Шоҳлар иккинчи китоб 13:1–39
13 Довуднинг ўғли Абсаломнинг Тамара+ исмли гўзал синглиси бор эди. Довуднинг ўғли Омнўн+ эса уни севиб қолди.
2 Тамара бокира бўлгани боис, Омнўн учун унга яқинлашиш имконсиз бўлиб кўринарди. Омнўн бу ҳақда ўйлаб қаттиқ жафо чекканидан касал бўлиб қолди.
3 Омнўннинг Ёҳунадов+ деган жуда муғомбир дўсти бор эди. У Довуднинг акаси Шимохнинг+ ўғли эди.
4 Ёҳунадов ундан: «Айтинг-чи шаҳзодам, нега доим хомушсиз?» — деб сўради. Омнўн: «Мен укам Абсаломнинг синглиси+ Тамарани севиб қолганман»,— деб айтди.
5 Ёҳунадов унга шундай деди: «Ўрнингизга ётиб, ўзингизни касалга солинг. Отангиз сизни кўргани келганларида, у кишига: “Илтимос, синглим Тамара келиб, менга таом тайёрлаб берсин. Кўз олдимда беморга бериладиган таомдан пишириб берса, унинг қўлидан еган бўлардим”,— деб айтинг».
6 Шундай қилиб, Омнўн ўзини касалга солиб, ётиб олди. Шоҳ уни кўргани келганида, Омнўн шоҳга: «Илтимос, синглим Тамара келиб, кўз олдимда менга иккита нон* пишириб берсин, унинг қўлидан таом еяйин»,— деб айтди.
7 Шунда Довуд Тамарага: «Аканг Омнўннинг уйига боргин-да, унга таом тайёрлаб бергин»,— деб айтиш учун унинг уйига одам юборди.
8 Тамара тўшакда ётган акаси Омнўннинг уйига борди. У хамир қориб, акасининг кўз олдида нон ясади-да, нонларни* пиширди.
9 Кейин Тамара уларни товадан олиб, Омнўннинг олдига қўйди. Лекин Омнўн ейишни истамай: «Ҳаммангиз чиқиб кетинг!» — деб буюрди ва ҳамма чиқиб кетди.
10 Омнўн Тамарага: «Таомни ётоқхонага олиб кир, сенинг қўлингдан ейман»,— деди. Тамара пиширган нонларини олиб, акаси Омнўннинг ётоқхонасига олиб кирди.
11 Тамара, акаси ейиши учун нонни яқин олиб келганида, Омнўн уни ушлаб олиб: «Синглим, кел, мен билан ёт»,— деди.
12 Аммо Тамара унга: «Йўқ, ака! Мени хўрламанг! Ахир Исроилда бундай қилинмайди-ку+. Бундай шармандали ишга қўл урманг+.
13 Бу шармандалик билан кейин қандай яшайман? Сиз ҳам Исроилда ахлоқсиз одам деган ном чиқарасиз. Илтимос, шоҳга айтинг, мени сизга беришга қарши бўлмайдилар»,— деб айтди.
14 Бироқ Омнўн уни тинглашни истамади. У куч ишлатиб, унинг номусига тегиб хўрлади.
15 Бундан сўнг, Омнўн Тамарадан қаттиқ нафратланиб кетди. Унинг нафрати унга бўлган севгисидан кучлироқ эди. Омнўн унга: «Тур, йўқол бу ердан!» — деди.
16 Тамара бўлса: «Йўқ, акажон, мени ҳайдаманг! Бу ишингиз, бундан олдингисидан ҳам ёмонроқ-ку!» — деб айтди. Лекин Омнўн уни тинглашни хоҳламади.
17 У бир хизматчи йигитни чақириб: «Манавини ташқарига чиқариб, орқасидан эшикни бекитиб қўй»,— деди.
18 (Қизнинг эгнида шоҳнинг бокира қизлари кийиб юрадиган нақшли* камзули бор эди.) Омнўннинг хизматкори уни ташқарига чиқариб юбориб, орқасидан эшикни бекитиб қўйди.
19 Тамара бошига кул сепиб+, эгнидаги чиройли камзулини йиртиб ташлади. У қўллари билан бошини ушлаб кета бошлади, у йўл бўйи йиғлаб кетди.
20 Буни кўриб, Абсалом+ унга: «Аканг Омнўн сени шу кўйга солдими? Синглим, бу ҳақда ҳеч кимга айтма. У аканг бўлади+. Буни ўйлаб юрагинг эзилмасин»,— деди. Тамара ҳеч кимга қўшилмай, акаси Абсаломнинг уйида яшай бошлади.
