Нахимиё 4:1–23
4 Санбаллат+ девор тикланаётгани ҳақида эшитганида, аччиқланди ва дарғазаб бўлиб, яҳудийларни масхара қила бошлади.
2 У биродарлари ва Самария жангчилари олдида шундай деди: «Бу бўлмағур яҳудийлар ўзи нима қилмоқчи? Ўзларича деворни тикламоқчими? Яна бир кунда уни кўтариб, қурбонлик келтирмоқчими? Ахир ёниб битган тошларга жон ато этиб, вайроналарни қайта тиклаш мумкинми ўзи?»+
3 Санбаллатнинг ёнида турган оммонлик+ Тўвиё+ ҳам: «Улар қураётган тош деворга ҳатто тулки сакраб чиқса, қулаб тушади-ку!» — деди.
4 Шунда мен ибодат қилиб дедим: «Эй Худойимиз, бизни шармандаликдан қутқар+. Уларнинг лаънатини ўз бошларига солгин+. Юртлари талон-торож қилинсин, ўзлари эса асирликка тушсин.
5 Сенинг олдингда қилган хатоларига кўз юмма+, уларнинг гуноҳини кечирма. Ахир улар қурувчиларни хўрлашяпти-ку!»
6 Хуллас, биз қуришни давом эттирдик. Деворни айланаси бўйлаб бириктириб, қулаган жойларини ярмигача кўтардик. Одамлар чин кўнгилдан ишлашарди.
7 Санбаллат, Тўвиё+, араблар+, оммонликлар ва ашдодликлар+ Қуддус деворининг тикланиши яхши кетаётганини ва ўпирилган жойлари таъмирланаётганини эшитиб ғазабга минишди.
8 Шунда улар Қуддусга қарши жанг қилишга ва шаҳарда ғалаён кўтаришга тил бириктиришди.
9 Биз эса Худойимизга ибодат қилиб, улардан ўзимизни кечаю кундуз ҳимоя қилиш учун қўриқчилар тайинладик.
10 Яҳудийлар эса: «Харобазор бўлиб ётган жойлар ҳали жуда кўп, аммо ишчиларнинг* мадори қолмади. Деворни ҳеч қачон тиклай олмаймиз, чоғи»,— дейишарди.
11 Душманларимиз ҳам: «Улар билмаган ва кўрмаган пайтда устиларига бостириб борамиз-да, барчасини ўлдирамиз ва ишларини тўхтатамиз»,— деб айтишарди.
12 Уларга яқин яшайдиган яҳудийлар эса олдимизга келиб, қайта-қайта*: «Улар ҳамма жойдан устимизга бостириб келишади»,— дейишарди.
13 Шунда пастроқ ва унча ҳимоя қилинмаган жойларга девор орқасидан одамларни қўйиб чиқдим. Уларни қилич, найза ва камонлар билан қуроллантириб, оилалари бўйича жойлаштирдим.
14 Лекин уларнинг қўрқаётганини кўриб, ўрнимдан турдим-да, асилзодалар+, бош назоратчилару қолган халққа: «Қўрқманглар!+ Яҳовани ёдда тутинглар! Ахир У қудратли ва ҳайбатлидир+. Биродарларингиз, ўғил-қизларингиз, хотинларингиз ва уйларингиз учун жанг қилинглар»,— дедим.
15 Душманларимиз уларнинг қилмоқчи бўлган ишларидан хабардор эканимизни, ҳақ Тангри уларнинг режаларини бузганини билишди. Шунда ҳаммамиз қайтадан ишга киришдик.
16 Ўша кундан бошлаб одамларимнинг ярми ишларди+, қолганлари эса совутини кийиб, найза, қалқон ва камонларини олиб юрадиган бўлди. Беклар+ эса бутун Яҳудо хонадонини қўллаб-қувватлаб туришди ва
17 улар деворни тиклашни давом эттиришди. Юк ташувчилар бир қўли билан ишлаб, иккинчи қўлида найза ушлаб юришди.
18 Қурувчиларнинг ҳар бири камарига қилич осиб олган эди. Ёнимда бўлса бурғу чаладиган+ киши юрарди.
19 Мен асилзодалар, бош назоратчилару қолган халққа: «Ишимиз ҳали кўп. Биз эса бир-биримиздан олисда туриб девор бўйлаб тарқоқ ишлаяпмиз.
20 Шунинг учун, бурғу овозини эшитганингизда, биз томонга тез етиб келинглар. Аллоҳ биз учун жанг қилади»+,— деб айтдим.
21 Хуллас, одамлардан ярми иш билан машғул бўлса, қолганлари эрта саҳардан то юлдузлар кўринган пайтгача найза кўтариб юрарди.
22 Мен яна одамларга: «Ҳамма ўз хизматкорлари билан Қуддусда тунаб қолсин. Улар бизни кечаси қоровуллайди, кундузи эса ишини бажаради»,— дедим.
23 Мен, биродарларим, хизматкорларим+ ва ёнимдаги қўриқчиларим ҳатто ухлашга борганда ҳам кийимларимизни ечмас эдик. Найзаларимиз ҳам ҳамиша ўнг қўлимизда эди.