Саҳрода 35:1–34

  • Левилар учун шаҳарлар (1–8)

  • Паноҳ шаҳарлар (9–34)

35  Яҳова Мўаб даштларида, Иордан бўйида+, яъни Ерихо яқинида Мусога шундай деб айтди: 2  «Исроил ўғилларига буюр, ўзларига теккан меросдан левиларга яшаш учун шаҳарларни ва уларнинг атрофидаги яйловларни+ беришсин+. 3  Левилар бу шаҳарларда яшашади, яйловлар эса уларнинг уй ҳайвонлари, чорвалари ва бошқа ҳайвонлари учун хизмат қилади. 4  Сизлар левиларга берадиган шаҳарларнинг яйловлари, шаҳар девори атрофи бўйлаб 1 000 тирсак* масофани ўз ичига олсин. 5  Шаҳар атрофи бўйлаб, шаҳар ташқарисининг шарқ томонидан 2 000 тирсак, жануб томонидан 2 000 тирсак, ғарб томонидан 2 000 тирсак ва шимол томонидан 2 000 тирсак ўлчаб чиқинглар. Бу ерлар шаҳарларнинг яйловлари бўлади. 6  Одам ўлдирган киши қочиб бориши учун+, левиларга 6 та паноҳ шаҳар+, бундан ташқари яна 42 та шаҳар ажратиб беринглар. 7  Уларга жами бўлиб 48 та шаҳарни яйловлари билан бирга беринглар+. 8  Бу шаҳарларни Исроил ўғилларининг мулкидан бўлиб беринглар+. Каттароқ қабиладан кўпроқ, кичикроғидан эса камроқ олинглар+. Ҳар бир қабила ўзига теккан меросга яраша, шаҳарларидан баъзиларини левиларга берсин». 9  Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди: 10  «Исроил ўғилларига бундай деб айт: “Сизлар Канъон юртига+ кириш учун Иордан дарёсидан ўтяпсизлар. 11  Ўзларингиз учун қулай бўлган шаҳарларни танланглар. Улар паноҳ шаҳарлар сифатида хизмат қилиб, атайин одам ўлдирмаган киши ўша ерга қочиб боради+. 12  Бу шаҳарлар қон учун қасос олувчидан паноҳ бўлиб хизмат қилади+. Шунда қотил жамоа олдида ҳукм қилинмасидан олдин ўлдирилмайди+. 13  Сизлар тақдим этадиган мана шу олтита шаҳар паноҳ шаҳарлар бўлади. 14  Паноҳ шаҳарларнинг учтасини Иорданнинг шу тарафидан+, қолган учтасини эса Канъон юртидан ажратиб беринглар+. 15  Бу олтита шаҳар Исроил ўғиллари, орангиздаги мусофирлар+ ва келгиндилар учун паноҳ шаҳарлар бўлиб хизмат қилади. Атайин одам ўлдирмаган киши ўша ерга қочиб боради+. 16  Агар бир киши бошқасини темир асбоб билан уриб ўлдирса, у қотил ҳисобланади. Қотил албатта ўлдирилсин+. 17  Борди-ю, кимдир бошқа одамни тош билан уриб ўлдирса, у қотилдир. Қотил албатта ўлдирилсин. 18  Агар бир киши бошқасини ёғоч асбоб билан уриб ўлдирса, у қотил ҳисобланади. Қотил албатта ўлдирилсин. 19  Қотилни қон учун қасос олувчи ўлдирсин. Уни учратиши биланоқ ўлдирсин. 20  Мабодо бирон киши бошқани ёмон кўргани дастидан итариб ёки ёвуз ниятда* унга бирон нарса отиб ўлдириб қўйса+, 21  ё бўлмаса, нафратдан мушт тушириб ўлдирса, мушт туширган одам албатта ўлдирилсин. У қотилдир. Қотилни қон учун қасос олувчи киши учратиши биланоқ ўлдирсин. 22  Борди-ю, бирон киши бошқани ёмон кўргани учун эмас, балки бехосдан итариб юборса ёки ҳеч қандай ёвуз ниятсиз унга бирон нарса отиб юборса+, 23  ёхуд уни кўрмасдан тош отиб юборса ёки тошни устига тушириб юборса ва у ўлиб қолса, лекин унга нисбатан ҳеч қандай душманлиги ёки зарар етказиш нияти бўлмаган бўлса, 24  жамоа келтирилган бу йўл-йўриқларга асосланиб, одам ўлдирган киши билан қон учун қасос олувчи ўртасидаги масалани ҳал қилсин+. 25  Жамоа одам ўлдирган кишини қон учун қасос олувчининг қўлидан халос этиб, у қочиб борган паноҳ шаҳарга қайтариб юборсин. У ўша ерда, муқаддас мой билан мойланган олий руҳоний вафот этгунга қадар яшасин+. 26  Мабодо одам ўлдирган киши ўзи қочиб борган паноҳ шаҳарнинг ташқарисига чиқса 27  ва қон учун қасос олувчи киши паноҳ шаҳарнинг ташқарисида уни ушлаб олиб ўлдирса, у қон тўкилишида айбдор бўлмайди. 28  Чунки одам ўлдирган киши олий руҳонийнинг вафотигача паноҳ шаҳарда яшаши лозим. Олий руҳонийнинг ўлимидан кейингина, у ўз ерига қайтиб бора олади+. 29  Булар — барча турар жойларингиз бўйлаб авлодларингиз оша амал қилишингиз керак бўлган қонунлар. 30  Одам ўлдирган ҳар қандай киши гувоҳларнинг кўрсатмалари бўйича+ қотил сифатида ўлдирилсин+. Лекин биттагина гувоҳнинг кўрсатмаси асосида ҳеч бир киши ўлдирилмасин. 31  Ўлимга лойиқ бўлган қотилнинг ҳаёти* учун тўлов олманглар. У албатта ўлдирилсин+. 32  Шунингдек, паноҳ шаҳарга қочиб борган, аммо олий руҳонийнинг вафотига қадар ўз ерига қайтиб бориб яшамоқчи бўлган киши учун ҳам тўлов олманглар. 33  Яшаётган юртингизни булғаманглар, чунки қон тўкиш юртни булғайди+. Қон тўкилган юртни қон тўккан одамнинг қони билангина ювиш мумкин+. 34  Ўзингиз яшайдиган юртни булғаманглар, чунки Мен ҳам шу юртда яшайман. Мен Яҳова, Исроил халқи орасида яшайман”+».

Изоҳлар

Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «пистирмадан».
Ёки «жони».