Қонунлар 29:1–29

  • Мўабда Исроил билан қилинган аҳд (1–13)

  • Итоатсизликдан огоҳлантириш (14–29)

    • Аллоҳ барча сирларни билади (29)

29  Исроил халқи билан Хоревда қилган аҳддан ташқари, Яҳова Мусога Мўаб юртида Исроил халқи билан қуйидаги сўзларни айтиб аҳд қилишни буюрди+. 2  Кейин Мусо бутун Исроил халқини чақириб, уларга деди: «Яҳова кўз олдингизда Миср юртида фиръавнга, унинг барча хизматкорларию бутун юртига нималар қилганини кўргансизлар+. 3  Ўз кўзларингиз билан буюк ҳукмларни*, буюк аломатлару мўъжизаларни кўргансизлар+. 4  Лекин Яҳова бугунгача сизларга тушуниш учун қалб, кўриш учун кўз, эшитиш учун қулоқ бермади+. 5  “Саҳрода Мен сизларга 40 йил йўлбошчилик қилганимда+, эгнингиздаги кийимларингиз ҳам йиртилмади, оёқларингиздаги сандалларингиз ҳам эскирмади+. 6  Сизлар нон емадингизлар, шароб ёки бошқа ичкилик ичмадингизлар. Шунга қарамай, Мен Аллоҳингиз Яҳова эканимни билишингиз учун сизларга ғамхўрлик қилдим”. 7  Охири бу ерга келдингизлар. Ўшанда Хашбон шоҳи Сихўн+ ва Башан шоҳи Ўг+ бизга қарши жанг қилишга чиқишди, аммо биз уларни мағлуб этдик+. 8  Бундан сўнг биз уларнинг ерларини Рубен ҳамда Гад қабилаларига ва Манаше қабиласининг ярмига мерос сифатида бердик+. 9  Қилган ҳар бир ишингиз ўнгидан келиши учун, бу аҳднинг сўзларига қулоқ тутиб, риоя этинглар+. 10  Бугун Худойингиз Яҳованинг олдида ҳаммаларингиз: қабила бошларингиз, оқсоқолларингиз, бошлиқларингиз, Исроилдаги барча эркаклар, 11  болаларингизу хотинларингиз+, қароргоҳда сизлар билан яшайдиган мусофир+, ўтин терувчиларингизу сув ташувчиларингиз туринглар. 12  Тангрингиз Яҳова қасам ичиб, сизлар билан аҳдлашиши учун бу ерда турибсизлар. Худойингиз Яҳова бугун сизлар билан аҳд қилиб+, 13  сизларга берган ваъдасига ҳамда ота-боболарингиз Иброҳим+, Исҳоқ+ ва Ёқубга+ ичган қасамига биноан, сизларнинг Худойингиз бўлмоқчи+ ҳамда сизларни Ўзининг халқи қилмоқчи+. 14  Мазкур аҳд ва қасамни нафақат сизлар билан, 15  балки Тангримиз Яҳованинг олдида бугун биз билан турганлар ҳамда келажак авлод билан қиляпман. 16  (Миср юртида қандай яшаганимизни ва босиб ўтган йўлимизда турли халқларнинг орасидан қандай ўтганимизни ўзларингиз яхши биласизлар+. 17  Уларнинг жирканч нарсаларини ҳамда ёғоч ва тошдан, кумуш ва олтиндан ясалган жирканч бутларини* кўргансизлар+.) 18  Эҳтиёт бўлинглар, орангизда юраги Аллоҳимиз Яҳовадан узоқлашган, ўша халқларнинг худоларига хизмат қиладиган эркак ёки аёл, оила ёки қабила бўлмасин+. Бундай киши аччиқ ва заҳарли ўсимлик ўстирадиган илдизга ўхшайди+. 19  Борди-ю, биронтаси ушбу қасам сўзларини эшитса-ю, лекин: “Қалбим истаганини қилсам ҳам, менга ҳеч нарса бўлмайди”,— дея қалбида мақтаниб, йўлида учраган нарсани вайрон қилиб юрса, 20  Яҳова уни кечиришни истамайди+. Аксинча, бу кишига Яҳованинг оташин ғазаби қайнайди ва бу китобда ёзилган барча лаънатлар унинг устига ёғилади+. Яҳова ҳатто унинг исмини ер юзидан ўчириб ташлайди. 21  Яҳова уни Исроилнинг барча қабилаларидан ажратиб олади ва Қонун китобида ёзилган аҳднинг барча лаънатларини ёғдириб, уни фалокатга дучор қилади. 22  Ўғилларингизнинг келажак авлоди ҳамда олис юртдан келган мусофир, Яҳова бу юртга ёғдирган офатлару касалликларни ҳамда 23  Яҳова Садўм ва Ғамўрага+, Адма билан Завўйим+ шаҳарларига жаҳли чиқиб, ғазаби ила яксон қилганидай, олтингугурт, туз ва ёнғин дастидан бутун юртга уруғ экилмайдиган ёки ҳеч нарса униб чиқмайдиган, ҳеч қандай ўсимлик ўсмайдиган ҳолга келганини кўрганда, 24  улар ва барча халқлар: “Нега Яҳова бу юртни бундай аҳволга солди?+ Унинг буюк, оташин ғазабининг сабаби нима?” — дейишади. 25  Уларга бундай жавоб беришади: “Ота-боболарининг Тангриси Яҳова уларни Миср юртидан олиб чиққанда+, улар билан қилган аҳдига риоя этишмагани учун шундай бўлди+. 26  Улар бошқа худоларга — ўзлари билмаган, Аллоҳ сиғинишни ман этган худоларга хизмат қилиб, сажда қилдилар+. 27  Шунда бу юртга Яҳованинг ғазаби қайнаб, мазкур китобда ёзилган барча лаънатларни унинг устига ёғдирди+. 28  Кейин Яҳова қаҳр-ғазаби ила уларни ўз еридан таг-томири билан қўпориб ташлади+ ва бошқа юртга, бугун улар яшаб турган юртга сургун қилди”+. 29  Яҳова Худойимиз барча сирларни билади+, аммо ушбу Қонуннинг барча сўзларига амал қилишимиз учун Ўзи истаганларини бизга ва ўғилларимизга тоабад ошкор этиб, ишониб топширган+.

Изоҳлар

Ёки «синовларни».
Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.