Шоҳлар биринчи китоб 13:1–23
13 Тахтга ўтирганида+ Шоул...* ёшда эди ва икки йилдан буён Исроил устидан шоҳлик қилаётган эди.
2 Шоул Исроил халқи орасидан 3 000 кишини танлаб олди. Улардан 2 000 нафари Михмашда ва Байтилнинг тоғли ҳудудида Шоул билан, 1 000 нафари эса Бенямин қабиласига тегишли Гивода+ Йўнатан+ билан қолди. Қолган халққа эса у ўз уйларига кетишга ижозат берди.
3 Бундан кейин Йўнатан Ғибода+ жойлашган филистимликларнинг+ ҳарбий кучларини тор-мор қилди ва бу ҳақда филистимликлар хабар топишди. Шоул бўлса: «Ибронийлар эшитсин!» — дея бутун юрт бўйлаб бурғу чалишни+ буюрди.
4 Бутун Исроилда: «Шоул филистимликларнинг ҳарбий кучларини тор-мор қилибди. Энди филистимликлар Исроил халқини ёмон кўриб қолди»,— деган хабар тарқалди. Шу боис, халқ Шоулнинг ортидан эргашиш учун Гилгалда+ тўпланди.
5 Филистимликлар ҳам Исроилга қарши жанг қилиш учун йиғилди. Уларнинг 30 000 та жанг араваси ва 6 000 нафар сувориси бор эди. Жангчилари эса денгиз соҳилидаги қумдай кўп эди+. Улар Байт-Обуннинг+ шарқ тарафидаги Михмашга бориб, қароргоҳ қурди.
6 Исроилликлар қаттиқ босим остида қолиб, аянчли аҳволга тушгани учун ғорлар+, чуқурлар, қоялар, ертўлалар ва сардобаларга яширинишди.
7 Айрим ибронийлар Иорданнинг нариги тарафидаги Гад ва Гилад+ ерларига қочиб кетишди. Аммо Шоул Гилгалда қолди, унинг ортидан эргашган халқ эса қўрқувдан титрарди.
8 У Шомуил белгилаган вақтга қадар етти кун кутди. Шомуил ҳадеганда Гилгалга келавермади. Халқ бўлса тарқалиб кета бошлади.
9 Охири Шоул: «Менга куйдириладиган қурбонлик билан тинчлик қурбонликларини олиб келинглар»,— деди ва куйдириладиган қурбонликни бағишлади+.
10 Шоул куйдириладиган қурбонликни келтириб бўлиши биланоқ, Шомуил келиб қолди. Шоул уни кутиб олиш учун пешвоз чиқди.
11 Шомуил ундан: «Нега бундай қилдинг?» — деб сўради. Шоул бунга жавобан деди: «Халқ мени ташлаб кета бошлади+. Сиз ҳам белгиланган вақтда келмадингиз. Бунинг устига, филистимликлар Михмашга тўпланиб келишди+.
12 Шунда мен: “Ҳозир филистимликлар менга қарши Гилгалга тушиб келади, мен эса ҳали ҳам Яҳованинг марҳаматига* эга бўлмадим”,— деб ўйлаб, куйдириладиган қурбонлик келтиришга мажбур бўлдим».
13 Шомуил Шоулга бундай деди: «Сен нодонларча йўл тутдинг. Тангринг Яҳова сенга берган амрга бўйсунмадинг+. Агар бўйсунганингда, Яҳова шоҳлигингни Исроил устидан асрлар оша барқарор қилиб қўярди.
14 Энди бўлса шоҳлигингдан айриласан+. Яҳова кўнглига ёқадиган одамни+ топади. Яҳова уни Ўз халқи устидан бошқарувчи этиб тайинлайди+. Чунки сен Яҳова берган амрга бўйсунмадинг»+.
15 Шомуил ўрнидан турди-да, Гилгалдан Бенямин қабиласига тегишли Гивога қараб кетди. Шоул бўлса ўзи билан қолган одамларни санаб чиқди ва улар қарийб 600 кишини ташкил этди+.
16 Шоул билан ўғли Йўнатан ва уларнинг ёнидаги одамлар Бенямин қабиласига тегишли Ғибода+ эди. Филистимликлар эса Михмаш+ ёнида қароргоҳ қуришган эди.
17 Ҳужум уюштириш учун филистимликлар қароргоҳидан учта бўлинма чиқди. Бўлинмалардан бири Ўфрага, Шувол ери томонга йўл олди.
18 Иккинчи бўлинма Байт-Хўронга+ элтадиган йўл билан кетди. Учинчи бўлинма эса саҳро томондаги, Завўм водийси ёнидаги чегарага олиб борадиган йўл билан борди.
19 Бутун Исроил юртида темирчи йўқ эди. Чунки филистимликлар: «Ибронийлар ўзларига қилич ёки найза ясаб олишмасин»,— дейишган эди.
20 Омочнинг тишларини, чўкичлар, болталар ёки ўроқларни ўткирлаш керак бўлганда, исроилликлар филистимликлар олдига боришарди.
21 Омочнинг тишларини, чўкичлар, уч айрили паншахалар ёки болталарни ўткирлаш ва темир учли говронни тузатиш нархи бир пимга* тенг эди.
22 Шу сабабли, жанг куни Шоул билан Йўнатаннинг ёнидаги одамлар қўлида на қиличи, на найзаси бор эди+. Фақат Шоул билан Йўнатан қуролланган эди.
23 Бу орада, филистимликларнинг ҳарбий кучлари* Михмаш довонига чиқиб келаётган эди+.
Изоҳлар
^ Ибронийча матнда рақамлар тушириб қолдирилган.
^ Ёки «юзини юмшатишга».
^ Қадимий оғирлик ўлчови, тахм. 8 г кумушга тенг.
^ Ёки «соқчилар бўлинмаси».