Ҳизқиё 20:1–49
20 Еттинчи йилнинг бешинчи ойи, ўнинчи кунида Исроилнинг айрим оқсоқоллари Яҳовага маслаҳат солиш учун ёнимга келиб ўтиришди.
2 Сўнг Яҳова менга сўзини аён қилди:
3 «Эй инсон ўғли, Исроил оқсоқолларига шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Сизлар Менга маслаҳат солгани келдингизми? Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, сизларга жавоб бермайман”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”.
4 Уларни ҳукм қилишга тайёрмисан? Эй инсон ўғли, уларни ҳукм қилишга тайёрмисан? Уларга ота-боболари қилган разил ишларни эслатиб қўй+.
5 Уларга шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен Исроилни танлаган кунда+ Ёқубнинг фарзандларига қасам ичган эдим ва Миср юртида уларга Ўзимни танитгандим+. Ҳа, уларга қасам ичиб: “Мен Худойингиз Яҳоваман”,— деган эдим.
6 Ўша куни қасам ичиб, уларни Миср юртидан олиб чиқишимни ва улар учун танлаб қўйган — сут билан асал оқиб ётган юртга олиб боришимни айтган эдим+. У юртлар ичида энг гўзали эди.
7 Кейин уларга: “Ҳар бирингиз жирканч нарсаларни кўз олдингиздан олиб ташланглар. Мисрнинг жирканч бутлари* билан ўзингизни булғаманглар+. Мен Худойингиз Яҳоваман”+,— дедим.
8 Аммо улар Менга қарши исён кўтаришди ва Менга қулоқ солишни исташмади. Улар жирканч нарсаларни кўз олдидан олиб ташлашмади ва Мисрнинг жирканч бутларидан воз кечишмади+. Шунинг учун Миср юртида уларнинг устига қаҳримни тўкаман, уларга бор ғазабимни сочаман, деб айтган эдим.
9 Бироқ уларнинг атрофида яшаётган халқлар орасида исмимга доғ тушмаслиги учун, исмим ҳаққи ҳаракат қилдим+. Уларни* Миср юртидан олиб чиққанимда ўша халқлар олдида Мен Ўзимни уларга* танитдим+.
10 Мен уларни Миср юртидан олиб чиқдим ва саҳрога олиб келдим+.
11 Сўнг уларга низомларимни бериб, ҳукмларимни маълум қилдим+, токи уларга амал қилган киши яшасин+.
12 Мен ва улар орасида белги бўлиши учун+ уларга Шаббатларимни бердим+. Бу ишларни уларни муқаддас қилган Мен — Яҳова эканимни билиб олишлари учун қилдим.
13 Лекин Исроил хонадони саҳрода Менга қарши исён кўтарди+. Улар низомларим бўйича йўл тутишмади ва ҳукмларимни рад этишди, ахир киши уларга амал қилсагина яшайди-ку. Улар Шаббатларимни тамомила булғашди. Шу боис, уларни саҳрода қириб ташлаш учун уларга ғазабимни сочаман, деб айтган эдим+.
14 Бироқ буни исмим ҳаққи қилдим. Чунки уларни олиб чиққанимни кўрган халқлар олдида исмимга доғ тушишини истамадим+.
15 Мен саҳрода уларга қасам ичиб, Ўзим берган юртга — сут билан асал оқиб ётган+, юртлар ичида энг гўзал юртга уларни олиб бормайман деган эдим+.
16 Чунки улар ҳукмларимни рад этишди, низомларим бўйича йўл тутишмади, Шаббатларимни булғашди. Улар жирканч бутларига бутун қалби билан боғланишган эди+.
17 Аммо раҳмим келиб, уларни йўқ қилмадим. Уларни саҳрода қириб ташламадим.
18 Мен саҳрода уларнинг ўғилларига шундай дедим+: “Ота-боболарингизнинг қонун-қоидалари бўйича яшаманглар+ ва ҳукмларига риоя қилманглар, жирканч бутлари билан ўзингизни булғаманглар.
19 Мен Яҳова, сизларнинг Тангрингизман. Менинг низомларим бўйича йўл тутиб, ҳукмларимни бажаринглар, уларга риоя қилинглар+.
20 Шаббатларимни муқаддас тутинглар+. Мен Яҳова, сизларнинг Худойингиз эканимни билишингиз учун, улар орамизда белги бўлиб хизмат қилади”+.
21 Бироқ бу ўғиллар ҳам Менга қарши исён кўтаришди+. Улар низомларим бўйича йўл тутишмади ва ҳукмларимни бажариб уларни амалга оширишмади, ахир уларга амал қилсагина киши яшайди-ку. Улар Шаббатларимни булғашди. Шунинг учун саҳрода уларнинг устига қаҳримни тўкаман, уларга бор ғазабимни сочаман, деб айтган эдим+.
22 Аммо Ўзимни тўхтатиб+ исмим ҳаққи ҳаракат қилдим+. Токи уларни олиб чиққанимни кўрган халқлар олдида исмимга доғ тушмасин.
23 Мен саҳрода қасам ичиб, уларни халқлар орасига, юртлар бўйлаб тарқатиб юборишимни айтган эдим+.
24 Чунки улар ҳукмларимни бажаришмади ва низомларимни рад этишди+, Шаббатларимни булғашди, ота-боболарининг жирканч бутларига эргашишди+.
25 Улар бефойда қонун-қоидаларга амал қилиб, ҳаётга етакламайдиган ҳукмларни бажаришига йўл қўйдим+.
