҳададдан қайтариб олди. У Хазайил ўғли Банҳададни уч марта мағлуб этиб+, Исроил шаҳарларини қайтадан қўлга киритди.
Изоҳлар
^ Яъни тинчлик ва хавфсизликда.
^ Яъни Ёрубом II.
^ Сўзма-сўз «йил бошланганда», чамаси баҳорда.