Ҳизқиё 36:1–38
36 «Сен эса, эй инсон ўғли, Исроил тоғлари ҳақида башорат қилиб, шундай дегин: “Эй Исроил тоғлари, Яҳованинг сўзини эшитинг!
2 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Душман сизлар ҳақда: “Ажаб бўпти! Энди қадимий тепаликлар бизнинг мулкимизга айланди!”+ — деди”.
3 Шунинг учун башорат қилиб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Сизларга ҳар томондан ҳужум қилиб, ҳувуллатиб қўйишгани учун, сизлар халқлар орасидан омон қолганларнинг мулкига айландингиз, одамларнинг оғзига тушиб, туҳматга қолдингиз+.
4 Шу сабабдан, эй Исроил тоғлари, Олий Ҳукмдор Яҳованинг сўзини эшитинг! Олий Ҳукмдор Яҳова тоғлару тепаликларга, дарёлару водийларга, талон-торож қилиниб кимсасиз қолдирилган+ ва уларнинг атрофидаги халқларнинг омон қолганлари томонидан масхара қилинган шаҳарларга мурожаат қиляпти”+.
5 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Халқларнинг омон қолганларига ҳамда бутун Эдомга қарши рашким ўт олиб+ гапираман. Улар Менинг юртимни ўзлариники дея даъво қилиб, яйловларини ўзларига олиб, уни талон-торож қилишдан+ жуда хурсанд бўлиб, масхара қилишди”+.
6 Исроил юрти ҳақида башорат қилиб, тоғлару тепаликларга, дарёлару водийларга қарата шундай дегин: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Халқлар сизларни хўрлашига чидаганингиз учун, рашким ва қаҳрим келиб гапираман”+.
7 Шу боис Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Қўлимни кўтариб онт ичаманки, атрофдаги халқларнинг ўзлари иснодга қолишади+.
8 Сизлар эса, эй Исроил тоғлари, бутоқ отиб, халқим Исроил учун мева берасизлар+, чунки улар яқинда қайтиб келишади.
9 Зеро, Мен сизлар биланман, сизлар томонга юз бураман. Шунда ерларингиз ҳайдалиб, уруғ экилади.
10 Мен халқингизни — бутун Исроил хонадонини, уларнинг ҳаммасини кўпайтираман. Шаҳарларда одамлар яшайди+, харобазорлар янгидан қурилади+.
11 Ҳа, Мен халқингизу чорвангизни кўпайтираман+. Уларнинг сони ошиб, серфарзанд бўлишади. Шундай қиламанки, илгаригидай сизларда одамлар истиқомат қилади+, аввалгидан ҳам фаровонроқ ҳаёт кечирасизлар+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар+.
12 Шундай қиламанки, одамлар — халқим Исроил — сизларни маскан қилади, сизларни мулк қилиб олади+. Уларнинг мероси бўласизлар ва бундан кейин ҳеч қачон уларни фарзандсиз қолдирмайсизлар”»+.
13 «Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Сизлар ҳақда: “Сен одамларни ютиб юборадиган, ўз халқларини фарзандларидан жудо қиладиган юртсан”,— дейишган эди.
14 “Лекин бундан кейин одамларни ютиб юбормайсан, халқларингни фарзандларидан жудо қилмайсан”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова.
15 “Халқлар сени таҳқирлашига ёки масхара қилишига йўл қўймайман+. Бундан кейин ҳеч қачон халқларингни қоқинтирмайсан”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
16 Яҳова менга яна сўзини аён қилди:
17 «Инсон ўғли, Исроил хонадони ўз юртида яшаганида, тутган йўллари ва қилган ишлари билан юртни булғаган эди+. Менинг назаримда ҳайз кўрган пайтда аёл қандай нопок бўлса, уларнинг тутган йўллари ҳам шундай нопок эди+.
18 Улар юртда қон тўкиб, жирканч бутлари* билан уни булғашгани учун+, Мен уларнинг устига қаҳримни тўкдим+.
19 Шунда уларни халқлар орасига тарқатиб, юртлар бўйлаб тўзғитиб юбордим+. Тутган йўллари ва қилган ишларига яраша уларни ҳукм қилдим.
