Матто баён этган хушхабар 16:1–28

  • Аломат сўрашади (1–4)

  • Фарзийлар ва саддуқийлар хамиртуруши (5–12)

  • Шоҳлик калитлари (13–20)

    • Қоя устида барпо қилинган жамоат (18)

  • Исо ўлиши ҳақида айтади (21–23)

  • Шогирдлар учун талаб (24–28)

16  У ерда Исонинг ёнига фарзийлар билан саддуқийлар келишди ва уни синамоқчи бўлиб, осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашди+. 2  Исо эса уларга жавобан шундай деди: «Кеч кираётганда, сизлар: “Осмон қизариб турибди, демак ҳаво очиқ бўларкан”,— дейсизлар. 3  Тонг отганда эса: “Осмон қизариб тургани билан, ҳаво бузуқ, демак совуқ ва ёғингарчилик бўлади”,— дейсизлар. Сизлар осмонга қараб, об-ҳаво қанақа бўлишини аниқлай оласизлар-у, аммо шу вақтга тегишли аломатларни аниқлай олмаяпсизлар. 4  Бу ёвуз ва бевафо насл аломат излаяпти, лекин унга Юнус пайғамбарникидан+ бошқа аломат кўрсатилмайди»+. Шундан сўнг, Исо уларнинг ёнидан кетди. 5  Унинг шогирдлари нариги қирғоққа сузиб ўтишди-ю, лекин ўзлари билан нон олишни унутишибди+. 6  Исо уларга: «Қаранглар, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар»,— деди+. 7  Улар эса: «Ўзимиз билан биронта ҳам нон олмабмиз»,— дея ўзаро фикрлай бошлашди. 8  Исо буни билиб, уларга деди: «Эҳ, имони сустлар. Нега нон олмабмиз, деб ўзаро фикр юритяпсизлар? 9  Ҳалиям тушунмаяпсизларми? Бешта нон билан 5 000 кишининг* қорни тўйгани ва қолган бурдалар неча сават чиққани эсингизда йўқми?+ 10  Ёки еттита нон билан 4 000 кишининг* қорни тўйганини ва қолган бурдалар билан нечта катта сават тўлганини унутиб қўйдингизларми?+ 11  Сизларга нон ҳақида гапирмаётганимни наҳот тушунмаган бўлсангиз? Мен, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар, дедим»+. 12  Шунда Исо уларни оддий хамиртурушдан эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан огоҳлантирганини тушунишди. 13  Исо Филип Кесарияси ҳудудига етиб келганида, шогирдларидан сўради: «Одамлар Инсон Ўғлини ким деб ҳисоблашяпти?»+ 14  Улар шундай жавоб беришди: «Кимдир халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё+, кимдир Илёс+, кимдир Еремиё, яна кимдир бошқа пайғамбарлардан бири дейди». 15  Шунда Исо: «Сизлар-чи, мени ким деб ўйлайсизлар?» — деб сўради. 16  Симун Бутрус жавоб бериб: «Сиз барҳаёт Худонинг Ўғли+ — Масиҳсиз»+,— деди. 17  Исо бўлса унга қуйидагиларни айтди: «Баракалла, Юнус ўғли Симун! Чунки буни сизга одамзод* эмас, балки осмондаги Отам очиб берди+. 18  Яна шуни ҳам айтиб қўяйки, сиз Бутруссиз*+. Мозор* дарвозалари жамоатимни ортиқ асир тута олмайди, чунки мен уни қоя+ устида барпо қиламан. 19  Мен сизга Осмон Шоҳлигининг калитларини бераман. Ер юзида нимани қулфласангиз, осмонда қулфланганидай* бўлади. Ер юзида нимани очсангиз, осмонда очилганидай* бўлади». 20  Кейин Исо шогирдларига, унинг Масиҳ эканини ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюрди+. 21  Ўша вақтдан бошлаб Исо шогирдларига Қуддусга бориб оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва уламолар қўлидан кўп азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклигини тушунтира бошлади+. 22  Шунда Бутрус Исони четга тортди-да, унга таъна қила бошлади: «Ўзингизга раҳм қилинг, Ҳазратим. Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин»+. 23  Исо эса Бутрусдан юзини ўгириб, шундай деди: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен менга тўсқинлик қилиб, Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан»+. 24  Сўнг Исо шогирдларига қуйидагича деди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини* кўтариб, менга эргашиб юрсин+. 25  Агар кимдир ўз жонини* сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени деб жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади+. 26  Агар инсон бутун дунёга эгалик қилса-ю, ўз жонини йўқотса, бундан унга не фойда?+ Ёки одам ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?+ 27  Келажакда Инсон Ўғли Отасининг улуғворлигида ўз фаришталари билан келганда, ҳар кимга ишига яраша қайтаради+. 28  Ишонаверинг, бу ерда турганлардан баъзилар, Инсон Ўғли ўз Шоҳлигида келаётганини кўрмагунча, ўлмайди»+.

Изоҳлар

Ёки «эркакнинг».
Ёки «эркакнинг».
Сўзма-сўз «эт ва қон».
Юн. ҳадес, яъни инсониятнинг умумий қабри. Луғатга қ.
Бу исм юнонча «қоятош», деган маънони билдиради.
Сўзма-сўз «боғласангиз... боғланганидай».
Сўзма-сўз «ечсангиз... ечилганидай».
Ёки «ҳаётини».