91- ДАРС
Исо тирилади
Исонинг ўлимидан сўнг, Юсуф исмли бой киши Пилатнинг ёнига борди. У Исонинг танасини устундан тушириш учун рухсат сўради. Юсуф унинг жасадини хушбўй ўтлар билан аъло сифатли зиғир кафанга ўраб, янги қабрга қўйди. Сўнг қабр оғзига катта тошни юмалатиб қўйди. Бош руҳонийлар Пилатга: «Исонинг шогирдлари жасадни ўғирлаб, кейин у тирилди, деб айтишидан қўрқяпмиз»,— дейишди. Шунда Пилат уларга: «Қабрга муҳр босиб, соқчиларни қўйинглар»,— деб айтди.
Орадан уч кун ўтиб, эрта тонгда баъзи аёллар қабр бошига келишди. Қарашса, тош четга юмалатиб қўйилган экан. Қабр ичида эса бир фаришта аёлларга: «Қўрқманглар, Исо тирилди. Боринглар, шогирдларига уни Жалилада кутиб олишни айтинглар»,— деди.
Бу пайт магдалалик Марям Бутрус ва Юҳаннонинг ёнига югуриб кетди. Марям уларга: «Кимдир Исонинг танасини олиб кетибди!» — деб айтди. Бутрус билан Юҳанно қабр бошига югуриб боришди. Улар қабр бўм-бўш эканини кўриб, уйга қайтишди.
Марям қабр бошига қайтганида, ичкарида иккита фаришта ўтирганини кўриб қолди. Шунда у фаришталарга: «Ҳазратимни олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмайман»,— деди. Сўнг Марям битта кишини кўриб қолиб, уни боғбон деб ўйлади ва ундан: «Тақсир, уни қаерга қўйганингизни айтинг»,— деб сўради. Аммо ўша киши: «Марям!» — деганида Марям бу Исо эканини тушунди ва: «Устоз!» — дея уни қучоқлаб олди. Исо эса унга: «Бориб, биродарларимга мени кўрганингизни айтиб беринг»,— деди. Марям ўша заҳоти шогирдларнинг олдига бориб, Исони кўргани ҳақида гапириб берди.
Ўша куни иккита шогирд Қуддусдан Эммаус деган қишлоққа кетаётганди. Йўл-йўлакай бир киши уларга қўшилиб, нима ҳақда гаплашиб келаётганини сўради. Улар: «Наҳотки эшитмаган бўлсангиз? Бундан уч кун олдин бош руҳонийлар Исони ўлдиришди. Энди эса айрим аёллар уни тирик деб айтишяпти!» — деб жавоб беришди. Ўша киши: «Сизлар пайғамбарлар айтган гапларга ишонмайсизми? Ахир улар
Масиҳ ўлиши ва тирилиши ҳақида айтган-ку»,— деди. У йўл-йўлакай Муқаддас Китобни тушунтириб кетди. Эммаусга етиб келгач, шогирдлар ўша кишидан улар билан қолишни сўрашди. Кечки овқат пайтида у нонни синдириб дуо айтгач, шогирдлар бу Исо эканини тушунишди. Сўнг Исо кўздан ғойиб бўлди.Бу иккита шогирд шошилиб Қуддусга, ҳаворийлар йиғилган уйга борди ва бўлиб ўтганларни айтиб берди. Улар ичкарида бўлганида ораларида Исо пайдо бўлди. Бошида ҳаворийлар бу Исо эканига ишонишмади. Шунда Исо: «Қўлларимга қаранглар, мени ушлаб кўринглар. Муқаддас Ёзувларда Масиҳ тирилиши ҳақида айтилган-ку»,— деди.
«Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди». (Юҳанно 14:6)