«Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... ваъз қилинади»
«Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... ваъз қилинади»
«Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (МАТТО 24:14)
Бу нимани англатади? Инжил ёзувчиси Луқо: «Исо шаҳару қишлоқлар бўйлаб Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб юрди»,— деб ёзган. (Луқо 8:1) Исо ўзи ҳақида қуйидагича деган: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман». (Луқо 4:43) У шогирдларини шаҳару қишлоқларда ваъз қилишга юборган. Кейинчалик эса уларга шундай амр берган: «Ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳаворийлар 1:8; Луқо 10:1)
Биринчи асрдаги масиҳийлар қандай йўл тутишган? Исонинг илк издошлари ҳар фурсатдан фойдаланиб, унинг айтганларини амалда қўллашган. «Улар ҳар куни маъбадда ва уйма-уй таълим бериб, Исо Масиҳ тўғрисидаги хабарни ёйишдан тинмасдилар». (Ҳаворийлар 5:42) Масиҳийлар жамоатида фақатгина танланганлар эмас, балки барча ваъз қилган. Тарихчи Неандернинг айтишича, Цельс биринчилардан бўлиб Масиҳнинг издошларига қарши ёзган. У юнг билан ишловчилар, этикдўзлар, чарм усталари ва энг саводсиз ҳамда оддий халқ хушхабарни ғайрат билан ваъз қилаётгани устидан кулган. Жан Бернарди эса ўз китобида қуйидагича ёзган: «Исонинг издошлари ҳар ерда ва ҳар кимга ваъз қилиши керак эди. Уларни катта йўлларда, шаҳарларда, оммавий жойларда ва уйларда учратиш мумкин эди. Одамлар уларни қабул қилишса ё қилишмаса, масиҳийлар ернинг четларига қадар ваъз қилишарди». («The Early Centuries of the Church» )
Бугунги кунда бу намунага ким мос келяпти? «Бугунги кунда одамлар маънавий нарсаларга қизиқмай қўйганининг асосий сабаби шундан иборатки, черков ўзининг таълим бериш ҳамда ваъз қилиш вазифасига жиддий муносабатда бўлмаяпти»,—деб ёзади англикан черковининг руҳонийси Дэйвид Уотсон. Хосе Луис Перес Гвадалупе ўзининг китобида евангелистлар, адвентистлар ва бошқаларнинг фаолиятини тасвирлаб, улар уйма-уй ваъз қилмаслигини таъкидлайди. Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида эса: «Улар изчил равишда уйма-уй ваъз қилишади»,— деб ёзади. («Why Are the Catholics Leaving?»)
Жонатан Тёрли бир журналда қуйидаги қизиқ ва холис фикрни билдирди: «Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида гапиришингиз биланоқ аксарият одамлар уларникига ноқулай пайтда келадиган ваъзгўйларни тасаввур қилади. Аммо уйма-уй юриб, ваъз қилиш Яҳованинг Шоҳидлари учун шунчаки эътиқоди ҳақида гапириш эмас, бу уларнинг имони асосидир». («Cato Supreme Court Review, 2001–2002»)
[9- саҳифадаги рамка]
Белгилар кимга ишора қиляпти?
Ушбу мақолаларда Масиҳнинг чинакам издошларини аниқлашимизга ёрдам берувчи Муқаддас Китобга асосланган белгиларни кўриб чиқдик. Сизнингча, ким бу белгиларга мос келади? Ўзини Масиҳнинг издоши деб атайдиган ўн минглаб гуруҳ ва мазҳаблар мавжуд бўлса ҳам, Исо ўз шогирдларига шундай деганини унутманг: Менга: «“Ҳазратим, Ҳазратим”,— деб мурожаат қилгани билан, ҳар ким ҳам Самовий Шоҳликка киролмайди, фақат осмондаги Отамнинг хоҳишини бажарган кишигина бунга эришади». (Матто 7:21) Отанинг иродасини бажараётган инсонларни топиш, яъни чин масиҳийларга ишора қилувчи белгиларга мос келадиган инсонлар билан мулоқот қилиш Худонинг Шоҳлиги остидаги абадий баракаларга эга бўлишингизга ёрдам беради. Худонинг Шоҳлиги ва у келтирадиган баракалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, сизга бу журнални берган Яҳованинг Шоҳидларига мурожаат қилсангиз бўлади. (Луқо 4:43)