21 Шоҳ Довуд бу ҳақда эшитганида, қаттиқ жаҳли чиқди+. Бироқ Омнўн унинг тўнғичи бўлиб, уни яхши кўргани боис хафа қилгиси келмади.
22 Абсалом эса Омнўнга лом-мим демади, яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам айтмади. Синглиси Тамарани хўрлагани учун+, Абсалом Омнўнни ёмон кўриб қолди+.
23 Икки йил ўтгач, Абсалом Эфрайим+ яқинидаги Баал-Хазорда қўйларининг жунини қирқтираётганда, шоҳнинг барча ўғилларини зиёфатга чақирди+.
24 Абсалом шоҳнинг олдига келиб: «Хизматкорингиз қўйларининг жунини қирқяпти. Илтимос, шоҳ ҳазратлари ҳам хизматкорлари билан бирга мен билан борсинлар»,— деди.
25 Лекин шоҳ Абсаломга: «Йўқ, ўғлим. Агар ҳаммамиз борсак, сенга оғирлигимиз тушади»,— деб айтди. Абсалом кўндиришга қанча уринмасин, у рози бўлмади. Ўзи бормаса ҳам, уни дуо қилди.
26 Шунда Абсалом шоҳга: «Агар сиз бормасангиз, акам Омнўн биз билан борсин»+,— деди. Шоҳ бўлса: «Нега айнан Омнўн сен билан бориши керак?» — деб сўради.
27 Абсалом ялиниб сўрайверганидан, шоҳ Омнўнни ва барча ўғилларини у билан бирга юборди.
28 Абсалом хизматкорларига: «Кузатиб туринглар. Омнўн шароб ичиб, димоғи чоғ бўлганида, мен сизларга: “Омнўнни ўлдиринглар!” — деб буюраман. Шу заҳоти уни ўлдиринглар. Қўрқманглар, чунки бу буйруқни мен беряпман. Дадил ва ботир бўлинглар»,— деб айтди.
29 Абсаломнинг хизматкорлари у буюрганидай, Омнўнни ўлдиришди. Буни кўрган шоҳнинг барча ўғиллари дарҳол ўринларидан туриб, хачирларига минишди-да, қочиб кетишди.
30 Улар ҳали йўлда келаётганда, Довудга: «Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдирибди, ҳеч бири тирик қолмабди»,— деган хабар етди.
31 Бу ҳақда эшитиши билан, шоҳ ўрнидан турди-да, кийимларини йиртиб, ўзини ерга отди. Ёнида турган хизматкорлари ҳам кийимларини йиртишди.
32 Аммо Довуднинг акаси Шимохнинг+ ўғли Ёҳунадов+ шундай деди: «Шоҳ ҳазратлари барча ўғилларим ўлибди, деб ўйламасинлар, фақат Омнўн ўлди+. Уни Абсаломнинг буйруғи билан ўлдиришди+. Синглиси Тамарани+ Омнўн хўрлагандан+ кейин шундай қилишни Абсалом юрагига тугиб қўйган экан.
33 Шу боис: “Шоҳнинг ҳамма ўғиллари ўлибди”,— деган хабарга шоҳ ҳазратлари ишонмасинлар*. Фақат Омнўн ўлди, холос».
34 Бу орада, Абсалом қочиб кетди+. Бироз ўтгач, қўриқчи бошини кўтариб, тоғнинг этагидаги йўлдан бир гала одам келаётганини кўриб қолди.
35 Шунда Ёҳунадов+: «Қаранг, шоҳ ўғиллари қайтишяпти! Хизматкорингизнинг айтганлари тўғри чиқди»,— деди.
36 У гапини тугатиши билан, шоҳ ўғиллари уввос тортиб йиғлаб кириб келишди. Шоҳ билан барча хизматкорлари ҳам дод солиб йиғлашди.
37 Абсалом, Гашур шоҳи Омиҳуд ўғли Талмайнинг+ олдига қочиб кетди. Довуд узоқ вақт ўғли Омнўн учун мотам тутди.
38 Абсалом Гашурга+ қочиб кетгач, ўша ерда уч йил яшаб юрди.
39 Довуд Омнўннинг ўлимига анча кўникканидан сўнг, охири Абсаломни жуда соғинди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «юрак шаклида нон».
^ Эҳтимол, нон сингари тандирда эмас, балки кўп миқдордаги ёғда кўпчиб пишган кулчага ўхшаш бўлган.
^ Ёки «ўзгача».
^ Сўзма-сўз «юракларига олмасинлар».