71- ДАРС
Яҳова Исони ҳимоя қилади
Исроилнинг шарқидаги бир мамлакатда яшовчи одамлар юлдузларнинг йўл кўрсатишига ишонишарди. Бир куни кечаси ўша одамлардан баъзилари осмонда юлдуздай ярқироқ бир нарса ҳаракатланаётганини кўрди ва унинг орқасидан эргашди. Бу «юлдуз» уларни Қуддусга олиб борди. Улар одамлардан: «Яҳудийларнинг шоҳи бўладиган чақалоқ қаерда? Биз унга таъзим қилгани келдик»,— деб сўрашди.
Янги шоҳ ҳақида эшитиб, Қуддус шоҳи Ҳироднинг тинчи бузилди. У бош руҳонийлардан: «Бу шоҳ қаерда туғилиши керак эди?» — деб сўради. Улар: «Пайғамбарлар башоратига кўра, у Байтлаҳмда туғилиши керак»,— деб жавоб беришди. Шунда Ҳирод Шарқдан келган одамларни чақиртириб, уларга: «Байтлаҳмга бориб, болани топинглар. Қайтиб келгач эса унинг қаердалигини менга айтиб беринглар. Мен ҳам унга таъзим қилмоқчиман»,— деб айтди. Аммо бу ёлғон эди.
«Юлдуз» яна ҳаракатлана бошлади. У Шарқдан келган одамларни Байтлаҳмга бошлаб борди ва бир уйнинг тепасида тўхтади. Улар ичкарига кириб, Исо билан унинг онаси Марямни кўришди. Улар болага таъзим қилиб, олтин, хушбўй смола ва мирра совға қилишди. Бу кишиларни Яҳова юборганмиди? Йўқ.
Ўша куни кечаси Яҳова Юсуфнинг тушига кириб: «Ҳирод Исони ўлдирмоқчи. Хотининг билан ўғлингни олиб, Мисрга қоч. Сенга бирор нарса айтмагунимча ўша ерда қол»,— деб айтди. Юсуф ўша заҳоти оиласи билан бирга Мисрга йўл олди.
Яҳова Шарқдан келган одамларга Ҳироднинг олдига қайтиб бормасликни айтди. Улар қайтиб келмаслигини тушуниб, Ҳироднинг жаҳли чиқди. Исони тополмагач, у Байтлаҳмдаги Исонинг ёшида бўлган барча ўғил болаларни ўлдиришни буюрди. Аммо Исо Мисрда, хавф-хатардан узоқда эди.
Вақт ўтиб Ҳирод ўлди. Яҳова Юсуфга: «Энди орқага қайтсанг бўлади»,— деб айтди. Юсуф Марям билан Исони олиб, Исроилга қайтди ва улар Носира деган шаҳарда яшай бошлашди.
«Оғзимдан чиққан сўз... натижасиз Менга қайтмайди... Қайси мақсадда юборган бўлсам, тўлиқ бажо келтиради». (Ишаё 55:11)