Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 12:1–31
12 Биродарлар, муқаддас руҳ бераётган инъомлар+ борасида бехабар қолишингизни истамайман.
2 Бошқа халқларга мансуб* бўлганингизда, тилсиз бутлар+ таъсирига берилиб, улар қаерга бошласа, ўша ерга борар эдингиз.
3 Шуни билишингизни истардимки, Худонинг руҳи таъсирида гапирган ҳеч ким: «Исо лаънати бўлсин!» — демайди. Худди шундай, муқаддас руҳнинг таъсирисиз ҳеч ким: «Исо Ҳазратимиздир!» — дея олмайди+.
4 Инъомлар турлича бўлса-да, муқаддас руҳ ўша-ўшадир+.
5 Хизмат турлари ҳам кўп+, аммо Ҳазратимиз ўша-ўшадир.
6 Турли фаолиятлар бор, бироқ уларни ҳар бир одам орқали амалга ошираётган Аллоҳ ўша-ўшадир+.
7 Муқаддас руҳ эса умумий манфаат учун ҳар бир инсонда турлича намоён бўлади+.
8 Кимдир муқаддас руҳ орқали донишмандлик билан сўзлайди, яна кимдир ўша руҳ орқали билимдонлик билан гапиради.
9 Бировга муқаддас руҳ орқали имон+ берилган бўлса, бошқасига ўша руҳ ёрдамида даволаш кучи инъом+ этилган.
10 Кимгадир қудратли ишларни бажариш+, кимгадир башорат қилиш, кимгадир илоҳий илҳом билан айтилган сўзларни фарқлаш+, кимгадир ҳар хил тилларни тушуниш+, кимгадир таржима қилиш қобилияти инъом+ этилган.
11 Бу инъомларнинг барини ўша руҳ Худонинг хоҳишига кўра ҳар бир инсонга алоҳида тақдим этади.
12 Тана битта бўлгани билан унинг аъзолари кўп. Аммо аъзоларнинг бари кўп бўлишига қарамай, битта танани ташкил этади+. Масиҳнинг танаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
13 Хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ юнон, хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод киши — барчамиз битта танани ташкил этиш учун бир руҳ орқали чўмдирилдик ва ҳаммамиз ўша муқаддас руҳга эга бўлдик.
14 Дарҳақиқат, тана битта аъзодан эмас, кўп аъзолардан иборатдир+.
15 Агар оёқ: «Мен қўл бўлмаганим учун, танага тегишли эмасман»,— деса ҳам, у тананинг бир қисми эмаслигини англатмайди.
16 Қулоқ ҳам: «Мен кўз бўлмаганим сабабли, танага тааллуқли эмасман»,— дегани билан, у танага алоқадор бўлмай қолмайди.
17 Агар бутун тана кўз бўлса эди, унда қандай қилиб эшита оларди? Ёки бутун тана қулоқ бўлганида, қандай қилиб ҳид сезарди?
18 Тангри эса аъзоларнинг ҳар бирини танага Ўзи хоҳлагандек жойлаштирган.
19 Агар ҳаммаси битта аъзо бўлганда, буни тана деб бўлармиди?
20 Энди эса аъзолар кўп бўлса-да, улар битта танани ташкил этади.
21 Кўз қўлга: «Менга керак эмассан»,— дея олмайди. Худди шундай, бош ҳам оёқларга: «Менга керагингиз йўқ»,— дея олмайди.
22 Аксинча, тананинг энг заиф ҳисобланган аъзолари аслида кераклироқдир.
23 Тананинг энг аҳамиятсиз саналган қисмларига биз кўпроқ эътибор берамиз+. Шу йўсин, танамизнинг кўримсиз қисмларига кўпроқ эҳтиром кўрсатамиз.
24 Жозибали қисмлари эса ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди. Бироқ Худо танани шундай тузганки, унинг эътиборга муҳтож қисмига кўпроқ аҳамият берган.
25 Буни танада бўлиниш юз бермасин, балки унинг барча аъзолари бир-бири ҳақида қайғурсин, деган мақсадда қилган+.
26 Агар битта аъзо қийналса, бошқа аъзолар ҳам у билан бирга қийналади+. Борди-ю, битта аъзо улуғланса, бошқа аъзолар ҳам у билан бирга қувонади+.
27 Сизлар Масиҳнинг танаси+ ва унинг алоҳида-алоҳида аъзоларисиз+.
28 Аллоҳ эса бу аъзоларнинг ҳар бирига жамоатда ўз ўрнини ажратиб берган: биринчидан ҳаворийларни+, иккинчидан пайғамбарларни+, учинчидан муаллимларни тайинлаб+, кейин қудратли ишларни бажариш+, даволаш+, ёрдамлашиш, бошқариш+ ва турли тилларда гапириш қобилиятини+ инъом этган.
29 Уларнинг бари ҳаворийми? Ҳаммаси пайғамбарми? Ҳаммаси муаллимми? Бари қудратли ишларни бажарадими?
30 Ҳаммаси даволайдими? Ҳаммаси бошқа тилларда гапирадими?+ Бари таржимонми?+
31 Сизлар аълороқ инъомларга эга бўлиш учун астойдил ҳаракат қилинглар+. Мен эса сизларга энг олий йўлни+ кўрсатаман.
Изоҳлар
^ Яъни ҳақ Худога ишонмайдиган.