14- БОБ
Ҳамма нарсада ҳалол бўлинг
Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз. ИБРОНИЙЛАРГА 13:18
1, 2. Ҳалол бўлишга интилаётганимизни кўрганда Яҳова нимани ҳис қилади?
БИР ЎҚУВЧИ мактабдан уйга қайтаётиб, ерда бир ҳамён пул ётганини кўриб қолади. Қизиқ, у нима қилар экан? Уни ўзига қолдирадими? Йўқ, у ҳамённи эгасига қайтаради. Бу ҳақда эшитган боланинг онаси ўғлидан жуда фахрланади.
2 Кўп ота-оналар фарзандларининг ҳалол эканини кўришганда хурсанд бўлишади. Самовий Отамиз Яҳова «ҳақиқат Тангрисидир» ва У ҳам ҳалол эканимизни кўрганда қувонади. (Забур 31:5) Биз Уни мамнун қилишни ва «ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18) Келинг, ҳалол бўлиш қийин кечадиган ҳаётимизнинг тўртта соҳасига эътибор қаратайлик. Кейин эса ҳалоллик қандай баракалар келтиришини кўриб чиқамиз.
ЎЗИМИЗГА НИСБАТАН ҲАЛОЛ БЎЛИШ
3–5. a) Қандай қилиб ўзимизни алдашимиз мумкин? б) Ўзимизга нисбатан ҳалол бўлишга нима ёрдам беради?
3 Бошқалар билан муносабатда ҳалол бўлиш учун авваламбор ўзимизга нисбатан ҳалол бўлишимиз зарур. Бу доим ҳам осон эмас. Биринчи асрда Лаодикия жамоатидаги биродару опа-сингиллар Худога маъқул келадиган ишларни қиляпмиз деб ўйлашган, аслида эса бундай бўлмаган. (Ваҳий 3:17) Биз ҳам қандай инсон эканимиз борасида ўзимизни алдашимиз мумкин.
4 Исонинг шогирди Ёқуб шундай ёзган: «Агар бирор ким Аллоҳга топиняпман деб ўйласа-ю, аммо тилини тиймаса, у ўзини ўзи алдаган бўлади ва унинг топиниши бефойдадир». (Ёқуб 1:26) Яхши ишлар қилиб туриб, қўпол ёки киноя билан гапирсак ёки ёлғон сўзласак, Худо бунга кўз юмади деб ўзимизни алдашимиз мумкин. Қандай қилиб ўзимизни алдашдан қоча оламиз?
5 Кўзгуга қараганимизда ташқи кўринишимиз қандай эканини кўрамиз. Муқаддас Китобни ўқиганда эса, аслида қандай инсон эканимизни, яъни кучли ва заиф томонларимизни билиб оламиз. Қолаверса, фикрлаш тарзимизда, хатти-ҳаракатимизу нутқимизда қандай ўзгаришлар қилишимиз кераклигини кўрамиз. (Ёқуб 1:23–25 ни ўқинг.) Борди-ю, ҳеч қандай камчилигим йўқ деб ўйласак, унда яхши томонга ўзгара олмаймиз. Шундай экан, ўзимизга тўғри баҳо бериш учун Муқаддас Китобдан фойдаланишимиз керак. (Еремиёнинг марсияси 3:40; Хаггей 1:5) Ибодат ўзимизга четдан қараб кўришимизга кўмаклашади. Ибодатда Яҳовадан бизни текширишини, камчиликларимизни тузатиш учун уларни кўра олишимизни сўрасак бўлади. (Забур 139:23, 24) Мана буни ёдда тутайлик: «Яҳова маккор одамдан нафратланади, тўғри киши билан эса яқин дўст бўлади». (Ҳикматлар 3:32)
ОИЛАДА ҲАЛОЛ БЎЛИШ
6. Нега турмуш ўртоқлар бир-бирига нисбатан ҳалол бўлишлари керак?
