Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўлганларнинг келажаги бор

Ўлганларнинг келажаги бор

БИР 25 яшар жувон қуйидагини эсламоқда: «1981 йилда менинг ўгай онам саратон касаллигига йўлиқиб ҳаётдан кўз юмди. Бу воқеа ўгай укамга ҳам, менга ҳам жуда қаттиқ таъсир қилди. Ўша вақтда мен 17 ёшда, укам эса 11 ёшда эди. Айрилиқ азоби мени қийноққа солар эди. Онамни осмонга кетди, деб айтишар эди, аммо бу гаплардан ўз жонимга қасд қилиб, унинг ёнида бўлгим келар эди. Ахир у энг яқин дугонажоним бўлган».

Эртами кечми, ўлим яқинингизни олиб кетиши қанчалик даҳшатли. Агарда бунга дуч келган бўлсангиз, энди марҳум билан на гаплашасиз, на биргалашиб қувонасиз ва на бағрингизга боса оласиз. Яқинингиз энди осмонда, деган сўзлар эса ҳеч ҳам тасалли бермайди.

Бироқ, Муқаддас Китобда умуман ўзгача умид тўғрисида гап кетмоқда. Боя билиб олганимиздай, Муқаддас Китобнинг кўрсатишича, яқин келажакда биз, раҳматли яқинларимиз билан учрашиш имкониятига эгамиз. Боз устига аллақандай осмонда эмас, балки тинчлик ва адолат ҳукм сурган айни шу ер юзида. Ўша пайтда инсоният барча дардлардан халос бўлиб, бошқа ҳеч қачон ўлимга дуч келмайдилар. Аммо, баъзилари: «Беъмани гапни қўйсангиз-чи!» — деб эътироз билдиришлари мумкин.

Шу гапнинг беъмани эмаслигига қандай амин бўлишингиз мумкин? Агар кимдир ўз ваъдасини рўёбга чиқариш учун ҳам истак, ҳам қудратга эга бўлса, бизнинг ишончимиз янада мустаҳкам бўлади. Хўш, ўлганларнинг тирилиши ҳақида ким ваъда бермоқда?

Милодий 31 йилнинг баҳорида Исо Масиҳ аминлик билан қуйидаги ваъдани берган: «Ота қандай қилиб ўликларни тирилтириб уларга ҳаёт бахш этса, Ўғил ҳам кимни истаса, ўшанга ҳаёт бахш этади. Бунга таажжубланмангиз, қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар» (Юҳанно 5:21, 28, 29). Ҳа, миллионлаб ўлган одамларнинг ҳаётга қайтиб, тинч, ажойиб жаннатмакон ерда абадий яшашларини Исонинг ўзи ваъда берганлар (Юҳанно 3:16; 17:3 ни Забур 36:29 ва Матто 5:5 билан солиштиринг). Исо бу ваъдани берган экан, демак уни рўёбга чиқариш истаги бор. Аммо бунга қурби етармикан?

Ваъда берганига икки йил ўтмай, Исо ажойиб тарзда нафақат истаги борлигини, балки тирилтириш қудрати борлигини намоён этди.

«Лазар, ташқарига чиқ!»

Келинг, бир таъсирли воқеани кўриб чиқамиз. Лазар деган киши ўлим тўшагида ётарди. Унинг Марям ва Марта исмли сингиллари Исога: «Ҳазрат, Сенинг азиз дўстинг касал бўлиб ётибди»,— деган хабар етказишди (Юҳанно 11:3). Улар, Исо Лазарни севишини билишар эди. Наҳотки Исо қадрдон дўстини йўқлаб келмаса? Қизиғи шундаки, Исо Байтанияга дарҳол отланмай, ўша ерда яна икки кунгача қолган (Юҳанно 11:5, 6).

Исога хабар жўнатилгандан кўп ўтмай, Лазар вафот этди. Исо бундан хабардор ва у бир нарса қилмоқчи. Исо Байтанияга етиб келганида, дўстининг дафн қилинганига тўрт кун бўлган эди (Юҳанно 11:17, 39). Шунча кун олдин ўлган кимсани Исо тирилтира олармикан?

Ўта серҳаракат бўлган Марта, Исонинг келаётганини эшитиб, унинг йўлига пешвоз чиқди (Луқо 10:38-42). Унинг қайғусини кўриб, Исонинг ўзи изтиробга тушди, ва: «Сенинг аканг тирилади»,— деб айтди. Марта келажакдаги тирилишга умидини изҳор қилганидан сўнг, Исо очиқчасига: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди»,— деди (Юҳанно 11:20-25).