26 Уларни йўқ қилиш учун, тўнғич фарзандларини қурбонлик сифатида оловда куйдириб+, ўзларини булғашларига йўл қўйдим. Токи улар Мен Яҳова эканимни билиб олишсин”.
27 Эй инсон ўғли, Исроил хонадонига шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ота-боболарингиз ҳам Менга қарши бевафолик қилиб, Мени ҳақоратлашган эди.
28 Мен бераман деб қасам ичган юртга уларни олиб кирдим+. Улар тепаликларни ва сербарг дарахтларни кўриб+, ўша ерда қурбонликлар ва жирканч назрлар келтиришди. Қурбонликларининг хуш ҳидию ичимлик назрларини тақдим этишди.
29 Ўшанда улардан: “Сизлар бу тепаликка қай мақсадда боряпсизлар?” — деб сўраган эдим. (Бу жой ҳалигача Тепалик* деб аталади.)”+
30 Энди Исроил хонадонига айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ота-боболарингиз ўзларини булғаганидай, сизлар ҳам уларнинг жирканч худолари ортидан эргашиб Менга бевафолик* қилмаяпсизларми?+
31 Жирканч худоларингизга қурбонликлар келтириб, ўғилларингизни оловда куйдириб* шу кунгача ўзингизни булғаб келяпсизлар-ку!+ Эй Исроил хонадони, шундай қилиб турганингизда сизларга жавоб берайми?!”+
“Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, сизларга жавоб бермайман”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова.
32 Сизлар: “Келинглар ёғоч ва тошга сиғинадиган халқлар, ўзга юртларда яшовчи миллатлар каби бўламиз”,— деб ўйлайсизлар+. Аммо бу ҳеч қачон амалга ошмайди.
33 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, Мен кучли билагу қудратли қўл билан, қаҳримни сочиб устингиздан шоҳлик қиламан+.
34 Энди кучли билагиму қудратли қўлим билан, қаҳримни сочиб сизларни халқлар орасидан чиқариб оламан, қайси юртларга тарқалиб кетган бўлсангиз, ўша ерлардан йиғаман+.
35 Сизларни халқларнинг саҳросига олиб бориб, ўша ерда сизлар билан юзма-юз даъволашаман+.
36 Миср юртининг саҳросида ота-боболарингиз билан даъволашганимдай, сизлар билан ҳам даъволашаман, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. —
37 Сизларни чўпоннинг таёғи тагидан ўтказиб+, бўйнингизга аҳд бўйинтуруғини соламан.
38 Лекин Менга қарши исён кўтарувчилар ва қонунбузарларни орангиздан йўқ қиламан+. Мусофир бўлиб яшаётган юртдан уларни олиб чиқаман, аммо улар Исроил юртига кирмайдилар+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”.
39 Сизларга эса, эй Исроил хонадони, Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Майли, ҳар бирингиз бориб жирканч бутларингизга сажда қилаверинг-чи+. Аммо Менга қулоқ солмасангиз ҳам, қурбонликлару жирканч бутларингиз билан муқаддас исмимга энди доғ тушира олмайсизлар”+.
40 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Менинг муқаддас тоғимда, Исроилнинг баланд тоғида, бутун Исроил+ — уларнинг ҳаммаси ўша ерда Менга хизмат қилади+. Ўша ерда улардан мамнун бўламан. Муқаддас нарсаларингизнинг ҳаммасини — хайр-эҳсонларингизу назр қилиб келтирган биринчи ҳосилингизни ўша ерда қабул қиламан+.
41 Сизларни халқлар орасидан, сизлар тарқалиб кетган юртлардан йиғиб олганимда, хуш ҳидли қурбонликлар келтириб Мени мамнун этасизлар+. Бошқа халқларнинг кўз олдида сизлар орқали муқаддаслигимни намоён қиламан”+.
42 “Сизларни Исроил юртига+, ота-боболарингизга бераман деб қасам ичган юртга олиб келганимда, Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар+.
43 Ўша ерда сизларни булғаган хулқ-атворингизни ва ҳамма қилмишларингизни эслайсизлар+. Қилган барча ёмон ишларингиз дастидан ўзингиздан ҳазар қиласизлар+.
44 Эй Исроил хонадони, сизларга на ёвуз хулқ-атворингизга, на бузуқ ишларингизга яраша, балки Ўз исмим ҳаққи муомала қилганимда+, Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
45 Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
46 «Эй инсон ўғли, жануб томонга юзлан ва жанубга эълон қил, жанубдаги ўрмонга қарата башорат айт.
47 Жанубдаги ўрмонга шундай деб айт: “Яҳованинг сўзини тингла. Олий Ҳукмдор Яҳова гапирмоқда: “Мен сенга ловуллаб турган ўт қўяман+. Бу олов сендаги ҳар бир яшил дарахтни ва ҳар бир қуриган дарахтни куйдириб йўқ қилади. Ёниб турган олов ўчмайди+. Жанубдан шимолгача ҳамманинг юзини* куйдиради.
48 Шунда ўт қўйган Мен — Яҳова эканимни ҳамма одамлар билиб олади. Шунинг учун олов ўчмайди”»+.
49 Мен дедим: «Эвоҳ, Олий Ҳукмдор Яҳова! Улар мен ҳақда: “Бу яна масал тўқияптими?” — деб айтишмоқда».
Изоҳлар
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
^ Яъни исроилликлар.
^ Яъни исроилликлар.
^ Ибронийча Бамах, бутпарастлар саждагоҳининг номи.
^ Ёки «маънавий фоҳишалик».
^ Сўзма-сўз «ўғилларингизни оловдан ўтказиб».
^ Ёки «бутун ер юзини».