Марк баён этган хушхабар 7:1–37

  • Инсоний урф-одатлар фош этилади (1–13)

  • Юракдан чиққан нарсалар булғайди (14–23)

  • Финикиялик аёлнинг имони (24–30)

  • Кар одам шифо топади (31–37)

7  Қуддусдан келган фарзийлар билан айрим уламолар Исонинг атрофига йиғилишди+. 2  Улар Исонинг баъзи шогирдлари қўлларини ювмасдан* овқатланишаётганини кўришди. 3  (Барча яҳудийлар, жумладан фарзийлар ҳам ота-боболарининг урф-одатларига қаттиқ риоя қилиб, қўлларини тирсагигача ювмасдан овқатланишмасди. 4  Бозордан қайтгач ювинмай туриб овқат ейишмасди. Бундан ташқари, косалар, кўзалар ва мис идишларни сувга ботириш каби бошқа кўплаб урф-одатларга қаттиқ амал қилишарди.)+ 5  Шунда фарзийлар билан уламолар Исодан: «Нега шогирдларинг ота-боболаримизнинг урф-одатларини бузиб, қўлларини ювмай овқат ейишяпти?»+ — деб сўрашди. 6  Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Ҳой иккиюзламачилар, Ишаё пайғамбар сизлар ҳақингизда: “Бу халқ тилдагина Мени ҳурмат қилади, қалби эса Мендан йироқдир+. 7  Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсоний амрларни Худоники деб ўргатиб юришибди”+,— дея ўринли башорат қилган экан. 8  Сизлар Аллоҳнинг амрларини четга суриб, инсонлар чиқарган урф-одатларга риоя қиляпсиз»+. 9  Исо яна шуларни айтди: «Сизлар ўз урф-одатларингизни сақлаб қолиш учун, Тангрининг амрларини эпчиллик билан бекор қиляпсиз+. 10  Мисол учун, Мусо пайғамбар: “Ота-онангизни ҳурмат қилинг”+ ва “Отасини ёки онасини ҳақорат қилган ўлдирилсин”+,— деб айтган. 11  Сизлар бўлса: “Инсон отасига ёки онасига: “Сизга фойдаси тегадиган нарсаларимнинг бари қурбонликдир (яъни Худога бағишланган ҳадя)”,— деб айтишга ҳақли”,— дейсизлар. 12  Бу билан у ота-онасига яхшилик қилишига тўсқинлик қиляпсизлар+. 13  Шу тариқа, урф-одатингизни деб Аллоҳнинг каломини бекор қиляпсизлар+. Бунга ўхшаш яна кўп ишларни ҳам қиляпсизлар»+. 14  Кейин Исо халқни ёнига чақириб, уларга қуйидагиларни айтди: «Барчангиз сўзларимга қулоқ солиб, мағзини чақинглар+. 15  Ташқаридан кирган ҳеч бир нарса одамни ҳаром қилмайди. Аксинча, инсонни ҳаром қиладиган нарса унинг ичидан чиқади»+. 16  * —— 17  Исо халқни тарк этиб уйга кирганида, шогирдлари ундан бояги мисол тўғрисида сўрай бошлашди+. 18  Шунда Исо уларга деди: «Наҳотки сизлар ҳам уларга ўхшаб тушунмаётган бўлсангиз? Ташқаридан кирган ҳеч бир нарса инсонни ҳаром қилмаслигини билмайсизларми? 19  Ахир бу нарсалар юракка эмас, қоринга тушиб, кейин ташқарига чиқиб кетади-ку». Шу йўсин, Исо ҳар қандай егуликни ҳалол қилди. 20  Исо яна гапини давом эттирди: «Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар уни ҳаром қилади+. 21  Зеро ичдан, яъни қалбдан+ ёмон фикрлар чиқиб, улар жинсий ахлоқсизлик*, ўғрилик, қотиллик, 22  бевафолик, очкўзлик, ярамас ишлар, ёлғон, ахлоқсиз хулқ*, ҳасад*, ҳақоратли сўзлар, такаббурлик, ақлсизликка олиб боради. 23  Ушбу ёмон нарсаларнинг барчаси одамнинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади». 24  Исо у ердан чиқиб, Тир ва Сидон атрофларига бориб+, бир уйга кирди. У келгани ҳақда ҳеч ким билишини истамади, лекин барибир эътибордан четда қолмади. 25  Қизалоғи ёвуз руҳга чалинган бир аёл Исо тўғрисида эшитиши биланоқ, келиб унинг оёқлари остига йиқилди+. 26  Бу аёл юнон бўлиб, Суриядаги Финикиядан эди. У қизидан ёвуз руҳни қувиб чиқаришни Исодан ўтиниб сўрай бошлади. 27  Аммо Исо унга: «Аввал болалар тўйсин. Ахир нонни болалардан олиб, кучукларга бериш яхши эмас-ку»+,— деди. 28  Аёл бўлса жавобан шундай деди: «Тақсир, сиз ҳақсиз. Лекин кучуклар ҳам болалар дастурхонидан тушган ушоқларни териб ейди-ку». 29  Шунда Исо аёлга: «Бундай деганингиз учун уйингизга бораверинг, жин қизингиздан чиқиб кетди»+,— деб айтди. 30  Аёл уйига келганида, қизалоғининг жиндан қутулиб+, тўшакда ётганини кўрди. 31  Исо Тир ён-атрофларидан қайтаётганда, Сидонни оралаб ўтиб, Ўнкент вилояти орқали Жалила денгизи томон йўл олди+. 32  Ўша ерда унинг олдига кар ва яхши гапира олмайдиган бир одамни келтириб+, унга қўл теккизишини ёлвориб сўрашди. 33  Исо бу одамни халойиқ орасидан четроққа олиб чиқди. Кейин бармоқларини унинг қулоқларига тиқди-да, тупуриб, тилига теккизди+. 34  Сўнгра Исо осмонга қаради-да, оғир хўрсиниб: «Эффатаҳ», яъни «Очил»,— деди. 35  Шу онда бу одамнинг қулоқлари очилиб+, тилга кирди ва равон гапира бошлади. 36  Исо ўша ердагиларга бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни буюрди+. Аммо уларга қанча ман этмасин, улар барибир бу ҳақда овоза қилаверишарди+. 37  Улар жудаям ҳайратда қолиб+: «Унинг ҳамма ишлари ажойиб! У ҳатто карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қиляпти»+,— дейишарди.

Изоҳлар

Бу, яҳудийларнинг покланиш расм-русумидир.
Юн. порниа сўзининг кўплик шакли. Луғатга қ.
Ёки «уятсизлик». Юн. аселгейа. Луғатга қ.
Сўзма-сўз «ҳасадли кўз».