14- ҚИСМ
Аллоҳ пайғамбарлари орқали гапиради
Ҳукмлари, пок топиниш ва Масиҳ билан боғлиқ бўлган хабарларни халққа етказиш учун Тангри Яҳова пайғамбарларни тайинлайди
ИСРОИЛ ва Яҳудода шоҳлар бошқарган даврларда пайғамбарлар бўлган. Улар Худонинг хабарларини эълон этиш учун кучли имон ва жасоратга эга эдилар. Пайғамбарлар одамларга етказган тўртта муҳим мавзуга эътибор қаратайлик.
1. Қуддуснинг вайрон қилиниши. Тангрининг Ишаё ва Еремиё исмли пайғамбарлари, Қуддуснинг вайронага айланиши ва кимсасиз қолишини олдиндан башорат қилишган эди. Ушбу шаҳар нега Худонинг қаҳрига йўлиқишини улар ёрқин тарзда тасвирлаб беришган. Қуддус шаҳри сохта динга хос қилмишларга, бузуқликка ва зўравонликка тўлиб-тошгани учун, Яҳовага топиниш маркази бўла олмасди (4 Шоҳлар 21:10–15; Ишаё 3:1–8, 16–25; Еремиё 2:1–3:13).
2. Пок топинишнинг тикланиши. Аллоҳнинг халқи, Бобилдаги 70 йиллик асирликдан сўнг озод этилади. Улар кимсасиз қолиб кетган она юртига қайтиб, Қуддусдаги Яҳованинг маъбадини тиклашади (Еремиё 46:27; Амос 9:13–15). Бундан тахминан 200 йил аввал Ишаё пайғамбар, шоҳ Кир Бобилни босиб олиб, Худонинг халқига пок топинишни тиклашга рухсат беришини каромат қилганди. Пайғамбар шунингдек, Кир шаҳарни босиб олишининг тафсилотларини ҳам айтиб берганди (Ишаё 44:24–45:3).
3. Масиҳнинг келиши ва унинг ҳаёти. Масиҳ Байтлаҳм шаҳрида дунёга келиши керак (Михо 5:2). У камтарин Шоҳ бўлиши, Қуддусга эшакка миниб келганидан кўринади (Закариё 9:9). Гарчи Масиҳ мулойим ва меҳрибон бўлса-да, кўплар уни рад этишади (Ишаё 42:1–3; 53:1, 3). У шафқатсизларча ўлдирилади. Қизиқ, шу билан унинг ҳаёти якунланадими? Йўқ, негаки, унинг қурбон бўлган ҳаёти кўпларнинг гуноҳи кечирилишига имкон яратади (Ишаё 53:4, 5, 9–12). Бу учун эса, у тирилиши крак эди.
4. Масиҳнинг ер юзи устидан бошқаруви. Ҳақиқатан ҳам номукаммал инсонлар ўзларини тинч йўл билан бошқара олишмас экан. Бироқ, Масиҳ «Тинчлик шаҳзодаси» деб аталади (Ишаё 9:6, 7; Еремиё 10:23). Унинг ҳокимияти остида, одамлар ва ҳатто ҳайвонлар орасида тинчлик-хотиржамлик ҳукм суради (Ишаё 11:3–7). Касалликлар ҳам бўлмайди (Ишаё 33:24). Ҳатто ўлим буткул йўқ қилинади (Ишаё 25:7). Масиҳнинг бошқаруви даврида ўлган инсонлар тирилиб, ер юзида яшашади (Дониёр 12:13).
Ишаё, Еремиё, Дониёр, Амос, Михо ва Закариё китобларига асосланган.