Ибтидо 24:1–67

  • Исҳоқ учун келин излашади (1–58)

  • Ривқо Исҳоққа пешвоз чиқади (59–67)

24  Иброҳимнинг ёши ўтиб, кексайиб қолди. Яҳова уни ҳар тарафдан баракали қилган эди+. 2  Бир куни, Иброҳим бутун мол-мулкини бошқарадиган, хонадонидаги энг ёши улуғ хизматкорига шундай деди+: «Қўлингни сонимнинг тагига қўйгин-да*, 3  еру осмоннинг Худоси Яҳованинг исми ҳаққи қасам ичиб, ўғлимга мен яшаётган Канъон юртидаги қизлардан хотин олиб бермасликка ваъда бер+. 4  Менинг юртимга, қариндошларимникига+ бориб, ўғлим Исҳоққа ўша ердан хотин олиб келаман, деб онт ич». 5  Хизматкори бўлса: «Агар ўша қиз мен билан бирга бу юртга келишни истамаса-чи? Ўғлингизни сиз тарк этган юртга олиб боришим керакми?»+ — деди. 6  Шунда Иброҳим мана бундай деди: «Ўғлимни у ерга қайтара кўрма+. 7  Мени отамнинг уйидан, қариндошларимнинг юртидан+ олиб чиққан ва мен билан гаплашиб+: “Бу юртни сенинг зурриётингга*+ бераман”+,— деб қасам ичган самовий Худо Яҳова, сени бошлаб бориши учун Ўз фариштасини юборади+ ва сен ўша юртдан+ ўғлимга хотин олиб келасан. 8  Борди-ю, қиз сен билан келишни истамаса, менга берган қасамдан озод бўласан. Аммо ўғлимни ўша юртга қайтара кўрма». 9  Шунда хизматкор қўлини хўжайинининг сони тагига қўйиб, қасам ичди+. 10  Сўнг хизматкор хўжайинининг туяларидан ўнтасини ҳамда у берган турли хил совғаларни олиб, йўлга отланди. Шундай қилиб, у Месопотамияга, Нахўрнинг шаҳрига жўнади. 11  Оқшом пайти хизматкор шаҳар ташқарисидаги қудуқ олдига етиб келиб, туяларини чўктирди. Бу маҳалда, аёллар қудуқдан сув тортгани келишарди. 12  Шунда хизматкор ибодат қилиб: «Хўжайиним Иброҳимнинг Тангриси Яҳова, илтимос, бугун ишларимга ривож бериб, хўжайиним Иброҳимга меҳр-садоқатингни кўрсат. 13  Мана, мен қудуқ олдида турибман, бу шаҳарнинг қизлари эса сув тортгани келишяпти. 14  Мен қайси қизга: “Кўзангни пасайтир, сув ичиб олайин”,— деб айтсам, у эса: “Ичинг, туяларингизни ҳам суғораман”,— деса, Сен хизматкоринг Исҳоқ учун танлаган қиз ўша бўлади. Хўжайинимга меҳр-садоқат кўрсатганингни шундан биламан»,— деди. 15  Хизматкор ҳали гапини тугатмасидан, шаҳардан елкасида кўза кўтариб келаётган Ривқони кўрди. У, Иброҳимнинг акаси Нахўрга+ хотини Милхо+ туғиб берган Батувалнинг қизи+ эди. 16  Қиз жуда чиройли бўлиб, эркак қўл тегизмаган бокира эди. У қудуқ томон тушиб келди-да, кўзасини тўлдириб, юқорига кўтарила бошлади. 17  Хизматкор эса югуриб унга пешвоз чиқди-да: «Илтимос, кўзангдаги сувдан бир қултум ичишга бер»,— деб айтди. 18  Қиз бўлса: «Марҳамат, ичинг, тақсир»,— деди ва дарҳол кўзасини қўлига тушириб, унга сув берди. 19  Хизматкорга сув бериб бўлгач, у: «Туяларингизга ҳам улар тўйиб ичгунча, сув тортиб бераман»,— деди. 20  Қиз тезда кўзасидаги сувни охурга бўшатди-да, қудуқдан қайта-қайта сув тортиб, туяларнинг барини суғорди. 21  Хизматкор эса, Яҳова унинг сафарини ўнглаган-ўнгламаганини тушуниш учун, жим туриб, ҳайрат билан қизни кузатди. 22  Туялар сув ичиб бўлгач, хизматкор бурунга тақиладиган, оғирлиги ярим шекел* бўлган олтин сирға билан оғирлиги ўн шекел бўлган иккита олтин билагузукни чиқарди. 