Шоҳлар биринчи китоб 30:1–31

  • Омолеклар Зихлахга бостириб кириб, ўт қўйиб юборишади (1–6)

    • Довуд Яҳовадан мадад олади (6)

  • Довуд омолекларни енгади (7–31)

    • Довуд асирларни озод этади (18, 19)

    • Ўлжани тақсимлаш ҳақида Довуднинг кўрсатмаси (23, 24)

30  Учинчи куни Довуд билан одамлари Зихлахга+ етиб келишса, омолеклар+ жанубга* ва Зихлахга ҳужум уюштиришган ҳамда Зихлахга бостириб кириб, ўт қўйиб юборишган экан. 2  Улар ҳеч кимни ўлдирмай, у ердаги аёллару+ ёшу қарининг барини асирликка олиб, қайтиб кетишган экан. 3  Довуд билан одамлари шаҳарга келишгач, унга ўт қўйиб юборилганини, хотинлари ва ўғилу қизлари эса асир қилиб олиб кетилганини кўришди. 4  Шунда Довуд билан одамлари фарёд солиб йиғлай бошлашди. Улар йиғлайвериб, охири ҳолдан тойиб қолишди. 5  Довуднинг иккита хотини: йизриллик Охинавам билан кармиллик Наволнинг беваси Обигайл ҳам асир қилиб олиб кетилган эди+. 6  Довуд қаттиқ эзилди. Чунки ўғилу қизларидан айрилган барча одамлари аламидан уни тошбўрон қилмоқчи бўлишди. Аммо Довуд Тангриси Яҳовадан мадад олди+. 7  Довуд Охималек ўғли руҳоний Абуатарга+: «Илтимос, эфодни бу ерга олиб келгин»+,— деб айтди ва Абуатар эфодни Довудга келтирди. 8  Довуд Яҳовадан: «Бу босқинчилар тўдаси ортидан борайми? Уларни қувиб ета оламанми?» — дея сўради+. Худо унга: «Ҳа, уларнинг ортидан бор. Чунки уларни албатта қувиб етиб, улар олиб кетган барча одамлару нарсаларни қайтарасан»+,— дея жавоб берди. 9  Довуд шу заҳотиёқ 600 та одами+ билан йўлга отланди. Улар Басор водийсига* етиб келгач, одамларидан айримлари ўша ерда қолди. 10  Шундай қилиб, чарчагандан Басор водийсидан ўтишга ҳоли бўлмаган 200 киши ўша ерда қолди+. Довуд эса 400 та одами билан қувишни давом эттирди. 11  Улар далада мисрлик бир кишини топиб олиб, уни Довуднинг олдига олиб келишди ва унга егулик билан ичгани сув беришди. 12  Шунингдек, бир бўлак анжир кулча билан иккита майиз кулча ҳам беришди. Буларни егандан сўнг, у тетикланди. Боиси, у уч куну уч кечадан бери ҳеч нарса емаган, сув ҳам ичмаган эди. 13  Довуд ундан: «Сен кимнинг хизматкорисан? Қаердансан?» — деб сўради. У жавобан деди: «Мен мисрлик қулман, бир омолекнинг хизматкориман. Лекин уч кун олдин касал бўлиб қолганим учун, хўжайиним мени ташлаб кетди. 14  Биз харетийлар+ яшайдиган жойнинг жанубига*, Яҳудо ҳудудига ва Холиб+ жанубига* ҳужум уюштирдик, Зихлахга эса ўт қўйиб юбордик». 15  Довуд ундан: «Мени ўша босқинчилар тўдасига бошлаб борасанми?» — деб сўради. У: «Агар сени ўлдирмайман ва хўжайининг қўлига тутиб бермайман дея Худо ҳаққи қасам ичсангиз, босқинчилар тўдасига бошлаб бораман»,— деб жавоб берди. 16  Шундай қилиб, у Довудни уларнинг олдига бошлаб борди. Бу пайтда улар бутун ҳудуд бўйлаб ёйилиб, филистимликлар ҳамда Яҳудо юртида қўлга киритган катта ўлжа шарафига байрам уюштириб, еб-ичишаётган эди. 17  Довуд кун ёришай деган вақтдан то қош қорайгунча* уларни қирғин қилди. Туя миниб қочиб қолган 400 кишидан бўлак, ҳеч ким тирик қолмади+. 18  Довуд омолеклар қўлга киритган барчани+, шу қаторда иккита хотинини ҳам халос этди. 19  Уларнинг ҳеч бир одами: ёшидан қарисигача йўқолмаган эди. Улар ўғилу қизларини ва ўлжа қилиб олиб кетилган нарсаларни қайтаришди+. Довуд босқинчилар олиб кетган ҳамма нарсани қайтарди. 20  Довуд уларнинг барча қўй-эчкиларию қорамолини тортиб олди. Одамлари уларни ўзларининг молларига қўшиб: «Бу — Довуднинг ўлжаси»,— дея ҳайдаб кетишди. 21  Сўнг Довуд 200 та одамининг, қаттиқ чарчаганидан у билан бирга бора олмай, Басор водийсида қолган одамларининг олдига қайтиб келди+. Улар Довуд билан ёнидаги одамларга пешвоз чиқишди. Довуд уларнинг олдига келгач, улардан ҳол-аҳвол сўради. 22  Довуд билан бирга борганларнинг орасидаги айрим ёмон ва ярамас кишилар: «Булар биз билан боришмагани учун, қўлга киритган ўлжадан уларга ҳеч нарса бермаймиз. Ҳар бири ўз хотини билан болаларини олсин-да, кетаверсин»,— дейишди. 23  Аммо Довуд жавобан деди: «Биродарларим, бундай қилманглар. Ахир бу нарсаларни Яҳова берди-ку. У бизни ҳимоялаб, бизга қарши чиққан босқинчилар тўдасини қўлимизга топширди+. 24  Агар уларга қарши бундай қўрс гапирадиган бўлсангизлар, ҳеч ким сизларга қулоқ солмайди. Жангга борган кишининг улуши, юклар олдида қолган одамнинг улуши билан бир хил бўлади+. Ҳаммага улуш тегади»+. 25  Ўша кундан бошлаб, Довуд буни Исроил учун кўрсатма ва қоида сифатида киритди. Бунга ҳозиргача амал қилиниб келинмоқда. 26  Довуд Зихлахга қайтгач, ўлжадан муайян бир қисмини дўстларига, Яҳудодаги оқсоқолларга жўнатиб: «Бу, Яҳованинг душманларидан олинган ўлжадан сизлар учун ҳадя»,— деб айттириб юборди. 27  У ўлжадан Байтилдаги+, Нагавдаги* Рамўтдагиларга, Ятирдаги+, 28  Ароердаги, Сифмўтдаги, Эштамўвадаги+, 29  Рахолдаги, ярахмалийлар+ шаҳарларидаги, хайинийлар+ шаҳарларидаги, 30  Хўрмахдаги+, Бўр-Ошондаги, Отахдаги, 31  Хеврондагиларга+ ҳамда Довуд ўз одамлари билан бориб юрган жойларнинг барига юборди.

Изоҳлар

Ёки «Нагавга».
Ёки «Нагавга».
Ёки «Нагавга».
Ёки «келаси оқшомгача».
Ёки «жанубдаги».