6 Оилада ҳалол бўлиш ниҳоятда муҳим. Агар эр-хотин ўзаро очиқ мулоқот қилса, ўзини хавфсиз ҳис қилиб, бир-бирига бўлган ишончи ортади. Оилада ҳалол бўлиш турли соҳаларни ўз ичига олади. Масалан, турмуш қурган киши биров билан ноз-карашма қилса, порнография кўрса ва кимдир билан яширинча ишқий муносабатларни ривожлантирса, бу ҳалолликдан далолат бермайди. Сано бастакорининг мана бу сўзларига диққат қаратайлик: «Ёлғончи одамларга қўшилмайман, иккиюзламачилардан йироқда юраман». (Забур 26:4) Ҳатто бошқа инсон ҳақида ўйлаб, ахлоқсиз фикрларга берилганингизда турмуш ўртоғингизга нисбатан ноҳақ йўл тутган бўласиз ва бу никоҳингизга путур етказади.
7, 8. Болалар ҳалол бўлишларига Муқаддас Китоб қандай кўмаклашади?
7 Болалар ҳам ҳалол бўлишни ўрганишлари керак. Ота-оналар уларга бу борада таълим беришда Муқаддас Китобдан фойдаланишлари мумкин. Унда ҳалол бўлмаган қуйидаги кишиларнинг салбий мисоллари бор: ўғрилик қилган Охун; бойлик орттириш ниятида ёлғон гапирган Гахази; пул ўғирлаб юрган ва 30 кумуш танга эвазига Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт. (Ёшуа 6:17–19; 7:11–25; 4 Шоҳлар 5:14–16, 20–27; Матто 26:14, 15; Юҳанно 12:6)
8 Муқаддас Китобда ҳалол бўлган инсонларнинг ҳам мисоллари мавжуд: ўғилларини хуржунларига солинган пулни қайтариб беришга ундаган Ёқуб; Худога берган ваъдасини бажарган Йифтоҳ ва унинг қизи; оғир вазиятларда ҳам рост гапирган Исо. (Ибтидо 43:12; Ҳакамлар 11:30–40; Юҳанно 18:3–11) Ушбу мисоллар болаларингизга ҳалол бўлиш муҳим аҳамиятга эга эканини тушунишларига кўмаклашади.
9. Ота-она ҳалол ва ростгўй бўлса, болаларига бу қандай таъсир қилади?
9 Ота-оналар Муқаддас Китобдаги мана бу муҳим принципни ёдда тутиши зарур: «Нега бошқаларга таълим бериб, ўзинг таълим олмайсан? “Ўғрилик қилма”,— деб ваъз қиляпсан-у, нимага ўзинг ўғрилик қиляпсан?» (Римликларга 2:21) Агар ота-онанинг гапи бошқа-ю, иши бошқа бўлса болалар буни дарров пайқайди. Ҳа, фарзандларимизга ҳалол ва ростгўй бўлишни ўргатиб туриб, ўзимиз аксини қилсак, улар қандай йўл тутишни билмай қолиши мумкин. Агар болалар ота-онаси ёлғон гапираётганини сезса — ҳатто кичик ишларда — улар ҳам шундай қилиши мумкин. (Луқо 16:10 ни ўқинг.) Аммо болалар ота-онасининг ҳалол эканини кўрса, бу улар улғайиб, фарзандли бўлганида ҳалол ва ростгўй ота-она бўлишига ҳисса қўшади. (Ҳикматлар 22:6; Эфесликларга 6:4)
ЖАМОАТДА ҲАЛОЛ БЎЛИШ
10. Имондошларимиз билан суҳбатлашганда қай йўсин ҳалол бўла оламиз?
10 Биродару опа-сингилларимизга нисбатан ҳам ҳалол бўлишимиз керак. Кундалик суҳбатларимиз ғийбатга, ҳатто туҳматга айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Аниқ бўлмаган маълумотни такрорласак, ёлғон тарқатган бўламиз. Ундан кўра, тилимизни тийганимиз яхши. (Ҳикматлар 10:19) Ростгўй бўлиш ўйлаган, билган ёки эшитган ҳамма нарсамизни айтишни англатмайди. Ҳатто айтмоқчи бўлган гапимиз рост бўлса ҳам, бу маълумот бизга тегишли бўлмаслиги ва бу ҳақида гапирсак яхшиликка олиб келмаслиги мумкин. (1 Салоникаликларга 4:11) Айрим одамлар қўпол гапирганини оқлаб: «Ростини гапирдим-ку!» — дейиши мумкин. Лекин Яҳованинг халқи сифатида сўзларимиз ҳамиша ёқимли ва мазали бўлишини истаймиз. (Колосаликларга 4:6 ни ўқинг.)
