Марк баён этган хушхабар 5:1–43

  • Исо жинларни қувиб чиқаради (1–20)

  • Яирнинг қизи. Бир аёл Исонинг усти кийимига қўл теккизади (21–43)

5  Улар денгизнинг нариги қирғоғидаги герасликлар юртига келишди+. 2  Исо қайиқдан тушиши биланоқ қабрлар орасидан чиққан, жинга чалинган бир одамга дуч келди. 3  Қабристонда яшаб юрган бу одамни ҳеч ким занжир билан ҳам боғлай олмасди. 4  Уни кўп маротаба кишану занжирлар билан боғлаган бўлишса-да, у занжирларни узиб, кишанларни синдириб юборарди. Уни тинчлантиришга ҳеч кимнинг кучи етмасди. 5  У доимо, кечаю кундуз қабристону тоғларда бақириб юрарди ва ўзини тошлар билан жароҳатларди. 6  Аммо Исони узоқдан кўриб қолгач, у югуриб бориб унга таъзим қилди+. 7  Кейин у овози борича: «Эй, Худойи Таолонинг Ўғли Исо, менда нима ишинг бор? Худо ҳаққи ёлвораман, мени қийнама!»+ — дея бақирди. 8  Сабаби, Исо унга: «Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!»+ — деб буюрган эди. 9  Сўнг Исо ундан: «Исминг нима?» — деб сўради. Бунга жавобан у: «Исмим Тумонат*, чунки биз кўпчиликмиз»,— деди. 10  У Исодан жинларни ўша юртдан қувиб чиқармасликни ёлвориб сўради+. 11  Ўша ерда тоғ ёнбағрида катта чўчқа+ подаси ўтлаб юрганди+. 12  Жинлар Исога ёлвориб: «Бизга рухсат бер, чўчқаларга кириб олайлик»,— дейишди. 13  Исо рухсат берган эди, жинлар бу одамдан чиқиб, чўчқа подасига кириб олишди. Ўшанда 2 000 га яқин чўчқа жарликдан денгизга сакраб, битта қолмай чўкиб ўлди. 14  Чўчқабоқарлар эса қочиб кетиб, шаҳару қишлоқларда ҳаммага бу ҳақда айтиб беришди. Шунда одамлар нима юз берганини кўриш учун келишди+. 15  Улар Исонинг ёнига келганда, ичидан тумонат жинлар чиққан кишининг кийиниб, эс-ҳушли ҳолда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди. 16  Шунингдек, бу воқеани кўрганлар ҳам, жинларга чалинган одамнинг қандай соғайганини ва чўчқалар билан нима юз берганини ҳаммага айтиб беришди. 17  Кейин улар Исога ёлвориб, юртларини тарк этишни сўрашди+. 18  Исо қайиққа тушаётганида, илгари жинга чалинган одам унга эргашиб юриш учун ижозат сўради+. 19  Лекин Исо унга рухсат бермай: «Уйингизга боринг-да, Яҳова* сиз учун нималар қилганини ва қандай раҳм-шафқат кўрсатганини қариндошларингизга гапириб беринг»,— деди. 20  У киши Ўнкентга бориб, Исо унга нималар қилгани ҳақида жар сола бошлади ва бундан ҳамма қойил қоларди. 21  Исо яна нариги қирғоққа қайиқда сузиб ўтганида, атрофида катта халойиқ тўпланди. У денгиз соҳилида турганида+, 22  олдига Яир исмли бир киши келди. У ибодатхона бошлиғи эди. Бу киши Исонинг оёқлари остига юзтубан тиз чўкиб+, 23  кўп маротаба шундай дея ёлворди: «Қизалоғим ўлим тўшагида ётибди. Илтимос, бориб устига қўлингизни қўйинг+, у соғайиб, тирик қолсин». 24  Исо у билан кетди. Халойиқ эса орқасидан эргашиб, уни сиқиб борарди. 25  Омма орасида 12 йилдан бери+ қон кетишидан+ азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. 26  Ўша аёл шифокорларга боравериб, кўп азоб чекканди. Чунки бутун мол-мулкини сарфлаб, сира фойда кўрмай, аксинча, аҳволи янада оғирлашганди. 27  Исо ҳақида эшитгач, у халойиқни оралаб ўтиб, унинг орқасидан келди-да, устки кийимига қўлини теккизди+. 28  Боиси, у шундай ўйларди: «Ҳеч бўлмаса устки кийимига қўлимни теккизсам, тузалиб кетаман»+. 29  Шу ондаёқ қон кетиши тўхтади ва у оғир дарддан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис қилди. 30  Исо ўзидан бир куч чиққанини дарҳол сезиб+, халойиққа ўгирилди-да: «Кийимимга ким тегди?»+ — дея сўради. 31  Унинг шогирдлари эса шундай дейишди: «Халойиқ сизни сиқиб турганини кўряпсиз-ку, тағин: “Кийимимга ким тегди?” — деяпсиз-а». 32  Бироқ Исо буни ким қилганини кўриш учун атрофга қаради. 33  Аёл ўзида ўзгариш юз берганини сезиб, қўрқиб кетди ва титраганча унинг олдига келди. Сўнг тиз чўкиб, Исога бор гапни айтди. 34  Исо аёлга: «Синглим*, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бориб+, оғир дарддан фориғ бўлинг»,— деди+. 35  У ҳали гапириб турганида, ибодатхона бошлиғининг уйидан одамлар келиб: «Қизингиз вафот этди. Энди Устозни овора қилмай қўяверинг»,— деб айтишди+. 36  Буни эшитиб, Исо ибодатхона бошлиғига: «Ваҳимага тушманг. Фақат ишонсангиз бас»,— деди+. 37  Кейин Исо Бутрусдан, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннодан бошқа ҳеч кимга ўзининг орқасидан юришга рухсат бермади+. 38  Улар ибодатхона бошлиғининг уйига келишганида, Исо у ерда қий-чув бўлаётганини кўрди. Одамлар дод солиб йиғлаётган эдилар+. 39  Исо ичкарига кириб, у ердагиларга: «Нега дод-вой солиб йиғлаяпсизлар? Бола ўлган эмас, у ухлаб ётибди»+,— деди. 40  Шунда улар уни мазах қилиб устидан кула бошлашди. Исо бўлса ҳаммага хонадан чиқиб кетишни буюрди-да, қизчанинг ота-онасини ҳамда ёнидагиларни олиб, қизча ётган хонага кирди. 41  Сўнг қизчанинг қўлидан ушлаб: «Талифа қуми»,— деди. Бунинг таржимаси «Қизалоқ, ўрнингдан тур!» дегани+. 42  Шу ондаёқ қизча ўрнидан туриб, юра бошлади. (Унинг ёши 12 да эди.) Буни кўрганлар донг қотиб қолишди. 43  Исо бу ҳақда ҳеч кимга гапирмасликни уларга қайта-қайта* буюрди-да+, қизалоққа бирор егулик беришларини айтди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Легион». Луғатга қ.
Сўзма-сўз «қизим».
Ёки «қатъий».