Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

 А2

Бу нашрнинг хусусиятлари

«Янги дунё таржимаси — Юнонча ёзувлар» инглиз тилида 1950 йилда, «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг тўлиқ қисми эса 1961 йилда асл матндан ўгирилиб, нашр этилган. Ўшандан бери, бу нашр 210 дан зиёд тилга ўгирилиб, ўнлаб миллион ўқувчилар аниқ ва ўқишга осон тилда таржима қилинган нашрнинг фойдасини кўрмоқда.

«Янги дунё таржимаси» қўмитаси бугунги ўқувчининг қалбини забт этадиган тилни қўллаш муҳимлигини англаган. Шунга кўра, қуйидаги мақсадларга эришиш учун, бу нашрда муайян услуб ва тил қоидаларига риоя этилган:

  • Замонавий ва тушунарли тил. Масалан, «узоқ сабрлилик» иборасини ўқиган киши, «узоқ вақт давомида азоб чекиш» назарда тутиляпти, деб ўйлаши мумкин эди. Лекин бу ибора бирор ҳолат ёки ҳодисани бардош билан кутиш деган маънони етказгани учун «сабр-тоқат» деб таржима қилинди. (Галатияликларга 5:22) Шу сингари ўзбек тилидаги Муқаддас Китобнинг эски нашрида «солиҳ» ва «солиҳлик», «фосиқ» ва «фосиқлик» сўзлари эскириб қолгани ҳамда асл нусхадаги сўзнинг маъносини тўлиқ етказиб бермагани учун «одил» ва «одиллик», «ёвуз» ва «ёвузлик» деб таржима қилинди. (Забур 132:9; Ҳикматлар 13:5; Ишаё 9:18)

    Қадимги ибронийча ва юнонча «уруғ» сўзи бир вақтнинг ўзида ҳам ўсимлик, ҳам зурриёт ёки авлодга ишора қилиши мумкин. Аммо ўзбек тилида «уруғ» сўзи бу маънода кенг қўлланилмагани учун, бу сўз матн таркибига қараб асосий фикрни етказувчи сўзлар билан алмаштирилди. (Ибтидо 1:11; Саҳрода 3:18; Ҳакамлар 4:11; Ҳаворийлар 17:28, 29) Адан боғидаги башорат билан боғлиқ бўлган вазиятларда «зурриёт» сўзи қўлланилди. (Ибтидо 3:15)

  • Муқаддас Китобдаги ибораларнинг маъносини очиб бериш. Ўзбек тилидаги Муқаддас Китобнинг баъзи таржималарида қўлланилган ибораларнинг маъноси бу нашрда очиб берилди. Мисол учун, одамлар ўлгандан кейин қаерга боришини кўрсатиш учун, бошқа таржималарда «ўликлар диёри» ибораси қўлланилган эди. Бундай таржима ўликлар қандай ҳолатда эканини тушунишда ўқувчиларни чалғитиб, ўликлар ўша диёрда яшашда давом этади деган фикрга олиб боради. Ушбу нашрда эса мазкур ибора «мозор», «гўр» ва «қабр» деб таржима қилинди. Бу эса ўқувчиларга ўликлар аслида қандай ҳолатда эканини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. (Воиз 9:10; Аюб 14:13)

    Ўзбек тилидаги Муқаддас Китобнинг баъзи таржималарида, шунингдек, нотўғри фикрни берувчи «хоч» сўзи қўлланилган. Асл матнда эса бу сўз тик ёғоч устунни англатади. Шу сабабли, мазкур нашрда «хоч» сўзи «устун» сўзига алмаштирилди. (Матто 27:31; Марк 8:34; Эфесликларга 2:16) Қолаверса, «ибо» сўзи ҳам қайта кўриб чиқилиб, «ўзини тута билиш» деб таржима қилинди. Сабаби, асл нусхадаги бу ибора ўзини бошқара билишни ҳамда хатти-ҳаракат, сўзлар ва фикрларни назорат қилишни англатади. (Галатияликларга 5:23)

Бу нашрнинг бошқа хусусиятлари:

Ушбу нашрда қуйида келтирилган бир нечта изоҳлар мавжуд:

  • «Ёки» Иброний, оромий ва юнон тилларидаги ўша-ўша фикрни бошқа сўзлар билан ифодалаш. (Ибтидо 1:2, «фаол қудрати»; Ёшуа 1:8, «устида мулоҳаза юрит»)

  • «Бошқа вариант» Матннинг бошқача маъно берадиган таржима варианти. (Ибтидо 21:6, «устимдан кулади»; Закариё 14:21, «савдогар»)

  • «Сўзма-сўз» Иброний, оромий ва юнон тилларидаги иборанинг сўзма-сўз таржимаси ёки асосий маъноси. (Ибтидо 3:15, «уруғинг»; Чиқиш 32:9, «бўйни эгилмайдиган»)

  • Маъноси ва қўшимча маълумот Исмларнинг маъноси (Ибтидо 3:17, «Одам»; Чиқиш 15:23, «Маро»); оғирлик ва ўлчов бирликлари (Ибтидо 6:15, «тирсак»); олмошлар кимни ёки нимани англатиши (Ибтидо 49:25, «у»); луғат ва иловага ишора. (Ибтидо 37:35, «мозор»; Матто 5:22, «жаҳаннам»)

Китобнинг биринчи бетларида «Худо Каломи билан танишув» номли бўлим бор. Ундан Муқаддас Китобдаги асосий таълимотлар билан қисқача танишиб олиш мумкин. Муқаддас Китоб матни тугаши билан «Муқаддас Китобдаги китоблар жадвали», «Муқаддас Китобдаги сўзлар кўрсаткичи» ва «Луғат» келтирилган. Луғат ўқувчига Муқаддас Китобдаги муайян сўз ва иборалар қайси маънода ишлатилганини изоҳлаб беради. «А илова» қуйидаги мавзуларни ўз ичига олган: «Муқаддас Китоб таржимаси принциплари», « Бу нашрнинг хусусиятлари», «Муқаддас Китоб қандай сақланиб қолди?», «Ибронийча ёзувларда Аллоҳнинг исми», «Юнонча ёзувларда Аллоҳнинг исми», «Диаграмма: Яҳудо билан Исроил шоҳлари ва пайғамбарлар» ва «Исонинг ердаги ҳаёти. Асосий ҳодисалар». «Б илова»да хариталар, диаграммалар ва бошқа фойдали маълумот мавжуд. Улар қунт билан Муқаддас Китобни тадқиқ қиладиганларга асқатади.

Ҳар бир китобнинг бошида қисқача мазмуни мавжуд. Ундаги маълумот ҳар бир бобга келтирилган бўлиб, оят рақамлари ҳам ёзилган. Шу тариқа, ўқувчи бутун китоб ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳар бир бетда ўзаро боғлиқлиги бор ўхшаш оятлар рўйхати келтирилган.