11, 12. a) Гуноҳ қилган инсон нега оқсоқолларга ҳаммасини айтиб бериши лозим? б) Дўстимиз жиддий гуноҳ қилганини билиб қолсак, нима деб ўйламаслигимиз керак ва нега? в) Қандай қилиб Яҳованинг ташкилотига нисбатан ҳалол бўла оламиз?
11 Яҳова оқсоқолларга жамоатга ғамхўрлик қилиш масъулиятини топширган. Агар ростгўй бўлсак, улар бизга ёрдам беришга қийналмайди. Нима учун? Дейлик, касал бўлиб шифокорнинг олдига ёрдам сўраб бордингиз. Ундан касаллик белгиларини яширган бўлармидингиз? Шундай қилсангиз, у сизга ёрдам бера оладими? Шунга ўхшаб, жиддий гуноҳ қилиб қўйсак, бу ҳақида ёлғон гапирмаслигимиз керак. Аксинча, оқсоқолларга мурожаат қилиб, ҳаммасини айтиб беришимиз муҳим. (Забур 12:2; Ҳаворийлар 5:1–11) Энди бошқа мисолни олайлик: дўстингиз жиддий гуноҳ қилганини билиб қолсангиз, қандай йўл тутасиз? (Левилар 5:1) Сиз: «Агар унинг чин дўсти бўлсам, буни сир сақлашим керак» — деб ўйлайсизми? Ёки дўстингиз Яҳова билан муносабатини тиклаши ва мустаҳкамлаши учун оқсоқоллар унга ёрдам бера олишини эслайсизми? (Ибронийларга 13:17; Ёқуб 5:14, 15)
12 Боз устига Яҳованинг ташкилотига нисбатан, мисол учун, хизматимиз ҳақида ҳисобот топшираётганда ҳалол бўлишимиз керак. Кашшоф бўлиш ёки хизматнинг бошқа турида иштирок этиш учун ариза тўлдирганда ҳам ростгўй бўлишимиз даркор. (Ҳикматлар 6:16–19 ни ўқинг.)
13. Қандай қилиб иш масалаларида имондошларимиз билан ҳалол бўла оламиз?
13 Биродару опа-сингиллар Йиғилиш залида ёки хизматда бизнес масалалари билан банд бўлмасликлари лозим. Бундан ташқари бизнес масалаларида имондошларимизнинг эвазига фойда кўришни кўзламаслигимиз даркор. Агар сиз имондошларингизни ишга олган бўлсангиз, келишилган пулни ўз вақтида беринг. Шунингдек, бу қонун бўйича талаб қилинадиган барча имтиёзларни, жумладан, тиббий суғурта ёки ҳақ тўланадиган таътилни тақдим этишни ўз ичига олади. (1 Тимўтийга 5:18; Ёқуб 5:1–4) Борди-ю, имондошингизнинг қўлида ишласангиз, у сизга ўзгача муносабат кўрсатишини кутманг. (Эфесликларга 6:5–8) Неча соат ишлашга келишган бўлсангиз, шунча соат ишланг ва сизга тўланадиган ҳаққа яраша меҳнат қилинг. (2 Салоникаликларга 3:10)
14. Имондошлар бирга бизнес юритмоқчи бўлса, аввал нима қилишлари лозим?
14 Имондошимиз билан бирга бизнес юритмоқчи бўлсак, қандай йўл тутишимиз лозим? Эҳтимол, ўртага пул ташлашга ёки қарз олишга тўғри келиши мумкин. Бу каби вазиятларда Муқаддас Китобдаги мана бу принцип жуда қўл келади: ҳаммасини қоғозга туширинг! Еремиё пайғамбар дала сотиб олганда ҳужжатни икки нусхада тайёрлаган ва унинг битта нусхасига гувоҳлар қўл қўйган. Ушбу иккала ҳужжат келажакни кўзлаб сақлаб қўйилган. (Еремиё 32:9–12; шунингдек, Ибтидо 23:16–20 га қаранг.) Баъзиларнинг фикрича, ҳаммасини қоғозга тушириш биродарига ишонмаётганини кўрсатади. Аслида эса ҳаммасини ҳужжатлаштириш кўпгина тушунмовчилик, кўнгилхиралик ва норозиликнинг олдини олади. Ҳар қандай иш масаласидан кўра жамоатда тинчлик сақланиши муҳимроқ эканини унутманг. (1 Коринфликларга 6:1–8; 30- иловага қаранг.)
