59- ДАРС
Яҳовага бўйсунган тўртта ўспирин
Шоҳ Навуходоносор Бобилга Яҳудонинг шоҳлар ва асилзодалар наслидан бўлган одамларни келтириб, уларнинг устидан Ашнапазни бош қилиб қўйди. Навуходоносор Ашнапазга улар орасидан энг соғлом ва ақлли ёш йигитларни танлаб олишни айтди. Танланган йигитларга уч йил таълим берилиши керак эди. Бу таълим уларни шоҳ саройида муҳим вазифаларни бажаришга тайёрларди. Бу ўспиринлар бобилликлар гаплашадиган аккад тилида ўқишни, ёзишни ва гапиришни ўрганишлари зарур эди. Шунингдек, улар шоҳ ва саройдагилар тановул қиладиган таомларни ейиши керак эди. Ўспиринлардан тўрттасининг исми қуйидагича: Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё. Ашнапаз уларга янги бобилча исмлар берди: Белташазар, Шадрах, Мешах ва Абеднаху. Бу тўртта ўспирин таълим
олаётганида Яҳовага хизмат қилмай қўйдими?Улар Яҳовага бўйсунишга қатъий қарор қилди. Улар шоҳ дастурхонидаги таомларни ейиш мумкин эмаслигини биларди. Чунки Яҳованинг Қонуни бўйича айрим ҳайвонларни ейиш тақиқланган эди. Шунда улар Ашнапазга: «Илтимос, шоҳ дастурхонидаги таомларни ейишга бизни мажбурламанг»,— дейишди. Ашнапаз эса: «Агар бу таомларни емасангиз ва шоҳ нимжонроқ эканингизни кўрса мени ўлдиради!» — деди.
Дониёрга бир фикр келди. У Ашнапазга: «Илтимос, бизга ўн кун давомида сабзавот ва сув беринг. Сўнг шоҳ дастурхонидан таом еган ўспиринлар билан солиштириб кўринг»,— деб айтди. Ашнапаз рози бўлди.
Ўн кунлик синовдан сўнг, Дониёр ва унинг учта дўсти бошқа барча ўспиринларга қараганда соғломроқ кўринди. Уларнинг итоаткорлиги Яҳовага жуда ёқди. Яҳова ҳатто Дониёрга ваҳий ва тушларни тушуниш учун донолик берди.
Таълим ўз ниҳоясига етгач, Ашнапаз ўспиринларни Навуходоносор олдига олиб келди. Шоҳ улар билан гаплашиб, Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё бошқа ўспиринларга қараганда ақлли ва зийракроқ эканини кўрди. Шундай қилиб, шоҳ бу тўртта ўспиринни ўзининг саройида хизмат қилиш учун танлади. Шоҳ муҳим масалалар борасида улардан тез-тез маслаҳат сўраб турарди. Яҳова бу тўртта ўспиринни шоҳнинг барча донишманд ва афсунгарларидан донороқ қилди.
Ўзга юртда бўлишса-да, Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё Яҳованинг халқидан эканини унутмаган. Ота-онангиз олдингизда бўлмаса-да, сиз ҳам доим Яҳовани ёдда тутасизми?
«Ҳеч ким сени ёш деб камситмасин. Аксинча нутқда, хулқ-атворда, севгида, имонда ва покликда ишончли кишиларга ўрнак бўлгин». (1 Тимўтийга 4:12)