БИРИНЧИ ҚИСМ
«Мен йўқолган қўйларимни излаб топаман»
Қўзичоқ қўрққанидан мараяпти. Чунки майсазорда ўтлаб юрганида, секин-аста бошқа қўйлардан ажралганини у пайқамай қолди. Энди ёнида на сурув, на чўпон бор. Қоронғу тушяпти. Ахир йиртқичлар изғиб юрган водийда қўзичоқ осон ўлжа-ку! Аммо хайриятки у таниш овозни эшитди. Бу чўпоннинг овози! Чўпон югуриб келади-да, қўзичоқни қўлларига кўтариб бағрига босади ва кийими билан уни ўраб, уйига олиб кетади.
ЯҲОВА кўп маротаба Ўзини мана шундай чўпон билан солиштирган. Муқаддас Китобда, У: «Мен Ўзим қўйларимни қидириб топаман. Адашган сурувни қидирган чўпондай қўйларимни излайман»,— деб тасдиқламоқда (Ҳизқиё 34:11, 12).
«Сизлар Менинг сурувим, яйловимдаги қўйларимсизлар»
Яҳованинг қўйлари ким экан? Оддий қилиб айтганда, Яҳованинг қўйлари — Уни севиб, Унга топинаётган одамлар. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Келинглар, таъзим қилиб, сажда этайлик, Яратган Эгамиз олдида тиз чўкайлик. У Худойимиздир, биз Унинг яйловидаги халқмиз, биз Унинг қўл остидаги қўйлармиз» (Забур 94:6, 7). Қўйлар чўпон орқасидан эргашгани сингари, Яҳовага топинувчилар астойдил Унга яқинлашишга ҳаракат қилишади. Улар нуқсонсизми? Йўқ, албатта. Чунки баъзида Худонинг хизматчилари «тарқалиб кетган қўйлар» ҳамда «адашган қўйлар» каби бўлиб қолиши мумкин (Ҳизқиё 34:12; 1 Бутрус 2:25). Гарчи инсон адашиб қолса-да, у қайтиб келишига Яҳова ҳамиша умид қилади.
Яҳова ҳали-ҳануз сизнинг Чўпонингиз эканини ҳис қиляпсизми? Яҳова бугунги кунда Чўпон эканини қандай намоён этмоқда? Бунинг учта йўли бор.
У бизни маънан озиқлантирмоқда. Яҳова: «Яхши яйловларда ўтлатаман... Улар ўша ердаги майсазорларда ётиб,.. кўм-кўк яйловларда ўтлаб юради»,— деб айтмоқда (Ҳизқиё 34:14). Яҳова ўз вақтида ва мўл-кўл даражада маънавий озуқа билан таъминлашдан ҳеч қачон чарчамайди. Бирон бир мақола, нутқ ёки видео орқали ибодатингизга жавоб олган пайтлар бўлганми? Дарҳақиқат бу, Яҳова шахсан сизга ғамхўрлик кўрсатаётганидан далолатдир!
У бизни ҳимоялаб, қўллаб-қувватламоқда. Тангри Яҳова: «Мен йўқолган қўйларимни... қайтариб олиб келаман. Уларнинг яраларини боғлаб қўяман, нимжон қўйларни парвариш қиламан»,— деб ваъда қилмоқда (Ҳизқиё 34:16). Яҳова ташвишлар дастидан ҳолдан тойганларга қуч-қувват беради. У, ҳатто имондошлари сабабли жабр кўрган қўзичоқларининг яраларини боғлаб, тузалишига ғамхўрлик қилади. Шунингдек, У адашиб қолган ҳамда салбий туйғулар билан курашаётган хизматчиларини жамоатга қайтаришга интилади.
У биз учун жавобгар эканини ҳис қилмоқда. «Ҳар ёққа тарқалиб кетган қўйларимни ҳамма жойдан халос қиламан... Мен йўқолган қўйларимни излаб топаман»,— демоқда Яҳова (Ҳизқиё 34:12, 16). Тангри Яҳова йўқолган қўзичоғидан умидини узмайди. Негаки, йўқолган қўзичоқни излаб топганида ниҳоятда суюнади (Матто 18:12–14). Ҳа, У ҳақ топинувчиларини «Менинг сурувим, яйловимдаги қўйларимсизлар» деб атамоқда (Ҳизқиё 34:31). Яҳова сизга ҳам худди шундай муносабатда.
Тангри Яҳова йўқолган қўзичоғидан умидини узмайди. Йўқолган қўзичоғини излаб топганида ниҳоятда суюнади
«Қадимги улуғворлигимизни тиклагин»
Нимага Яҳова қайтишингизни истаб, сизни излаяпти? Чунки У сизга бахт тилайди. Парвардигор қўли остидаги сурувига барака беришни ваъда қилмоқда (Ҳизқиё 34:26). Бу шунчаки қуруқ ваъда эмаслигини ўзингизда ҳис қилганингиз шубҳасиздир.
Яҳовани таниб-билганингизда нималарни ҳис қилганингизни бир эсланг. Масалан, Худо келажакда ер юзида жаннатни барпо этиши ва ўлганларни қийнамаслиги ҳақида билганингизда қалбингиздан нималар кечгани ёдингиздами? Анжуманларда имондошлар билан суҳбатлашиш қанчалик мароқли бўлганини эслай оласизми? Хушхабар билан бўлишганингизда кимдир самимий қизиқиш кўрсатса мамнуният ҳис этиб, уйга хурсандчилик билан қайтганингизни-чи?
Ўша қувончли кунларингизга қайтишнинг иложи бор. Худонинг қадимги хизматчилари шундай ибодат қилишган: «Эй Эгам, бизни Ўзингга юз бурдиргин, токи Сенга қайтайлик. Қадимги улуғворлигимизни тиклагин» (Еремиёнинг марсияси 5:21). Яҳова уларнинг ибодатига жавоб берган. Натижада Унинг халқи илгаригидек хурсандчилик ила илоҳий хизматини давом эттирган (Нахимиё 8:17). Яҳова сиз билан ҳам шундай йўл тутишни истайди.
Аммо Яҳовага қайтиш — айтишга осон. Келинг, Унга қайтиш йўлидаги баъзи қийинчиликларни кўриб чиқиб, уларни қандай қилиб енгиш мумкинлигини муҳокама қилайлик.