39- ДАРС
Исроилнинг биринчи шоҳи
Яҳова исроилликларга бошчилик қилиш учун ҳакамларни берган эди. Аммо улар шоҳи бўлишини исташди. Улар Шомуилга: «Атрофимиздаги барча халқларнинг шоҳи бор, бизнинг ҳам шоҳимиз бўлишини хоҳлаймиз»,— деб айтишди. Шомуил бу нотўғри эканини тушунарди, шу боис бу ҳақда Яҳовага ибодат қилди. Яҳова унга: «Халқ сендан эмас, Мендан юз ўгиряпти. Уларга шоҳ бераман, аммо у халқдан кўп нарсаларни талаб қилишини уларга айт»,— деди. Лекин шунда ҳам улар: «Бизга барибир. Шоҳимиз бўлишини истаймиз!» — дейишди.
Яҳова Шомуилга Шоул исмли киши Исроилнинг биринчи шоҳи бўлишини айтди. Шоул Шомуилни кўриш учун Рамага борганида, Шомуил унинг бошига мой қуйиб, шоҳ сифатида танлади.
Кейин Шомуил янги шоҳни кўрсатиш учун исроилликларни йиғди. Аммо Шоулни ҳеч қаердан топа олишмади. Нега эканини биласизми? Чунки Шоул юкларнинг орасида яшириниб ўтирганди. Охири Шоулни қидириб топишди-да, халқнинг олдига олиб келишди. Унинг бўйи баланд бўлиб, жудаям келишган йигит эди. Шомуил халққа: «Яҳова кимни танлаганини кўриб қўйинглар»,— деди. Шунда одамлар: «Шоҳ ҳазратларининг умри узоқ бўлсин!» — дея ҳайқиришди.
Аввалига шоҳ Шоул Шомуилга қулоқ солиб, Яҳовага итоат этарди. Лекин кейин у ўзгарди. Мисол учун, Шоул қурбонлик келтирмаслиги керак эди. Чунки Яҳованинг пайғамбари Шомуил уни кутиб туришни сўраганди. Лекин у келавермагач, Шоулнинг ўзи қурбонлик келтирди. Шомуил бунга нима деди? У Шоулга: «Сен Яҳовага итоатсизлик қилдинг»,— деб айтди. Шоул бу хатосидан сабоқ олдими?
Орадан вақт ўтиб, Шоул омолекларга қарши жанг қилишга борди. Шомуил унга ҳеч кимни тирик қолдирмасликни айтди. Аммо Шоул шоҳ Ўгахни тирик қолдирди. Яҳова Шомуилга: «Шоул Мени
тарк этди, у Менга қулоқ солмаяпти»,— деди. Бундан у қаттиқ қайғурди ва Шоулга: «Яҳовага қулоқ солмай қўйганинг учун, У бошқа шоҳни танлайди»,— деб айтди. Шомуил ўгирилиб кетаётганида Шоул унинг камзулидан ушлаб олди ва камзулнинг этаги йиртилиб кетди. Шомуил Шоулга: «Мана шу камзул йиртилганидай, Яҳова шоҳликни сендан тортиб олади»,— деб айтди. Яҳова шоҳликни Уни яхши кўрадиган ва Унга итоат этадиган кишига беради.«Яҳовага бўйсуниш қурбонликдан... кўра яхшироқдир». (1 Шоҳлар 15:22)