Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

67- ДАРС

Қуддус деворлари

Қуддус деворлари

Эзранинг даврида Нахимиё исмли исроиллик киши бор эди. У шоҳ Артаксерксга хизмат қиларди ва Форс шоҳлигининг Суза шаҳрида яшарди. Бир куни Нахимиёнинг биродари Яҳудодан ёмон хабар билан келди. У: «Қуддусга қайтган халқ хавф остида яшаяпти. Бобилликлар вайрон қилган шаҳар деворлари ва дарвозалари ҳалигача қайта қурилмаган»,— деб айтди. Нахимиё буни эшитиб хафа бўлди. У ёрдам бериш учун Қуддусга боришни истади ва шоҳ уни қўйиб юбориши ҳақда Яҳовага ибодат қилди.

Бир куни шоҳ Нахимиёнинг ғамгин эканини сезиб қолди. У Нахимиёга: «Хафаҳол юрганингни аввал ҳеч кўрмагандим. Нима бўлди?» — деди. У шоҳга жавобан: «Она шаҳрим Қуддус вайрон бўлиб ётгани учун қаттиқ қайғуряпман»,— деб айтди. Шоҳ ундан: «Нима истагинг бор?» — деб сўради. Нахимиё шу заҳоти ичида ибодат қилди. Кейин шоҳга: «Илтимос, Қуддусга бориб деворларини қайта тиклашимга рухсат беринг»,— деди. Шоҳ Артаксеркс Нахимиёга кетишга рухсат берди ва Қуддусга эсон-омон етиб олиши учун ғамхўрлик қилди. Шунингдек, у Нахимиёни Яҳудога ҳоким этиб тайинлади ва шаҳар дарвозалари учун унга ёғочлар берди.

Нахимиё Қуддусга етиб келганидан сўнг, шаҳар деворларини кўздан кечирди. Кейин руҳонийлару бошлиқларни йиғиб уларга: «Аҳволимиз оғир. Ишни бошламасак бўлмайди»,— деб айтди. Халқ бунга розилик билдирди ва деворларни қайта қуришни бошлаб юборди.

Лекин исроилликларнинг душманлари уларнинг устидан кулиб: «Сизлар қураётган деворни ҳатто тулки ҳам қулата олади»,— дейишди. Аммо ишчилар уларнинг мазах қилишига эътибор бермай, қурилишни давом эттиришди. Девор кундан-кунга баланд ва мустаҳкам бўлиб борарди.

Шу сабабли уларнинг душманлари ҳар томондан келиб, Қуддусга тўсатдан ҳужум қилмоқчи бўлишди. Яҳудийлар буни билиб қолиб, қўрқиб кетишди. Аммо Нахимиё уларга: «Қўрқманглар, Яҳова биз билан»,— деди. У ишчиларни ҳимоялаш мақсадида қўриқчилар тайинлагани учун душманлар ҳужум қила олишмади.

52 кун деганда шаҳар деворлари ва дарвозалари қуриб битказилди. Қурилиш тугаганини нишонлаш учун Нахимиё Қуддусга барча левиларни йиғди. У левиларни иккита қўшиқчилар гуруҳига ажратди. Улар Булоқ дарвозаси ёнидаги зинапоядан девор устига кўтарилишди. Иккита гуруҳ икки томонга шаҳар бўйлаб девор устидан юриб кетди. Улар карнайлар, зиллар ва арфалар чалиб, Яҳовага қўшиқлар куйлашди. Биринчи гуруҳнинг олдида Эзра, иккинчи гуруҳнинг олдида эса Нахимиё борди. Бу иккита гуруҳ маъбад олдида учрашди. Бутун халқ — эркаклар, аёллару болалар Яҳовага атаб қурбонликлар келтириб, байрам қилишди. Уларнинг хурсандчилиги узоқларгача эшитилиб турди.

«Сенга қарши ясалган ҳеч бир қурол ғалаба қозонмайди». (Ишаё 54:17)