Қабр олдига етиб келганларида Исо, марҳум ётган ғор оғзидан тошни олиб ташлашларини буюрди. Кейин ибодат қилди-да: «Лазар, ташқарига чиқ!» — деб хитоб қилди (Юҳанно 11:38-43).

Ҳамманинг нигоҳи ғорнинг оғзига қаратилган. Шу пайт қоронғу ғордан, қўлу оёқлари дока билан боғланган, юзи рўмол билан ўралган кимса чиқиб келди. «Уни ечинтириб, қўйинглар, кетаверсин»,— деди Исо. Рўмол билан докани ечишди. Ҳа, бу, тўрт кундан буён ўлик бўлган Лазар эди! (Юҳанно 11:44).

Бу воқеа ҳаққонийми?

Юҳанно баён этган Инжилда бу ҳодиса ҳақиқатан юз берган тарихий воқеа, деб тасвирланган. У шу қадар батафсил ифодаланган-ки, аллақандай уйдирма бўла олмайди. Бу ҳодисани шубҳа остига солиш эса, Муқаддас Китобнинг барча мўъжизаларини, шу жумладан Исо Масиҳнинг тирилганидан шубҳаланиш демакдир. Исо тирилганлигининг инкор этилиши билан, у васият қилиб қолдирган эътиқод ҳам инкор этилган бўлади (1-Коринфликларга 15:13-15).

Аслида, Худонинг борлигини тан олсангиз, тирилиш каби мўъжизага ишониш, сиз учун қийин бўлмайди. Масалан, бир киши ўзининг васиятини видеотасмага олди дейлик, ва унинг ўлимидан сўнг қариндошларию дўстлари марҳумни кўриб ва эшитиб меросни қандай бўлиш кераклигини билиб олишлари мумкин. Юз йил илгари бунга ақл бовар қилмас эди. Ҳозирги даврда ҳам дунёнинг олис жойларида яшаётган инсонлар учун видеотасмага олиш технологияси ақлга сиғмайдиган мўъжиза каби туюлади. Агар ҳатто инсонлар Яратувчининг илмий қонунларига асосланиб, қайтадан кўриш ва эшитиш учун махсус асбобларни яратар экан, Парвардигоримиз бундан ҳам афзалроғини қилишга наҳотки қодир бўлмаса? Наҳотки барчага ҳаёт берган Парвардигорнинг, қайтадан ҳаёт беришга қудрати етмаса?

Лазарни ҳаётга қайтариш мўъжизаси Исога ва тирилишга ишончимизни янада мустаҳкамлайди (Юҳанно 11:41, 42; 12:9-11, 17-19). Ушбу ҳаяжонли ҳодиса, Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг марҳумларни ҳаётга қайтаришга истаклари ҳам, тайёрликлари ҳам борлигини кўрсатмоқда.

Худо «жуда қўмсайди»

Лазарнинг вафотига бўлган Исонинг муносабати, унинг қанчалик меҳрибонлигини кўрсатмоқда. Унинг қайғуришидан, марҳумларни тирилтиришни қанчалик орзиқиб кутишини кўриш мумкин. Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Марям Исо турган ерга етиб келиб Уни кўрди-ю, оёқларига ўзини ташлаб: “Ҳазрат! — деди,— агар Сен шу ерда бўлганингда, Менинг акам ўлмас эди!” Марям ҳам, у билан келган яҳудийлар ҳам йиғлаётган эдилар. Исо буни кўриб, қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди. “Уни қаерга қўйдингизлар? — деб сўради. — Бориб кўргин!” — дедилар. Исонинг кўзи ёшланди. Яҳудийлар: “Қаранг, уни нақадар севар экан!” — дейишди» (Юҳанно 11:32-36).

«Изтиробга тушди», «ўртанди» ҳамда «кўзи ёшланди», деган иборалар Исонинг қанчалик ҳамдард бўлганини ойдин кўрсатмоқда. Ушбу таъсирли воқеа ёзилган тилда, бу иборалар Исонинг нақадар ҳаяжонланганини кўрсатмоқда. Яқин дўсти вафотидан ҳамда Лазарнинг йиғлаётган синглисини кўриб, Исонинг кўзлари ҳам ёшга тўлди. *

