Юҳанно олган ваҳий 18:1–24

  • «Буюк Бобил вайрон бўлди!» (1–8)

    • «Эй халқим... ундан чиқиб кет!» (4)

  • Бобил вайрон бўлгани учун фарёд (9–19)

  • Бобил вайрон бўлганидан шодланиш (20)

  • Бобил тош каби денгизга улоқтирилади (21–24)

18  Шундан кейин осмондан тушиб келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. У буюк ҳокимиятга эга бўлиб, ер юзи унинг улуғворлигидан ёришиб кетди. 2  Фаришта баланд овоз билан шундай хитоб қилди: «Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди!+ У жинларнинг маконига, ҳар қандай нопок руҳнинг* ҳамда ифлос ва жирканч қушларнинг паноҳига айланди!+ 3  Барча халқлар унинг шаҳвоний* зино* шароби қурбони бўлишди+. Ер юзи подшоҳлари у билан зино қилишди+ ҳамда дунё савдогарлари* унинг беқиёс бойлигию беҳаё дабдабаси туфайли бойиб кетишди». 4  Сўнгра мен самодан яна бир овоз шундай деганини эшитдим: «Эй халқим, унинг гуноҳларига шерик бўлма, ўлатларига йўлиқмаслик учун+ ундан чиқиб кет!+ 5  Ахир унинг гуноҳлари кўккача етди-ку+. Шунда Худо унинг ноҳақ ишларини эслади+. 6  Бошқаларга нима қилган бўлса, шунга яраша қайтарилсин+. Ҳа, қилмишига яраша икки баравар қилиб қайтарилсин+. У ичкиликни аралаштирган косада+ икки баравар аралаштириб ўзига берилсин+. 7  Қанчалар у ўзини улуғлаб, беҳаёларча дабдаба сурган бўлса, шунчалар унга азоб ва қайғу-алам қайтарилсин. Сабаби, у ўз қалбида: “Мен тул эмас, маликаман ва ҳеч қачон қайғу чекмайман”+,— деб айтмоқда. 8  Шу учун бир куннинг ўзида унга ўлатлар, яъни ўлим, қайғу-алам ва очлик ёғилсин. У ўтда буткул ёндирилади+, чунки қудратлидир уни ҳукм қилган Тангри Яҳова*+. 9  Шунда у билан зино* қилиб, беҳаёларча дабдаба сурган ер юзи подшоҳлари, ундаги ёнғиндан чиқаётган тутунни кўришади-да, қайғудан кўксларига уриб, у учун фарёд чекишади. 10  Бобилнинг азоблари дастидан қўрқувга тўлиб, улар йироқда турганча шундай дейишади: “Вой, ҳолингга вой! Эй буюк шаҳар+, мустаҳкам Бобил! Зеро бир соатнинг ичида устингдан чиқарилган ҳукм бажо бўлди!” 11  Дунё савдогарлари ҳам у учун йиғлаб, мотам тутишади. Чунки уларнинг молларини энди ҳеч ким сотиб олмайди. 12  Жумладан олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар, марваридлар, яхши зиғир, қирмизи кийим, ипак ва тўқ қизил матолар; хушбўй дарахтдан ясалган турли нарсалар, фил суягидан, қимматбаҳо ёғочдан, мисдан, темирдан ҳамда мармардан ясалган турли буюмлар; 13  шунингдек долчин, Ҳиндистон зираворлари, тутатқи, хушбўй мой ва смола, шароб, зайтун мойи, сара ун ва буғдой; қорамол ва қўйлар, отлару аравалар, қуллар ҳамда инсон ҳаётини* сотиб оладиган ҳеч ким бўлмайди. 14  Ҳа, сен истаган лаззатли мевалар қўлингдан кетди. Бутун нафис ва серҳашам нарсалардан маҳрум бўлдинг ва энди улар ҳеч қачон топилмайди. 15  Бу моллар билан савдо-сотиқ қилиб, унинг орқасидан бойиб кетган савдогарлар, у чекаётган азоблар дастидан қўрқиб, узоқда турганча зор йиғлаб, 16  шундай дейишади: “Вой, ҳолингга вой, яхши зиғирдан, қирмизи ва тўқ қизил кийим кийиб, тилла тақинчоқлар, қимматбаҳо тошлар ва марваридлар билан безанган буюк шаҳар+, 17  чунки шундай бойлигинг бир соатдаёқ йўқ бўлиб кетди!” Ҳар бир кемачи, денгизда саёҳат қилувчилар, денгизчилар ҳамда денгиз ҳисобидан кун кечирувчилар узоқда турганча, 18  ундаги ёнғиндан чиқаётган тутунга қараб баланд овозда: “Бу буюк шаҳарга ўхшайдиган шаҳар борми?” — деб хитоб қилишди. 19  Улар бошларига кул сочиб, фарёд чекиб, инграб дод солишди: “Вой, ҳолингга вой, эй буюк шаҳар! Денгиздаги кемаларга эга бўлганларнинг ҳаммаси унинг дабдабаси туфайли бойиган эди. Энди эса бир соатдаёқ у харобага айланди!”+ 20  Шодланинг, эй осмону фалак+, муқаддас кишилар+, ҳаворийлару пайғамбарлар. Зеро Аллоҳ сизлар учун Бобилнинг устидан ҳукм чиқарди!»+ 21  Шунда кучли бир фаришта тегирмон тошига ўхшаш катта тошни кўтариб, уни денгизга улоқтирди-да, қуйидагича деди: «Буюк шаҳар Бобил худди шундай шиддат билан қулаб тушади ва асло қад кўтармайди+. 22  Энди сенда арфа чалиб қўшиқ айтувчиларнинг ҳам, найчию карнайчиларнинг ҳам, бошқа мусиқачиларнинг ҳам овози эшитилмайди. Энди сендан на бирор ҳунарманд чиқади, на тегирмон тошининг овози эшитилади. 23  Энди сенда чироқ ҳам нур сочмайди, куёв билан келиннинг овози ҳам эшитилмайди. Зеро савдогарларинг ер юзининг машҳур одамлари эди ва сеҳр-жодуинг+ билан барча халқлар алданган эди. 24  Ҳа, пайғамбарларнинг, муқаддас кишиларнинг+ ва ер юзида ўлдирилган барчанинг қони ундан топилди»+.

Изоҳлар

Бошқа вариант «нафас; нафас чиқариш; илҳомлантирилган сўз».
Ёки «ғазабли».
Юн. порниа. Луғатдаги «жинсий ахлоқсизлик» иборасига қ.
Ёки «дунёни кезиб юрувчи савдогарлар».
Луғатдаги «жинсий ахлоқсизлик» иборасига қ.
Ёки «жонини».