23  Сўнг унга: «Айт-чи, кимнинг қизисан? Отангнинг уйида тунаб қолгани жой борми?» — деди. 24  Қиз унга: «Нахўр+ билан Милхонинг ўғли Батувалнинг қизиман»+,— дея жавоб берди. 25  Кейин эса: «Сомонимиз ҳам, емимиз ҳам кўп. Тунагани жойимиз ҳам бор»,— деб айтди. 26  Шунда бу киши тиз чўкди-да, Яҳовага таъзим қилиб, 27  деди: «Хўжайиним Иброҳимнинг Тангриси Яҳовага, хўжайинимга меҳр-садоқат ва ишонч намоён этган Аллоҳга шукрлар бўлсин! Зеро Яҳова менга йўл кўрсатиб, хўжайинимнинг қариндошлари уйига бошлаб келди». 28  Қиз онасига ва бошқаларга ҳаммасини айтиб бериш учун югуриб кетди. 29  Ривқонинг Лобон деган акаси бор эди+. Лобон, шаҳар ташқарисидаги қудуқ ёнида турган кишининг олдига чопиб кетди. 30  Лобон синглиси Ривқонинг бурнидаги сирғани ва қўлларидаги билагузукларни кўргач ҳамда: «Ўша киши менга шундай деб айтди»,— деган сўзларини эшитгач, ўша кишининг олдига бориб, у ҳалиям туялари билан қудуқ ёнида турганини кўрди. 31  Лобон унга: «Хуш келибсиз, Яҳовадан барака топган киши! Нега бу ерда турибсиз? Мен сизга уй ва туяларингизга жой тайёрлаб қўйдим»,— деди. 32  Иброҳимнинг хизматкори унинг уйига борди. Лобон туяларнинг эгарларини ечиб, уларга сомон ва ем берди. Ўша киши билан ёнидагиларга эса, оёқларини ювиб олишлари учун сув берди. 33  Кейин эса олдига егулик қўйишди, лекин у: «Нима мақсадда келганимни айтмагунимча, ҳеч нарса емайман»,— деди. Шунда Лобон: «Хўш, айтинг-чи»,— деди. 34  У шундай дея гап бошлади: «Мен Иброҳимнинг хизматкориман+. 35  Яҳова хўжайинимга баракасини ёғдириб, қўй ва қорамол, кумушу олтинлар, қул ва чўрилар, туя ва эшаклар ато этиб, бой-бадавлат кишига айлантирган+. 36  Хотини Сора эса кексайиб қолганида, хўжайинимга ўғил туғиб берди+. У бор нарсасини ўғлига қолдиради+. 37  Хўжайиним менга қасам ичириб: “Ўғлимга мен яшаётган Канъон юртининг қизларидан хотин олиб берма+. 38  Отамнинг хонадонига, қариндошларимникига бориб+, ўғлим Исҳоққа ўша ердан хотин олиб кел”+,— деб айтди. 39  Лекин мен хўжайинимга: “Агар ўша қиз мен билан бирга келишни истамаса-чи?”+ — дедим. 40  Шунда у: “Мен топинаётган* Тангри Яҳова+ сен билан фариштасини юбориб+, сафарингни ўнглайди ва сен қариндошларимдан, отамнинг хонадонидан+ ўғлимга хотин олиб келасан. 41  Лекин қариндошларимникига борганингда, улар қизини сенга беришмаса, менга берган қасамингдан озод бўласан. Шу сени қасамдан озод қилади”+,— деб айтди. 42  Бугун мен қудуқнинг олдига етиб келганимда: “Хўжайиним Иброҳимнинг Тангриси Яҳова, агар сафаримни ўнгламоқчи бўлсанг, 43  мана, мен қудуқ олдида турибман. Сув тортгани келаётган қизга+: “Кўзангни пасайтир, сув ичиб олайин”,— деб айтсам, 44  у эса: “Ичинг, туяларингизни ҳам суғораман”,— деса, Яҳова хўжайинимнинг ўғли учун танлаган қиз ўша бўлади”,— дедим+. 45  Ичимда ибодат қилишни тугатмасимдан, елкасида кўза кўтариб келаётган Ривқони кўрдим. У қудуқ томон тушиб келди-да, сув торта бошлади. Шунда мен: “Илтимос, ичгани сув бер”,— деб айтдим+. 