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бундан аввал Исо иккита марҳумни тирилтирди. Лазарни ҳам тирилтириш ниятида эди (Юҳанно 11:11, 23, 25). Лекин шунга қарамай «кўзи ёшланди». Демак, Исо учун инсонларни ҳаётга қайтариш оддий бир маросим каби бўлмаган эди. Унинг чуқур ҳис-туйғулари ҳамда меҳрибонлиги, ўлимни йўқ қилиш истаги борлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Лазарни тирилтираётган пайтда Исонинг меҳрибонлиги, ўлимни йўқ қилиш истаги борлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Исо — «Худо улуғворлигининг инъикоси» бўлганлиги туфайли, самовий Отамиздан ҳам худди шуни кутишимиз мумкин (Ибронийларга 1:3). Аюб алайҳиссалом Яҳованинг тирилтириш истаги борлигини қуйидагича айтди: «Инсон вафот этса тирилармикан? [...] Сен чақирар эдинг, мен эса жавоб берар эдим. Бунёд этган ижодингни жуда қўмсар эдинг» (Аюб 14:14, 15, Янги Дунё Таржимаси). «Жуда қўмсар эдинг» деган ибора асл нусхада, Худонинг қаттиқ истагини кўрсатмоқда (Ибтидо 31:30; Забур 83:3). Дарҳақиқат, Яҳова марҳумларни тирилтирадиган вақтни интизорлик билан кутмоқда.

Тирилиш бўлишига чиндан ҳам ишонч ҳосил қилишимиз мумкинми? Ҳа, чунки Яҳованинг ҳамда Исо Масиҳнинг бунга нафақат истаклари, балки қудратлари бор. Бу сиз учун нимани англатади? Ҳаётдан кўз юмган яқинларингиз билан айни шу ер юзида, фақат мутлақо ўзгача шароитларда учрашиш имкониятига эгасиз!

Инсониятга ажойиб боғда бошланишни берган Яҳова Худо, ҳозирги пайтда улуғворликда бўлган Исо Масиҳнинг қўлидаги самовий Шоҳлигининг ҳукмронлиги орқали, айни шу ер юзида қайтадан Жаннатни тиклашни ваъда қилган. (Ибтидо 2:7-9; Матто 6:10) Ушбу қайта тикланган Жаннатда инсоният оиласи барча оғриғу дардларидан халос бўлиб, абадий ҳаётдан шодланиб яшайдилар (Ваҳий 21:1-4; Аюб 33:25 ва Ишаё 35:5-7 ни солиштиринг). Нафрат, миллатчилик, ирқчилик ва иқтисодий муаммолар бошқа ҳеч қачон бўлмайди. Яҳова Худо айни шундай гўзал ерда Исо Масиҳ воситасида марҳумларни тирилтиради.

Исо Масиҳнинг гуноҳдан қутқазадиган қурбонлигига асосланган тирилиш барча халқларга шодлик келтиради.

Ушбу қисмнинг бошида, сўзлари келтирилган тақводор жувоннинг умиди ҳам шундадир. Онасининг вафотидан бир неча йилдан сўнг, бу аёл Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни жиддий тадқиқ қилишга киришди. У шуни эсламоқда: «Тирилиш бўлишини билганимда, кўзларим ёшга тўлди. Онамни яна кўра олиш ҳақиқий мўъжиза-ку!»

Агар сизнинг вужудингиз ҳам марҳумни қўмсаб қийналаётган бўлса, Яҳованинг Шоҳидлари шундай келажакка қандай эга бўлишингиз мумкинлигини билиб олишда сизга бажонидил ёрдам беришади. Уйингизга яқин бўлган Шоҳлик Залида улар билан учрашишингиз мумкин, ёки 32-саҳифада келтирилган энг яқин манзилгоҳга ёзинг.

^ абз. 20 «Изтиробга тушди», деган ибора аслида юнонча (эмбрима́омаи) феълидан келиб чиқиб, ўта қаттиқ ҳаяжонланишни билдиради. Бир инжилшунос: «Бу ибора Исонинг кучли ҳис-туйғуларини, ҳатто қайғули товуш чиқарганини очиқ кўрсатиб турибди»,— деб айтган эди. «Ўртанди» деган ибора эса юнонча (тара́ссо) сўзидан келиб чиқиб, безовталанганликни билдиради. Шунга биноан, бир луғатшунос айтгандай: «бирор кимни қаттиқ ҳаяжонга тушириш... ўта кучли дардга ёки қайғуга солиш», деган маънони беради. «Кўзи ёшланди» деган ибора эса юнонча (дакри́о) сўзидан келиб чиқиб, «кўз ёш тўкиш, юм-юм йиғлаш» деган маънони англатади.