1- БОБ
Аллоҳнинг севгиси абадийдир
Аллоҳга бўлган севги унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас. 1 ЮҲАННО 5:3
1, 2. Нега Яҳовани яхши кўрасиз?
СИЗ Худони яхши кўрасизми? Уни жуда қаттиқ яхши кўрганингиздан ҳаётингизни Унга бағишлагандирсиз. Худони энг яқин Дўстингиз деб биларсиз. Бироқ сиз Яҳовани яхши кўришингиздан олдин, У сизни яхши кўрган. Муқаддас Китобда: «Худо бизни биринчи севгани учун, биз Уни севамиз»,— дейилган. (1 Юҳанно 4:19)
2 Яҳова бизга бўлган севгисини турли йўллар билан намоён этяпти. У яшашимиз учун гўзал ерни ва ҳаётдан завқланишимиз учун керакли барча нарсани берди. (Матто 5:43–48; Ваҳий 4:11) Аллоҳ У билан яхши муносабатларга эга бўлишимизни истайди ва У ҳақида билим олишимизга имкон беряпти. Муқаддас Китобни ўқиганда Яҳованинг овозини эшитгандай бўламиз. Ибодат қилганимизда эса У бизни тинглайди. (Забур 65:2) Худо Ўзининг қудратли муқаддас руҳи орқали бизга йўл-йўриқ кўрсатиб, куч беради. (Луқо 11:13) У бизни гуноҳ ва ўлимдан халос этиш учун, ҳаттоки Ўзининг қадрдон Ўғлини ер юзига юборди. (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:8 ни ўқинг.)
3. Қандай қилиб Яҳова билан яқин муносабатларни сақлашимиз мумкин?
3 Яхшию ёмон дамларда ёнингизда бўлган яқин дўстингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Бундай яқин дўстона муносабатларни сақлаб қолиш учун ҳаракат талаб этилади. Яҳова билан дўстлигимиз ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. У — дунёдаги энг зўр Дўст. Бу дўстлик абадий давом эта олади. Шу боис Муқаддас Китобда: «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланглар»,— дейилган. (Яҳудо 21) Қандай қилиб Худонинг севгисига сазовор бўлишимиз ва Унга бўлган севгимизни намоён этишимиз мумкин? Муқаддас Китобда бу саволга шундай жавоб бор: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас». (1 Юҳанно 5:3)
«АЛЛОҲГА БЎЛГАН СЕВГИ»
4, 5. Яҳовага бўлган севгингиз қай йўсин ўса бошлаган?
4 «Аллоҳга бўлган севги» деганда Муқаддас Китобда нима назарда тутилган? Бу ибора остида Худога бўлган чуқур туйғуларимиз тушунилади. Яҳовага илк бор меҳр қўйган пайтингизни эслай оласизми?
5 Яҳова янги дунёда абадий яшашингизни исташи ҳақида биринчи марта эшитганингизда кўнглингиздан нималар ўтганини эсланг. Ўшанда Худо буни амалга ошириш учун нималар қилгани ҳақида билиб олгансиз ҳамда У Ўғлини ер юзига юбориб, бизга қанчалар қимматбаҳо ҳадя берганини тушуниб етгансиз. (Матто 20:28; Юҳанно 8:29; Римликларга 5:12, 18) Яҳова сизни қанчалар севишини билганингизда, бу қалбингизга кучли таъсир қилган ва сиз ҳам Уни яхши кўра бошлагансиз. (1 Юҳанно 4:9, 10 ни ўқинг.)
6. Кимнидир яхши кўришимизни қандай кўрсатамиз? Худога бўлган севгингиз сизни нима қилишга ундади?
6 Худога бўлган ушбу севги туйғуси бошланиш эди, холос. Масалан, кимнидир яхши кўрсак, унга шунчаки: «Сизни яхши кўраман»,— дейиш билан кифояланмаймиз. Севги бизни ўша инсонни бахтли қилишга ундайди. Худди шундай Яҳовага бўлган севги ҳам Унга маъқул ҳаёт кечиришингизга туртки беради. Севгингиз ўсгани сайин, ўзингизни Унга бағишлаб, сувга чўмгандирсиз. Ўзингизни Яҳовага бағишлаганда, Унга абадий хизмат қилишга ваъда бергансиз. (Римликларга 14:7, 8 ни ўқинг.) Қандай қилиб ушбу ваъданинг устидан чиқишингиз мумкин?
«УНИНГ АМРЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ»
7. Яҳовани яхши кўрсак нима қиламиз? Унинг айрим амрлари қандай?