БУ ДУНЁДА ҲАЛОЛ БЎЛИШ
15. Яҳова тижорат масалаларидаги ноҳақликка қандай қарайди?
15 Биз барчага, жумладан, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган инсонларга нисбатан ҳалол бўлишимиз зарур. Бу Яҳова учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро «Яҳова ёлғон тарозидан жирканади. Тўғри тарозини эса хуш кўради» (Ҳикматлар 11:1; 20:10, 23) Муқаддас Китоб ёзилган даврда савдо-сотиқ ишларида тарозидан фойдаланиш одатий ҳол бўлган. Аммо айрим савдогарлар харидорларни алдаб, келишилган моллардан камроқ беришарди ёки улардан кўпроқ пул талаб қилишарди. Ўша даврда бўлганидек, бугунги кунда ҳам тижорат масалаларида ноҳақлик кенг тарқалган. Яҳова ноҳақликдан ўша пайтда нафратлангани каби, ҳозир ҳам нафратланади.
16, 17. Ноҳақ йўл тутишимиз мумкин бўлган қандай вазиятлардан қочишимиз керак?
16 Барчамиз ноҳақ йўл тутишимиз мумкин бўлган вазиятларга дуч келамиз. Масалан, ишга жойлашганда, расмий ҳужжатларни тўлдирганда ёки мактабда имтиҳон топширганда. Кўп одамлар ёлғон ёки бўрттириб гапиришнинг, ё бўлмаса икки маъноли жавоблар беришнинг ёмон жойи йўқ деб ўйлашади. Бундан ҳайрон қолмаймиз. Муқаддас Китобда башорат қилинишича, ушбу замонанинг сўнгида «одамлар ўзини севадиган, пулпараст,.. яхшиликдан нафратланадиган» бўлиб кетади. (2 Тимўтийга 3:1–5)
17 Баъзида ноҳақ инсонлар бу дунёда муваффақиятга эришаётгандай туюлади. (Забур 73:1–8) Масиҳийлар ҳалол бўлгани учун, уларни ишдан бўшатишлари, алдаб пулини бермасликлари ёки уларга ишхонада ёмон муомала қилишлари мумкин. Аммо ҳалол бўлиб қолиш ҳар қандай қурбонликка арзийди. Нега?
ҲАЛОЛ БЎЛИШ БАРАКА КЕЛТИРАДИ
18. Яхши обрўга эга бўлишнинг қандай афзал томони бор?
18 Ҳалол ва ишончли инсон юқори қадрланади. Аммо ҳозирги пайтда бундай обрўга эга бўлган инсонлар камайиб кетган. Ҳар биримиз ҳалол ва ишончли инсон деган обрў орттириш имконига эгамиз. (Михо 7:2) Айримлар ҳалол бўлганингиз учун устингиздан кулиши ва сизни аҳмоқ деб аташи мумкин. Бошқалар эса ҳалоллигингиз туфайли сизни қадрлаб, ишонади. Дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари ҳалоллиги билан танилган. Баъзи иш берувчилар Яҳованинг Шоҳидлари ҳалол эканини билгани учун уларни ишга олишни афзал кўришади. Бошқа ишчилар ноҳақ йўл тутгани учун ишдан бўшатилса, Яҳованинг Шоҳидлари иш жойини сақлаб қолишади.
19. Ҳалол бўлиш Яҳова билан муносабатингизга қандай таъсир қилади?
19 Барча нарсада ҳалол бўлишга интилсангиз, пок виждонга ва хотиржамликка эришасиз. Шунингдек, Павлус каби: «Виждонимиз пок эканига ишонамиз»,— деб айта оламиз. (Ибронийларга 13:18) Энг муҳими, меҳрибон Отангиз Яҳова барча нарсада ҳалол бўлишга уринаётганингизни назаридан четда қолдирмайди ва У буни қадрлайди. (Забур 15:1, 2; Ҳикматлар 22:1 ни ўқинг.)