46  У дарҳол кўзасини елкасидан тушириб: “Марҳамат, ичинг+, туяларингизни ҳам суғораман”,— деди. У менга сув бергач, туяларимни ҳам суғорди. 47  Сўнг мен ундан: “Кимнинг қизисан?” — деб сўрадим. У: “Нахўр билан Милхонинг ўғли Батувалнинг қизиман”,— дея жавоб берди. Шунда мен бурнига сирға, қўлларига эса билагузукларни тақиб қўйдим+. 48  Кейин мен тиз чўкдим-да, Яҳовага таъзим қилиб, хўжайинимнинг ўғлига акасининг қизини олиб беришим учун, менга йўл кўрсатиб келган хўжайинимнинг Тангриси Яҳовага шукрлар айтдим+. 49  Хўжайинимга меҳр-садоқат ва ишонч намоён этишни истайсизларми ёки йўқми, энди менга айтинглар. Мен шунга қараб йўл тутаман»+. 50  Лобон билан Батувал эса: «Бу Яҳованинг иши. Биз сизга “ҳа” ёки “йўқ” деб айтолмаймиз. 51  Мана, Ривқо қаршингизда турибди, уни олиб кетишингизга розимиз. Майли, Яҳова айтганидай, у хўжайинингизнинг ўғлига хотин бўлсин»,— деб айтишди. 52  Уларнинг гапларини эшитиб, Иброҳимнинг хизматкори Яҳованинг олдида ергача таъзим қилди. 53  Сўнг олтин ва кумуш тақинчоқлару кийимларни чиқариб, Ривқога тортиқ қилди. Акаси ва онасига ҳам қимматбаҳо буюмлардан совғалар берди. 54  Бундан кейин хизматкор ўз ҳамроҳлари билан бирга еб-ичди ва ўша ерда тунаб қолди. Эрталаб тургач, у: «Энди менга рухсат беринг, хўжайинимнинг олдига қайтайин»,— деди. 55  Қизнинг акаси билан онаси бўлса: «Қизимиз ҳеч бўлмаганда ўн кун биз билан қолсин. Шундан кейин кетса ҳам бўлади»,— деб айтишди. 56  Аммо хизматкор уларга: «Яҳованинг Ўзи сафаримни ўнглади. Шундай экан, мени йўлдан қолдирмай, хўжайинимнинг олдига қайтишимга рухсат беринглар»,— деди. 57  Шунда улар: «Қизни чақириб, ўзидан сўрай қолайлик»,— деб айтишди. 58  Улар Ривқони чақириб: «Бу киши билан кетишга розимисан?» — деб сўрашди. Қиз: «Ҳа, розиман»,— деди. 59  Бундан кейин улар Ривқони+, унинг энагасини*+, Иброҳимнинг хизматкорини ва унинг одамларини кузатиб қўйишди. 60  Улар Ривқони дуо қилиб: «Эй синглимиз, кўпдан-кўп* фарзандларнинг онаси бўлгин. Зурриётинг улардан нафратланганларнинг дарвозасини* эгаллаб олсин»+,— дейишди. 61  Сўнгра Ривқо билан унинг чўрилари ўрниларидан туриб, туяларга минишди-да, ўша кишининг орқасидан эргашишди. Шундай қилиб, хизматкор Ривқони олиб, йўлга чиқди. 62  Исҳоқ Бэр-Лахай-Руй+ томондан келаётганди, чунки у Нагав+ юртида яшарди. 63  Оқшом пайтида Исҳоқ фикр юритгани+ далага чиқди. Бир вақт у туялар келаётганини кўриб қолди. 64  Ривқо ҳам Исҳоқни кўрди-да, дарҳол туядан тушди. 65  У хизматкордан: «Бизга қараб келаётган даладаги анави киши ким?» — деб сўради. Хизматкор: «Бу менинг хўжайиним»,— дея жавоб берди. Шунда у рўмолини олиб, бошини ёпди. 66  Хизматкор қилган барча ишларини Исҳоққа сўзлаб берди. 67  Исҳоқ Ривқони онаси Соранинг чодирига+ олиб келди. Шу тариқа, у Ривқони хотинликка олди. Исҳоқ уни яхши кўриб қолди+ ва онасининг ўлимидан кейин тасалли топди+.

Изоҳлар

Қадимда қасам шундай тасдиқланган бўлиши мумкин.
Сўзма-сўз «уруғингга».
Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «олдида юрган».
Яъни ҳозир унинг чўриси бўлиб юрган энагаси.
Ёки «мингларча ўн минглар».
Ёки «шаҳарларини».