Юҳанно баён этган хушхабар 14:1–31
14 «Юрагингиз сиқилмасин+. Худога ҳамда менга ишонинг+.
2 Отамнинг уйида турар жой кўп. Акс ҳолда, сизлар учун жой тайёрлагани кетяпман+, деб айтармидим.
3 Агар бориб сизлар учун жой тайёрласам, яна келиб, мен билан бир жойда бўлишингиз учун сизларни олдимга олиб кетаман+.
4 Борадиган жойимнинг йўлини сизлар биласиз».
5 Тўма+ унга: «Ҳазрат, қаерга кетаётганингизни билмаймиз-ку. Йўлини қандай топа оламиз?» — деди.
6 Исо қуйидагиларни айтди: «Мен йўл+, ҳақиқат+ ва ҳаётдирман+. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди+.
7 Агар мени билсангиз, Отамни ҳам биласизлар. Бундан буён эса Уни биласизлар ва Уни кўрдингиз»+.
8 Филип унга: «Ҳазрат, самовий Отани бизга кўрсатинг, шу биз учун етарли»,— деди.
9 Исо унга шундай деди: «Филип, шунча вақтдан бери мен сизлар билан биргаман-у, ҳалигача мени билмадингизми? Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади+. Қандай қилиб: “Отани бизга кўрсатинг”,— деяпсиз?
10 Ёки Отам мен билан, мен эса Отам билан бирликда+ эканимга ишонмаяпсизми? Сизларга айтаётган сўзларимни ўз ихтиёрим билан гапирмаяпман+. Мен билан бирликда бўлган Отам ишларини шундай амалга оширяпти.
11 Ишонинг, Отам мен билан, мен эса Отам билан бирликдаман. Борди-ю, менга ишонмасангиз қилаётган ишларимга ишонинг+.
12 Сизларга айтиб қўяй, менга ишонган киши, мен қилаётган ишларни қила олади ва бундан ҳам ортиғини қилади+, чунки мен Отамнинг ёнига кетяпман+.
13 Шунингдек, менинг номимдан нимаики тиласангиз, уни бажо келтираман. Токи Ота Ўғли орқали+ улуғлансин.
14 Ҳа, менинг номимдан нимаики сўрасангиз, бажо келтираман.
15 Агар мени севсангиз, амрларимга риоя қиласиз+.
16 Мен Отамга мурожаат қиламан ва У тоабад сизлар билан бўладиган бошқа ёрдамчини* беради+.
17 Бу ёрдамчи ҳақиқатни ойдинлаштирадиган муқаддас руҳдир+. Дунё уни кўрмайди ҳам, билмайди ҳам+. Сизлар эса уни биласиз, чунки у сизлар билан бирга ва ичингиздадир.
18 Сизларни етим қолдирмайман, албатта олдингизга қайтаман+.
19 Яна бир оздан сўнг дунё мени бошқа кўрмайди. Сизлар эса кўрасиз+, негаки мен яшаяпман ва сизлар ҳам яшайсиз.
20 Ўша куни мен Отам билан, сизлар мен билан, мен эса сизлар билан бирликда эканимни биласиз+.
21 Амрларимни қабул қилиб, уларга амал қилган киши мени севади. Мени севганни Отам севади. Мен ҳам уни севиб, ўзимни унга ошкор этаман».
22 Яҳудо+ (Ишқариёт эмас) бундай деб сўради: «Ҳазрат, нима бўлдики ўзингизни дунёга эмас, бизга ошкор этмоқчисиз?»
23 Исо жавобан деди: «Мени севган, каломимга риоя қилади+ ва Отам уни севади. Биз уникига келиб, у ерда жойлашамиз+.
24 Мени севмайдиган сўзларимга амал қилмайди. Сизлар эшитаётган калом эса меники эмас, мени юборган Отамникидир+.
25 Ёнингизда эканман, буларни сизларга айтяпман.
26 Ёрдамчи, яъни Отам менинг номимдан юборадиган муқаддас руҳ сизларга барча нарсани ўргатиб, айтганларимнинг ҳаммасини ёдингизга солади+.
27 Сизларга тинчликни қолдиряпман, ўз тинчлигимни сизларга беряпман+. Уни сизларга бу дунё берадиган тарзда бермаяпман. Юракларингизга ғулғула тушиб, қўрқувдан сиқилмасин.
28 Сизларга: “Мен кетяпман ва олдингизга яна қайтаман”,— деганимни эшитдингиз. Агар мени севсангиз, Отамнинг ёнига бораётганимдан қувонасизлар. Чунки Отам мендан улуғроқдир+.
29 Сизларга буларни содир бўлмасидан олдин айтдим, токи бажо бўлганида ишонинглар+.
30 Сизларга кўп гапиролмайман, сабаби бу дунёнинг ҳукмдори+ келяпти. У эса менга ҳоким эмас+.
31 Лекин дунё мен Отамни севишимни билиши учун, Отам менга буюрганидай қиляпман+. Туринглар, кетдик бу ердан.
Изоҳлар
^ Ёки «юпатувчини».