Ҳакамлар 4:1–24
4 Эҳуд вафот этгач, исроилликлар Яҳованинг назарида яна ёмон ишлар қила бошлашди+.
2 Шу сабабли, Яҳова уларни Хазорда ҳукмронлик қилган Канъон шоҳи Ёбиннинг қўлига топширди*+. Унинг лашкарбошиси Харошет-Хагойимда+ яшаган Сисаро эди.
3 Ёбиннинг 900 та темир чалғили жанг араваси бор эди+. У Исроил халқига 20 йил давомида шафқатсиз зулм ўтказганидан+ исроилликлар Яҳовага ёлвора бошлашди+.
4 Ўша пайтда Исроилда Добира исмли пайғамбар аёл+ ҳакамлик қилаётган эди. У Лаппидўтнинг хотини эди.
5 Добира Рама+ билан Байтилнинг+ ўртасида жойлашган Эфрайим тоғли ҳудудидаги Добиранинг пальма дарахти тагида ўтирарди. Исроилликлар унинг олдига Худонинг ҳукмларини билиш учун келишарди.
6 У Кедеш-Нафталидан+ Абунавам ўғли Бараққа+ қуйидаги хабарни юборди: «Исроилнинг Тангриси Яҳова мана бундай деб буюрди: “Нафтали ва Забулун ўғилларидан 10 000 кишини олиб, Товур тоғига бор.
7 Мен Ёбиннинг лашкарбошиси Сисарони жанг аравалари ва қўшини билан бирга Хишон сойига*+ олиб келиб, сенинг қўлингга топшираман”+».
8 Барақ бўлса Добирага: «Агар мен билан бирга борсангиз, бораман. Мен билан бирга бормасангиз, мен ҳам бормайман»,— деди.
9 Добира унга: «Албатта сиз билан бораман. Фақат бу урушда шарафга сиз эга бўлмайсиз, чунки Яҳова Сисарони аёл кишининг қўлига топширади»+,— деб айтди. Сўнг Добира ўрнидан туриб, Барақ билан бирга Кедешга+ жўнади.
10 Барақ Забулун билан Нафтали+ қабиласидан одамларни Кедешга чақиртирди ва 10 000 киши унга эргашди. Добира ҳам у билан бирга борди.
11 Бу орада, хайиний бўлган Хабер бошқа хайинийлардан+, яъни Мусонинг қайнатасидан+, Хўвовнинг ўғилларидан ажралиб, Кедешда жойлашган Зананимдаги катта дарахт ёнида чодир тикди.
12 Абунавам ўғли Барақ Товур тоғига+ кўтарилганини Сисарога хабар қилишди.
13 Сисаро дарҳол 900 та темир чалғили жанг аравасини ҳамда бутун қўшинини Харошет-Хагойимдан Хишон сойига тўплади+.
14 Добира Бараққа: «Ўрнингиздан туринг, чунки бугун Яҳова Сисарони сизнинг қўлингизга беради. Яҳова олдингизда боради!» — деди. Барақ орқасидан эргашган 10 000 киши билан бирга Товур тоғидан тушди.
15 Шу пайт Яҳова Сисарони, барча жанг аравалари ва бутун қўшинини саросимага солиб+, уларни Барақнинг қиличи билан қира бошлади. Сисаро бўлса аравасидан тушиб, қочиб кетди.
16 Барақ жанг аравалари ва аскарларни Харошет-Хагойимгача қувиб борди. Шу тариқа, Сисаронинг бутун қўшини қиличдан ўтказилди, ҳеч ким тирик қолмади+.
17 Сисаро эса хайиний Хабернинг+ хотини Ёвелнинг+ чодири томонга қараб қочди. Чунки Хазор подшоҳи Ёбин+ билан хайиний Хабернинг хонадони орасида душманлик йўқ эди.
18 Ёвел Сисарога пешвоз чиқиб, унга: «Келинг, тақсирим, ичкарига киринг. Қўрқманг»,— деди. Шунда Сисаро унинг чодирига кирди. Ёвел унинг устини чойшаб билан ёпиб қўйди.
19 Кейин Сисаро унга: «Илтимос, менга ичгани озгина сув бер, чанқаб кетдим»,— деб айтди. Ёвел сут қуйилган мешни очиб, ичгани берди-да+, устини қайтадан ёпиб қўйди.
20 Сисаро унга: «Чодирнинг кираверишида тур. Агар кимдир келиб: “Чодирда бирор киши борми?” — деб сўраса, унга: “Ҳеч ким йўқ!” — деб айт»,— деди.
21 Хабернинг хотини Ёвел қўлига чодир қозиғи билан болғани олди. Кейин у, чарчаганидан қаттиқ ухлаб қолган Сисаронинг ёнига секин яқинлашди-да, қозиқни унинг чаккасига санчиб, ерга қоқиб қўйди. Шундай қилиб, Сисаро ўлди+.
22 Барақ Сисаронинг орқасидан қувиб келаётган эди. Ёвел унга пешвоз чиқиб: «Келинг, сиз излаб юрган кишини кўрсатаман»,— деди. Барақ унинг чодирига кириб, Сисаронинг ўлиб ётганини кўрди. Унинг чаккасига қозиқ қоқилган эди.
23 Ўша куни Аллоҳ Канъон шоҳи Ёбинни исроилликларга тобе қилди+.
24 Исроилликларнинг қўли Канъон шоҳи Ёбиннинг устидан тобора кучайиб борарди+. Охири улар Канъон шоҳи Ёбинни йўқ қилишди+.