7 Яҳовани яхши кўрганимиз учун «Унинг амрларига риоя қиламиз». Муқаддас Китобдан Яҳова қандай ҳаёт кечиришимизни исташи ҳақида билиб олишимиз мумкин. Масалан, У бизга спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, ўғирлаш, ёлғон гапириш, турмуш ўртоғимиз бўлмаган киши билан жинсий алоқада бўлиш, Худодан бошқа шахсга ёки буюмга топиниш нотўғри эканини айтмоқда. (1 Коринфликларга 5:11; 6:18; 10:14; Эфесликларга 4:28; Колосаликларга 3:9)
8, 9. Муқаддас Китобда муайян вазиятга нисбатан аниқ қонун берилмаган бўлса, қай йўсин Яҳованинг нуқтаи назарини билиб олишимиз мумкин? Мисол келтиринг.
8 Аммо Яҳовага маъқул келиш учун шунчаки Унинг амрларига амал қилишнинг ўзи етарли эмас. У бизга ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига тегишли узундан-узун қонунлар рўйхатини бермаган. Шундай вазиятлар бўладики, қандай йўл тутиш ҳақида Муқаддас Китобдан аниқ қонун топа олмаймиз. Унда қандай қилиб тўғри қарорлар чиқаришимиз мумкин? (Эфесликларга 5:17) Муқаддас Китобда принциплар, яъни Яҳованинг нуқтаи назарини очиб берувчи асосий ҳақиқатлар бор. Муқаддас Китобни ўқиганимизда, Яҳовани Шахс сифатида таниб борамиз. Унинг фикрлаш тарзини, жумладан, нималарни севиши ва нималардан нафратланишини билиб оламиз. (Забур 97:10 ни ўқинг; Ҳикматлар 6:16–19; 1- иловага қаранг.)
9 Мисол учун, телевизор ёки Интернет орқали нимани кўриш-кўрмасликни қандай ҳал қилсак бўлади? Бу вазиятда нима қилишимиз кераклигини Яҳова аниқ айтмаган. Бироқ У тақдим этаётган принциплар тўғри қарор чиқаришимизга ёрдам беради. Бугунги кунда аксарият ўйин-кулги турлари зўравонлик ва ахлоқсизликка тўлиб тошган. Муқаддас Китобда Яҳова «зўравонликни севадиганлардан... нафратланишини» ва зинокорларни ҳукм қилишини айтмоқда. (Забур 11:5; Ибронийларга 13:4) Ушбу принциплар тўғри қарор чиқаришимизга қандай ёрдам беради? Яҳова нимадан нафратланишини ёки уни ахлоқсиз деб ҳисоблашини билгач, ўша ишдан қочишимиз керак.
10, 11. Нима учун Яҳовага итоат қиламиз?
10 Нима учун Яҳовага итоат қиламиз? Нотўғри қарор чиқаришдан юзага келиши мумкин бўлган жазо ёки муаммолардан қочиб қутилиш учунгина бундай йўл тутмаймиз. (Галатияликларга 6:7) Аксинча, Яҳовани яхши кўрганимиз учун Унга итоат қиламиз. Худди болалар отасини хурсанд қилмоқчи бўлгани сингари, биз ҳам самовий Отамизнинг қалбини хушнуд қилгимиз келади. Ахир Яҳова биздан мамнун эканини билишдан ортиқ бахт борми?! (Забур 5:12; Ҳикматлар 12:2; 2- иловага қаранг.)
11 Биз Яҳовага фақатгина осон бўлганида ёки ҳеч қандай танлов қолмаганида итоат этишни истамаймиз. Шунингдек, Унинг қайси қонун ёки меъёрларига амал қилиш-қилмасликни танламаймиз. (Қонунлар 12:32) Аксинча, биз қуйидаги сўзларни ёзган сано бастакори сингари Худога тўлиқ итоат этишни истаймиз: «Амрларингни яхши кўраман, ҳа, мен уларни севаман». (Забур 119:47; Римликларга 6:17) Биз Нуҳга тақлид қилган ҳолда барча нарсада Яҳова амр этганидай йўл тутиб, Унга бўлган севгимизни намоён этишни истаймиз. Муқаддас Китобда Нуҳ ҳаммасини «айнан айтилганидай қилгани» ҳақида ёзилган. (Ибтидо 6:22) Яҳова сиз ҳақингизда ҳам шундай айтишини истармидингиз?
12. Қандай қилиб Яҳованинг қалбини қувонтира оламиз?
12 Яҳовага итоат этганимизда У нималарни ҳис қилади? Унинг қалби қувонади. (Ҳикматлар 11:20; 27:11) Бир ўйлаб кўринг: биз коинот Яратувчисининг қалбини қувонтира оламиз! Аммо У бизни итоат қилишга мажбурламайди, аксинча, У бизга ирода эркинлигини берган. Бу эса нима ёмон ва нима яхши эканини танлаш эркинлигига эга эканимизни билдиради. Яҳова Унга бўлган севгимиз тўғри қарор қабул қилишга туртки бўлишини истайди, токи биз энг яхши ҳаёт йўлини танлай олайлик. (Қонунлар 30:15, 16, 19, 20; 3- иловага қаранг.)