20 Лекин улар ўша халқлар олдига келганда, одамлар улар ҳақда: “Бу Яҳованинг халқи-ку! Улар ўз юртини тарк этишга мажбур бўлибди-да”,— деб муқаддас исмимни булғашди+.
21 Мен муқаддас исмим учун қайғураман. Исроил хонадони ўзлари борган халқлар орасида исмимни булғашган эди»+.
22 «Шунинг учун Исроил хонадонига айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова айтмоқда: “Эй Исроил хонадони, буни сизлар учун эмас, балки муқаддас исмим учун қиляпман. Сизлар халқлар орасига борганда исмимни булғаган эдингиз”+.
23 “Халқлар орасида булғанган исмимни, сизлар уларнинг орасида булғаган буюк исмимни Мен албатта муқаддас қиламан+. Сизларнинг орангизда, халқларнинг кўз ўнгида муқаддас Худо эканимни кўрсатганимда, Мен Яҳова эканимни халқлар билиб олишади+, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. —
24 Сизларни халқлар орасидан, барча ерлардан йиғиб олиб, ўз юртингизга қайтараман+.
25 Устингизга тоза сувдан сачратаман, шунда пок бўласизлар+. Сизларни барча нопокликларингиз+ ва ҳамма жирканч бутларингиздан тозалайман+.
26 Сизларга янги юрак бераман+, ичингизга янги руҳни солиб қўяман+. Баданингиздан тош юракни+ олиб ташлаб, ўрнига мулойим юрак бераман*.
27 Ичингизга руҳимни солиб қўяман. Шундай қиламанки, қонун-қоидаларим бўйича йўл тутадиган бўласизлар+, ҳукмларимга риоя қилиб, уларни бажарасизлар.
28 Шунда Мен ота-боболарингизга берган юртда яшайсизлар. Сизлар Менинг халқим, Мен эса сизларнинг Худойингиз бўламан”+.
29 “Сизларни барча нопокликларингиздан халос қиламан, ғаллага мўл ҳосил беришни буюраман, сизларга очарчилик юбормайман+.
30 Бундан кейин халқлар орасида очарчиликдан азоб чекиб хор бўлмаслигингиз учун, дарахтларни кўп мева берадиган, далаларни мўл ҳосил келтирадиган қиламан+.
31 Шунда ёвуз йўллардан юрганингизни ва ёмон ишлар қилганингизни эслайсизлар. Айбларингиз ва жирканч ишларингиз дастидан ўзингиздан ҳазар қиласизлар+.
32 Лекин билиб қўйинглар: буни сизлар учун қилаётганим йўқ+, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. — Яхшиси, эй Исроил хонадони, тутган йўлларингиздан уялиб, ўзингизни хўрланган ҳис қилинг”.
33 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Сизларни гуноҳларингиздан тозалаган кунимда, шундай қиламанки, шаҳарларда одамлар яшайди+, харобазорлар янгидан қурилади+.
34 Бу йўлдан ўтиб кетаётганлар ҳувуллаб ётган харобазорни кўрган бўлса ҳам, унга қайта ишлов берилади.
35 Шунда одамлар: “Ташландиқ юрт Адан боғидай+ бўлибди. Вайрон бўлган, ҳувуллаган ва бузилиб ётган шаҳарлар мустаҳкамланибди, уларда одамлар истиқомат қиляпти”+,— дейишади.
36 Атрофингдаги қолган халқлар Мен — Яҳова бузилиб ётган жойни бунёд этганимни, бўш қолган ерга дарахтлар экканимни билиб олишади. Мен Ўзим — Яҳова буни айтдим ва қилдим”+.
37 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Исроил хонадони халқини сурувдай кўпайтиришимни сўраб Менга мурожаат қилишига изн бераман.
38 Байрамлар пайтида Қуддус муқаддас кишиларга ва сурувларга* тўлгандай+, бузилиб ётган шаҳарлар ҳам одамлар билан лиқ тўла бўлади+. Шунда Мен Яҳова эканимни улар билиб олишади”».
Изоҳлар
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
^ Яъни Худонинг йўл-йўриқларига бўйсунувчан юрак.
^ Бошқа вариант «қурбонликка келтириладиган қўйлар сурувига».