22- ДАРС
Қизил денгиздаги мўъжиза
Исроилликлар Мисрни тарк этганини эшитиши билан фиръавн уларни қўйиб юбориш фикридан қайтди. У жангчиларига: «Жанг араваларини тайёрланглар, уларни қувиб етайлик! Уларни қўлдан чиқармаслигимиз керак»,— деб буюрди. Фиръавн билан одамлари исроилликларни таъқиб қила бошлашди.
Яҳова халқини кундузи булут устуни, кечаси эса олов устуни ёрдамида бошлаб борди. Худо уларни Қизил денгиз бўйига олиб келди ва қароргоҳ қуришни айтди.
Кейин исроилликлар фиръавн билан қўшини уларни қувиб келаётганини кўришди. Улар Қизил денгиз билан мисрликлар қўшини орасида тузоққа тушиб қолгандай эди. Халқ Мусога: «Энди ўлиб кетамиз! Бизни Мисрдан олиб чиқмаслигинг керак эди»,— деб фарёд қилди. Мусо эса: «Қўрқманглар! Яҳова бугун сизларни қандай қутқаришини кузатиб туринглар»,— деди. Мусо чинакамига Яҳовага таянган, шундай эмасми?!
Яҳова исроилликларга чодирларини йиғишни буюрди. Кечаси Яҳова булутни мисрликлар билан исроилликлар орасига кўчирди. Мисрликлар томон қоронғи, исроилликлар томон эса ёруғ эди.
Яҳова Мусога қўлини денгиз томон узатишини айтди. Кейин Яҳова туни билан кучли шамол эстирди. Денгиз иккига бўлиниб, ўртасида йўл пайдо бўлди. Миллионлаб исроилликлар икки томонда девордай бўлиб турган сув ўртасидан, қуруқ ердан нариги қирғоққа ўтиб кетишди.
Фиръавннинг қўшини исроилликлар ортидан қуриган денгиз тубига тушди. Шунда Яҳова уларни саросимага солди. Жанг араваларининг ғилдираклари чиқиб кетди. Жангчилар: «Бу ердан қочиб қолайлик! Яҳова улар учун жанг қиляпти»,— деб бақиришди.
Яҳова Мусога: «Қўлингни денгиз томон узат»,— деди. Шунда девордай турган сувлар Миср қўшинини босиб қолди. Фиръавн билан одамлари ўлишди. Улардан ҳеч ким тирик қолмади.
Денгизнинг нариги қирғоғидаги улкан оломондан иборат халқ Худони улуғлаб қўшиқ куйлади: «Яҳовага куйлайлик, зеро У буюк ғалабага эришди. От ва унинг суворисини денгизга улоқтирди». Халқ қўшиқ куйлаётганида аёллар чилдирмаларини қўлига олиб рақсга тушди. Ҳамма бахтли эди. Чунки энди улар чинакамига озод!
«Шу сабабли, биз жасоратга тўлиб, шундай деяпмиз: “Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?!”» (Ибронийларга 13:6)