«УНИНГ АМРЛАРИ ОҒИР ЭМАС»
13, 14. Яҳованинг амрларига итоат қилиш нега қийин эмас? Мисол келтиринг.
13 «Яҳованинг амрларига итоат қилиш жуда қийин ёки улар инсонни эркинликдан маҳрум қилади» деб ўйлаётган бўлсак-чи? Муқаддас Китобда: «Унинг амрлари оғир эмас»,— деб аниқ айтилган. (1 Юҳанно 5:3) Юнон тилидан «оғир» деб таржима қилинган сўз бошқа оятларда мушкул қонун-қоидаларга ёки одамларни назорат остига олиб, уларга зарар етказувчи кишиларга нисбатан қўлланилган. (Матто 23:4; Ҳаворийлар 20:29, 30) Демак, Яҳованинг амрлари «оғир» эмас, яъни уларга итоат қилиш қийин эмас. Чунки Яҳова ҳеч қачон биздан имконсиз нарсани талаб қилмайди.
14 Дейлик, дўстингиз янги уйга кўчиб ўтишга сиздан ёрдам сўради. У барча нарсаларини йиғиб қўйган. Улардан баъзилари енгил, бошқалари эса оғир бўлиб, икки киши кўтаришига тўғри келади. Дўстингиз сиздан жуда оғир нарсаларни кўтаришни илтимос қилган бўлармиди?! Йўқ, албатта! Ахир дўстингиз бирор жойингиз шикастланишини истамайди-ку! Шу сингари Яҳова ҳеч қачон биздан ўта қийин нарсани сўрамайди. (Қонунлар 30:11–14) Яҳова имкониятимиз чегарасини билади. Зеро «қандай ясалганимизни У яхши билади, тупроқ эканимизни ёдида тутади». (Забур 103:14)
15. Нега Яҳованинг амрлари манфаатимиз учун хизмат қилишига амин бўлишимиз мумкин?
15 Мусо Исроил халқига агар улар Яҳованинг амрларига итоат қилишса, «тирик бўлиб, тоабад фаровон ҳаёт кечиришлари» ҳақида айтган эди. (Қонунлар 5:28–33; 6:24) Бугунги кунда ҳам шундай: Яҳова биздан нима қилишни сўрамасин, бу манфаатимиз учун хизмат қилади. (Ишаё 48:17 ни ўқинг.) Самовий Отамиз Яҳова доим биз учун нима яхшироқ бўлишини билади. (Римликларга 11:33) Муқаддас Китобда: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб айтилган. (1 Юҳанно 4:8) Бу дегани Яҳованинг барча сўзларию ишларининг ортида севги туради.
16. Номукаммал бўлиб, ёвуз дунёда яшаётганимизга қарамай, қандай қилиб итоатли бўла оламиз?
16 Ҳа, доим ҳам Худога итоат этиш осон бўлмайди. Чунки биз Шайтоннинг ҳукми остида бўлган ёвуз дунёда яшаяпмиз. У одамларни ёмон ишлар қилишга ундайди. (1 Юҳанно 5:19) Боз устига, номукаммал бўлганимиз учун нотўғри истак ва туйғулар билан курашишимиз керак. Акс ҳолда, улар Худонинг қонунини бузишимизга сабаб бўлади. (Римликларга 7:21–25) Аммо Яҳовага бўлган севгимиз тўғри йўл тутишимизга куч бахш этади. Яҳова Унга итоат этиш йўлида қилаётган ҳаракатларимизни кўриб туради ва муқаддас руҳи ила бизга мадад беради. (1 Шоҳлар 15:22, 23; Ҳаворийлар 5:32) Муқаддас руҳ яхши фазилатларни ривожлантиришимизга кўмаклашади. Бу фазилатлар туфайли эса Худога итоат қилишимиз осон кечади. (Галатияликларга 5:22, 23)
17, 18. a) Мазкур китобда нимани ўрганамиз? б) Кейинги бобда нимани кўриб чиқамиз?
17 Ушбу китоб бизга Яҳовага маъқул тарзда яшашни ўргатади. Шунингдек, ундан илоҳий принцип ва ахлоқий меъёрларни қандай қилиб ҳаётимизда қўллаш мумкинлигини билиб оламиз. Шуни ёдда тутингки, Яҳова ҳеч қачон бизни Унга итоат этишга мажбурламайди. Агар Унга итоатли бўлишни танласак, ҳаётимиз яхшиланади ва келажагимиз порлоқ бўлади. Энг асосийси эса, итоаткорлигимиз билан Худони қанчалик қаттиқ яхши кўришимизни исботлай оламиз. (4- иловага қаранг.)
18 Нима яхши ва нима ёмон эканини ажрата олишимиз учун Яҳова ҳар биримизга виждонни туҳфа қилган. Агар виждонимизни тарбияласак, «Унинг амрларига риоя қила» оламиз. Хўш, виждон ўзи нима ва қандай қилиб уни тарбиялай оламиз? Буни кейинги бобда кўриб чиқамиз.