Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3- дарс

Муқаддас Китоб чиндан ҳам Худоданми?

Муқаддас Китоб чиндан ҳам Худоданми?

1. Муқаддас Китобнинг муаллифи ким?

Муқаддас Китобда одамлар ер юзида абадий яшаши ҳақидаги хушхабар ёзилган. (Забур 37:29) Муқаддас Китоб 66 та китобчадан иборат. Худо унинг ёзилишида 40 нафар садоқатли кишидан фойдаланган. Бу китобчалардан бештасини тахминан 3 500 йил аввал Мусо пайғамбар ёзган. Охиргисини эса 1 900 дан зиёд йил илгари Худонинг хизматчиси Юҳанно қаламга олган. Ушбу ёзувчилар кимнинг фикрларини ёзишган? Тангри бу ёзувчиларнинг онгига Ўз фикрларини жо қилган. Аллоҳ уларнинг айримларига фаришталар ҳамда ваҳийлар орқали гапирган. (Ваҳий 1:1) Баъзида эса нима ёзиш кераклигини уларга Худонинг Ўзи айтган. Шундай экан, Муқаддас Китобнинг муаллифи Тангри Яҳовадир. Чиқиш 34:27; 2 Тимўтийга 3:16 ни ўқинг.

2. Муқаддас Китоб ўзгартирилмаганига қандай амин бўлишимиз мумкин?

Муқаддас Китоб — Худонинг Каломи. Чунки у ерда келажак аниқ ва батафсил башорат қилинган. Ҳеч бир инсон бунинг уддасидан чиқа олмайди. (Ёшуа 23:14) Фақатгина Қодир Тангри одамларнинг келажагини аниқ башорат қила олади. Ишаё 42:9; 46:10 ни ўқинг.

Шубҳасизки, Худонинг Каломи бетакрордир. Бугунги кунда Муқаддас Китобнинг миллиардлаб нусхалари юзлаб тилларда чоп этилган. Гарчи бу китоб қадимий бўлса-да, у илм-фан билан ҳамоҳангдир. Шуниси эътиборга лойиқки, унинг 40 та ёзувчиси бир-бирига уйғун тарзда ёзган *. Муқаддас Китобда айтилган барча нарса Аллоҳнинг севгисидан далолат бермоқда ва ҳозирга қадар у инсонларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартирмоқда. Хўш, Муқаддас Китоб ўзгартирилганми? Бу китобнинг қарийб 2 000 йил олдин ёзилган қўлёзмалари топилган. Улар бу китоб бизнинг кунларимизгача ўзгармай етиб келганини тасдиқлаяпти. (Ишаё 40:8) Худо Унинг Каломи ўзгартирилишига асло йўл қўймайди. Забур 12:6, 7; 1 Бутрус 1:24, 25 ни ўқинг.

3. Муқаддас Китобда нима ҳақида ёзилган?

Муқаддас Китобда хушхабар, яъни меҳрибон Аллоҳимиз инсоният учун ажойиб келажакни ният қилгани тўғрисида айтилган. Бу китобда илк жуфтлик жаннатда яшаш имконини қай йўсин йўқотгани ва келажакда жаннат қандай қилиб тикланиши тўғрисида ёзилган. Ваҳий 21:4, 5 ни ўқинг.

Муқаддас Китоб қонунлар, принциплар ва маслаҳатларни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, у ерда Тангрининг фазилатларини очиб берадиган кўпгина воқеалар ёзилган. Бунинг ҳаммаси Парвардигоримизни яхшироқ таниб-билишингизга ёрдам беради. Муқаддас Китобда қандай қилиб сиз Унинг дўсти бўлишингиз мумкинлиги ҳам тушунтирилган. Забур 19:7, 11; Ёқуб 2:23; 4:8 ни ўқинг.

4. Муқаддас Китобни қай йўсин тушуна оласиз?

Ушбу рисола Муқаддас Китобни тушунишингизга кўмаклашади. Унда ўтмишда пайғамбарлар қўллаган усулдан фойдаланилган. Ўша кишилар Тавротни одамларга ўқиб, «ўқилганларни англашга» ёрдам беришган. Нахимиё 8:8 ни ўқинг.

Худонинг хушхабари одамни ўзига жалб қилади. Бироқ айрим кишилар унга бепарво, бошқаларнинг эса унга аччиғи келади. Бу сизга таъсир қилишига йўл қўйманг. Зеро, абадий яшаш умидингиз Аллоҳимиз ҳақидаги билимлар билан чамбарчас боғлиқ. Юҳанно 17:3 ни ўқинг.

 

^ абз. 3 «Ҳаммабоп китоб» рисоласига қаранг.