Шоҳлар биринчи китоб 7:1–17

  • Аҳд сандиғи Хират-Ёримда (1)

  • Шомуил халқни фақат Яҳовага хизмат қилишга ундайди (2–6)

  • Исроилликлар Миспахда ғалаба қозонади (7–14)

  • Шомуил Исроилда ҳакамлик қилади (15–17)

7  Хират-Ёримдан келган одамлар Яҳованинг сандиғини олишди-да, Абунадовнинг тепаликда жойлашган уйига келтиришди+. Сўнг унинг ўғли Элазарни Яҳованинг сандиғини қўриқлаш вазифасига тайинлашди*. 2  Сандиқ Хират-Ёримга олиб келинганидан кўп вақт — 20 йил ўтди ва бутун Исроил хонадони фарёд қилиб, Яҳовани излай бошлади+. 3  Шунда Шомуил бутун Исроил хонадонига: «Агар бутун қалбингиз билан+ Яҳовага қайтсангиз, бегона худоларни+ ва Аштаретнинг* тасвирларини+ орангиздан йўқ қилсангиз, иккиланмасдан қалбингизни Яҳовага бериб, фақат Унга хизмат қилсангиз+, У сизларни филистимликлар қўлидан қутқаради»+,— деб айтди. 4  Исроилликлар Бааллар ва Аштаретнинг тасвирларини йўқ қилиб, фақатгина Яҳовага хизмат қилишди+. 5  Сўнг Шомуил: «Бутун Исроил халқини Миспахда+ йиғинглар ва мен сизлар учун Яҳовага ибодат қиламан»+,— деди. 6  Халқ Миспахда йиғилди. Улар сув тортиб, уни Яҳованинг олдида тўкишди* ва ўша куни рўза тутишди+. Улар: «Биз Яҳовага қарши гуноҳ қилдик»+,— деб айтишди. Шомуил Миспахдан туриб исроилликлар устидан ҳакамлик қила бошлади+. 7  Исроилликлар Миспахда йиғилганини филистимликлар эшитишди. Шунда филистимликларнинг беклари+ Исроилга қарши жангга отланишди. Исроилликлар бундан хабар топгач, филистимликлардан қўрқиб қолишди ва 8  Шомуилга: «Бизга ёрдам бериб, филистимликлар қўлидан бизни қутқариши учун, Тангримиз Яҳовага тинмай ибодат қилинг»+,— деб ёлворишди. 9  Шомуил қўзичоқни олиб, Яҳовага бутунлайин куйдириладиган қурбонлик қилиб келтирди+. У Исроил халқи учун Яҳовадан ёрдам сўради ва Яҳова уни эшитди+. 10  Шомуил куйдириладиган қурбонликни келтиргач, филистимликлар Исроил халқи билан жанг қилгани чиқишди. Ўша куни Яҳова филистимликларга қарши кучли момақалдироқ гулдуратиб+, уларни саросимага солди+ ва исроилликлар уларни мағлуб этишди+. 11  Исроилликлар Миспахдан чиқиб филистимликларни таъқиб қилишди ва Байт-Корнинг жанубигача уларни қириб боришди. 12  Кейин Шомуил бир тош олиб+, уни Миспах билан Яшоно ўртасига ўрнатди ва унга Эванзор* деб ном берди. Сўнг: «Яҳова шу ергача бизга ёрдам берди»+,— деб айтди. 13  Шу тариқа филистимликлар бўйсундирилди ва улар Исроил ҳудудига жанг қилгани қайта келишмади+. Шомуилнинг умри давомида Яҳованинг қўли филистимликларга қарши эди+. 14  Филистимликлар Исроилдан тортиб олган шаҳарларни — Эхрондан то Гатгача бўлган шаҳарларни — Исроилга қайтариб беришди. Бу шаҳарларга тегишли ҳудудни исроилликлар филистимликлардан қайтариб олишди. Исроил халқи билан аморийлар+ ўртасида ҳам тинчлик ўрнатилди. 15  Шомуил умр бўйи Исроилга ҳакамлик қилди+. 16  У ҳар йили Байтил+, Гилгал+ ва Миспахни+ айланиб чиқиб, ушбу шаҳарларда Исроил халқига ҳакамлик қиларди. 17  Сўнг Рамага+ қайтарди, чунки уйи ўша ерда эди ва у ерда ҳам Исроил халқига ҳакамлик қиларди. Шомуил ўша ерда Яҳовага қурбонгоҳ бунёд этди+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «муқаддас қилишди».
Ёки «Астарта, Иштар».
Тавба қилишганини кўрсатувчи рамзий одат бўлиши мумкин.
Маъноси «ёрдам тоши».