Ҳакамлар 12:1–15
12 Эфрайимликлар йиғилиб дарёни кечиб ўтишди-да, Зофунга* боришди. Улар Йифтохга: «Оммонликлар билан жанг қилгани борганингда, нега бизни чақирмадинг?+ Энди уйингга қўшиб ўзингни ҳам ёндириб юборамиз»,— дейишди.
2 Йифтох бўлса уларга шундай жавоб берди: «Мен ва одамларим оммонликлар билан қаттиқ жанжаллашиб қолдик. Сизларни ёрдамга чақирдим, аммо сизлар мени уларнинг қўлидан қутқармадингиз.
3 Мени қутқаришни истамаётганингизни кўриб, ҳаётимни хавф остига қўйиб бўлса-да оммонликларга қарши чиқдим+ ва Яҳова уларни менинг қўлимга топширди. Хўш, нега бугун мен билан уруш қилгани келдингизлар?»
4 Йифтох гиладликларнинг+ ҳаммасини йиғиб, Эфрайимга қарши жанг қилди. Чунки эфрайимликлар: «Гарчи сиз гиладликлар Эфрайим билан Манаше қабилаларининг ҳудудида яшасангиз ҳам, сизлар Эфрайимдан келган бир гуруҳ қочоқларсиз»,— дейишган эди. Шу сабабли, гиладликлар уларни тор-мор этишди.
5 Гиладликлар эфрайимликлардан олдинроқ Иорданнинг кечув жойларини босиб олишди+. Эфрайимликлар қочмоқчи бўлиб: «Нариги томонга ўтиб кетайлик»,— деб келишганида, гиладликлар уларнинг ҳар биридан: «Эфрайимликмисан?» — деб сўрашарди. Агар: «Йўқ!» — дея жавоб берса,
6 унга: «Қани, шибболет дегин-чи»,— дейишарди. У яхши талаффуз қила олмагани учун: «Сибболет»,— деб айтарди. Шунда уни ушлаб олиб, Иорданнинг кечув жойида ўлдиришарди. Ўшанда 42 000 эфрайимлик нобуд бўлди.
7 Йифтох олти йил Исроилда ҳакамлик қилди. Сўнг гиладлик Йифтох вафот этди ва ўз шаҳри Гиладда дафн қилинди.
8 Йифтохдан кейин байтлаҳмлик Ибсан Исроилда ҳакам бўлди+.
9 Унинг 30 та ўғли ва 30 та қизи бор эди. У қизларини ўз хонадонидан бўлмаганларга узатди ва ўғилларига 30 та қизни келин қилиб туширди. Ибсан етти йил Исроилда ҳакамлик қилди.
10 У вафот этгач, Байтлаҳмда дафн қилинди.
11 Ибсандан кейин забулунлик Элўн Исроилда ҳакамлик қилди. У ўн йил Исроилда ҳакам бўлди.
12 Сўнг забулунлик Элўн ҳаётдан кўз юмди ва Забулун диёридаги Ойжавлонда дафн этилди.
13 Ўрнига пиратонлик Хиллиёлнинг ўғли Абдўн Исроилда ҳакам бўлди.
14 Унинг 40 та ўғли ва 30 та ўғил невараси бор бўлиб, улар 70 та эшакка миниб юришарди. Абдўн саккиз йил Исроилда ҳакамлик қилди.
15 Сўнг пиратонлик Хиллиёлнинг ўғли Абдўн вафот этди ва Эфрайим диёридаги Пиратонда, Омолек халқига+ тегишли тоғда дафн этилди.
Изоҳлар
^ Бошқа вариант «шимол томонга».