Юҳанно олган ваҳий 11:1–19

  • Икки шоҳид (1–13)

    • Жул кийимда 1 260 кун башорат қилиш (3)

    • Икки шоҳид ўлдирилади; жасадлари қабрга қўйилмайди (7–10)

    • Уч ярим кундан сўнг ҳаётга қайтиш (11, 12)

  • Иккинчи кулфат ўтиб, учинчиси келмоқда (14)

  • Еттинчи карнай (15–19)

    • «Шоҳлик Раббимиз ва Унинг Масиҳига тегишли» (15)

    • Ерни хароб этувчилар хароб қилинади (18)

11  Менга ҳассадек узун қамиш таёқ*+ берилиб, мана бу сўзлар айтилди: «Тур, Худонинг маъбадини*, қурбонгоҳни ва у ерда топинаётганларни ўлча. 2  Маъбаднинг ташқарисидаги ҳовлини эса ўлчама, чунки у бошқа халқларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни+ 42 ой+ поймол этишади. 3  Мен иккита шоҳидимни юбораман ва улар жул кийимда 1 260 кун башорат қилишади». 4  Улар иккита зайтун дарахти+ ва иккита чироқпоя+ сифатида тасвирланган бўлиб, ер юзининг Рабби олдида туришибди+. 5  Кимки уларга зарар етказмоқчи бўлса, оғизларидан олов чиқиб, душманларини йўқ қилади. Уларга зиён келтиришни истаган ҳар ким шу тариқа ўлдирилади. 6  Бу кишилар башорат қилаётган вақтда ёмғир ёғмасин+, дея осмон юзини ёпиш қудратига эга+. Шунингдек, улар сувни қонга айлантириш+ ва истаган пайтларида ерни ҳар турли балоларга дучор қилишга қодир. 7  Улар шоҳидлик қилишни тугатишганда, тубсизликдан чиқаётган йиртқич ҳайвон улар билан жанг қилади ва ғолиб чиқиб, уларни ўлдиради+. 8  Уларнинг жасади мажозий маънода Садўм ва Миср деб аталадиган буюк шаҳарнинг асосий кўчасида, уларнинг Ҳазрати устунга михланган жойда ётади. 9  Барча халқлар, қабилалар, тиллар ва миллатлардан бўлган инсонлар уч ярим кун уларнинг жасадларига боқишади-ю+, жасадларини қабрга қўйишга ижозат беришмайди. 10  Ер юзида яшовчилар уларнинг ўлимидан қувониб, байрам қилишади ва бир-бирларига совғалар юборишади. Сабаби, бу иккита пайғамбар ер юзида яшовчиларни азоблаган эди. 11  Аммо уч ярим кундан сўнг уларга Аллоҳдан келган ҳаёт руҳи кириб+, улар оёққа туришди. Шунда буни кўрганларни кучли қўрқув босди. 12  Улар самодан: «Бу ерга чиқинглар»,— деган баланд овозни эшитишди. Улар булут ичида осмонга кўтарилишди, душманлари эса уларни кўриб туришди. 13  Шу онда қаттиқ зилзила юз бериб, шаҳарнинг ўндан бир қисми вайрон бўлди. Зилзиладан 7 000 одам ўлди, қолганлари эса даҳшатга тушиб, самодаги Худога ҳамду сано айтдилар. 14  Иккинчи кулфат+ ўтиб кетди. Лекин учинчи кулфат тезлик билан яқинлашиб келмоқда. 15  Еттинчи фаришта карнайини чалди+. Осмонда баланд овозлар янгради: «Энди дунё устидан шоҳлик қилиш Раббимиз+ ва Унинг Масиҳига тегишлидир+. У абадулабад ҳукм суради»+. 16  Шунда Худонинг ҳузурида ўз тахтларида ўтирган 24 оқсоқол+ юзтубан тиз чўкиб Аллоҳга сажда қилди. 17  Улар: «Ҳозир бор, ўтмишда ҳам бор бўлган, Қодир Тангри Яҳова*+, Сенга шукрлар айтамиз. Зеро Сен буюк ҳокимиятни эгаллаб шоҳлик қила бошладинг+. 18  Аммо халқлар ғазабга минди, Сен ҳам Ўз ғазабингни кўрсатдинг. Ўлганларни ҳукм қилиб, қулларинг бўлмиш пайғамбарларга+, муқаддас кишиларга, Сенинг исмингдан қўрққан каттаю кичикка мукофот бердинг+. Ниҳоят, ерни хароб этувчиларни хароб қилиш учун белгиланган вақт келди»+. 19  Осмонда Худонинг маъбади* очилиб, Унинг аҳд сандиғи кўринди+. Шу онда чақмоқлар чақиб, овозлар янгради, момақалдироқ гумбурлаб, зилзила юз берди ва кучли дўл ёғди.

Изоҳлар

Ёки «ўлчов таёғи».
Яъни Муқаддас хона ва Энг муқаддас хонани ўз ичига олувчи маъбаднинг марказий ҳашаматли биноси.
Яъни маъбаднинг Энг муқаддас хонаси.