Солномалар биринчи китоб 22:1–19
22 Сўнг Довуд: «Мана шу ерда Аллоҳ Яҳовага атаб уй барпо этилади ва Исроил халқи куйдириладиган қурбонлик келтириши учун қурбонгоҳ ўрнатилади»+,— деб айтди.
2 Довуд Исроилда яшовчи мусофирларни+ тўплашни буюрди ва уларни ҳақ Худонинг уйи қурилишида тош йўнувчилару сангтарошлар этиб тайинлади+.
3 Довуд дарвоза эшиклари учун михлар ва ошиқ-мошиқлар ясалишига кўп миқдорда темир ҳозирлаб қўйди. Шунингдек, ўлчаб бўлмайдиган даражада жуда кўп мис+,
4 беҳисоб кедр ёғочларини+ тайёрлади. Чунки сидонликлар+ билан тирликлар+ Довудга анчагина кедр ёғочларини олиб келишган эди.
5 Довуд: «Ўғлим Сулаймон ҳали ёш ва тажрибасиз+. Яҳовага атаб қуриладиган уй ниҳоятда маҳобатли бўлиши лозим+. Токи унинг довруғи ва гўзаллиги+ бутун юрт бўйлаб ёйилсин+. Шу боис, ўғлим учун тайёргарлик қилиб қўяман»,— деди. Шундай қилиб, у ўлими олдидан жуда кўп миқдорда қурилиш ашёларини ҳозирлаб қўйди.
6 Бундан ташқари, Довуд ўғли Сулаймонни чақиртириб, Исроил Худоси Яҳованинг уйини қуриш борасида йўл-йўриқлар берди.
7 Довуд ўғлига деди: «Аллоҳим Яҳованинг исмига атаб уй бунёд этишни кўнглимда ният қилган эдим+.
8 Аммо Яҳова менга шундай деди: “Сен жуда ҳам кўп қон тўкдинг ва катта жангларни олиб бординг. Менинг исмимга аталган уйни сен қурмайсан+, чунки сен Менинг олдимда — ер юзида ниҳоятда кўп қон тўкдинг.
9 Сен ўғил кўрасан+, у тинчликсевар инсон бўлади. Атрофидаги барча душманларидан Мен уни ҳимоя қилиб, тинчлик ато этаман+. Унинг исми Сулаймон* бўлади+ ва унинг даврида Исроилга тинчлик-хотиржамлик бераман+.
10 Менинг исмимга атаб уйни у қуради+. У Менинг ўғлим, Мен унинг Отаси бўламан+. Унинг Исроил устидан шоҳлик тахтини тоабад мустаҳкам қилиб ўрнатаман”+.
11 Ўғлим, илоё, Яҳова сен билан бўлсин! Муваффақиятли бўл ва У сен ҳақингда айтганидай, Тангринг Яҳовага атаб уй бунёд этгин+.
12 Яҳова сенга Исроил устидан бошқарувни топширганда, Худойинг Яҳованинг қонунига амал қилишинг учун, У сенга ақл-идрок ва заковат ҳам берсин+.
13 Яҳова Мусо орқали Исроилга берган қонун-қоида+ ва ҳукмларга сидқидилдан риоя қилсанг, муваффақият қозонасан+. Жасоратли ва маҳкам бўл. Ҳечам қўрқма, ваҳимага тушма+.
14 Мен кўп машаққат чекиб, Яҳованинг уйи учун 100 000 талант* олтин, 1 000 000 талант кумуш ва кўп миқдорда, ҳисобига етиб бўлмайдиган мис билан темир тайёрлаб қўйдим+. Шунингдек, ёғочлару тошларни ҳозирладим+, аммо сен буларга яна қўшишинг керак.
15 Ихтиёрингда кўп ишчилар — тош йўнувчилар, тош терувчилар+, дурадгорлар ва ҳар турли маҳоратли ишчилар бор+.
16 Олтин, кумуш, мис, темир ҳам жуда кўп+. Белингни боғлаб, ишга кириш! Яҳова сенга ёр бўлсин!»+
17 Довуд барча Исроил бекларига ўғли Сулаймонга ёрдам беришларини буюриб, шундай деди:
18 «Худойингиз Яҳова сизлар билан бўлиб, ҳар томондан тинчлик берди ва бу юртнинг аҳолисини қўлимга топширди. Шу боис, юрт Яҳовага ва Унинг халқига тобе бўлди.
19 Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингизу жонингиз билан излашга аҳд қилинглар+ ва ҳақ Худо Яҳованинг маъбадини қуришни бошланглар+. Яҳованинг аҳд сандиғини ва Аллоҳнинг муқаддас анжомларини+ Яҳованинг исмига атаб бунёд этиладиган уйга+ олиб киринглар».
Изоҳлар
^ Ибронийча «тинчлик» сўзидан келиб чиққан.
^ Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.